Авиагоризонт – ҳақиқий уфқ (горизонт) вазиятини кўрсатувчи гироскопик асбоб. Авиагоризонт самолёт ёки бошқа учиш аппаратининг кўндаланг ва бўйлама оғиш бурчакларини кўрсатади. Ротори гироскоп билан боғланган мил (стрелка) сун’ий уфқни кўрсатиб туради. Ротор ўқи тик вазиятда бўлганда мил горизонтал вазиятни эгаллайди. Учувчи авиагоризонт шкаласидаги самолёт қиёфаси (силуэти)нинг сун’ий уфқ милига нисбатан олган вазиятига қараб, самолётнинг ҳақиқий уфққа нисбатан вазиятини аниқлайди. Дастлаб, пневматик (ҳаволи) гироскоп ва тузатиш киритувчиси бўлган авиагоризонт қўлланган, ҳозир электр гироскоп ва тузатиш киритувчили авиагоризонт ишлатилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил