Azim Hojiyev
Азим Ҳожиев (1933.18.12, Тошкент вилояти Тошкент тумани) – тилшунос. Ўзбекистон Фанлар Академияси академик (2000), Ўзбекистон Республикаси фан арбоби (2000), филология фанлари доктори (1968), профессор (1977). Ўрта Осиё университетининг филология факултетини тугатган (1956). Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтида кичик, катга илмий ходим (1959–69), бўлим мудири (1969-90), директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари (1969–73; 1985-90), бош илмий ходим (1998-йилдан). Ўзбекистон Фанлар Академияси Тилшунослик институтининг директори (1991–98), айни пайтда "Ўзбек тили ва адабиёти" журналнинг бош муҳаррири. Ҳожиевнинг илмий ишлари ўзбек тили графикаси ва имлоси, морфологияси (хусусан феъл туркуми) ва сўз ясалиши, лексикологияси ва лексикографияси, терминологиясига, ҳозирги ўзбек тилининг шаклланиш ва ривожланиш тарихига бағишланган. Ўзбек тилшунослиги тарихида алоҳида ўрин тутадиган "Ўзбек тили грамматикаси" (1–2 ж.лар, 1975–76), "Ҳозирги ўзбек адабий тили. 1-қисм" (1980), 2 ж.ли "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" (1981), "Ўзбек тили лексикологияси" (1981) ва бошқа илмий асар, дарслик, луғатлар Ҳожиев иштирокида тайёрланган. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги, "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги қонунларини амалга ошириш мақсадида янги алифбо асосида яратилган "Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари" ва "Ўзбек тилининг имло луғати" (1995) ҳам Ҳожиев раҳбарлиги ва иштирокида тузилган. Ҳ. ҳозирги кунда нашрга тайёрланаётган 4 ж.ли "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"нинг асосий тузувчиларидан.
Адабиётлар
- Ўзбек тилида қўшма, жуфт ва такрорий сўзлар. Т., 1963;
- Ўзбек тили синонимларининг қисқача луғати, Т.. 1963;
- Ўзбек тилида кўмакчи фсъллар. Т., 1966;
- Тўлиқсиз феъл, Т., 1970;
- Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғати, Т., 1974;
- Ҳозирги ўзбек тилида форма ясалиши, Т, 1979;
- Ўзбек тилида сўз ясалиши, Т, 1989;
- Термин танлаш мезонлари, Т., 1996;
- Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати, Т., 2002.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |