Bachadon
Бачадон ёки матка (бача — „бола“ + -дон; лотинча: утерус, юнонча: ὑστέρα) — аёлларда ва урғочи сут эмизувчи ҳайвонларда ҳомила ўсиб ривожланадиган ички орган.
Инсонларда

Аёлларда бачадон сийдик пуфаги орқасида, тўғри ичак олдида жойлашган бўлади. Бола кўриш ёшидаги аёлда бачадон ўртача 7.5 см узун, 5 см кенг ва 2.5 см чуқур бўлади[1]. Соғлом бачадон тўнкарилган нок шаклида бўлади, ичи бўш ва атрофи қалин мускуллар билан ўралган бўлади. Ҳар бири тухум билан тўлдирилган тухумдонларга туташган иккита трубка маткага юқори икки томондан уланиб туради.
Бачадоннинг танаси, туби ва бўйни бўлади. Бачадон танаси ва туби қовуқ юзаси билан қовуқ устида олдинга бир оз букилиб жойлашган, орқа юзаси тўғри ичакка юзма-юз туради. Бачадон бўйнининг бир қисми қин ичига кирган бўлиб, шу ерда бачадон тешиги қинга очилади.
Бачадон девори ички — шиллиқ қават (эндометрий), ўрта — мускул қават (миометрий) ва ташқи — сероз қават (қорин пардаси)дан иборат. Шиллиқ қават бачадон найлари шиллиқ қаватининг давомидир. Бачадон ичида шиллиқ қават бурмалари йўқ, асосан майда безлар учрайди. Шиллиқ қават бачадон бўйнида қалинлашиб, бурмалари ва шиллиқ безлари бўлади, у ҳар ойда ҳайзга тайёрланади; бунда бачадоннинг юза жойлашган шиллиқ қавати марказий нерв системаси ҳамда гипофиз ва тухумдондан ажралган гормонлар (фолликулин, прогестерон) таъсирида қалинлашади, ҳар ойда бир марта кўчиб, қон билан ажралади.
Мускул қават яхши ривожланган, қон томирларга бой силлиқ мускул уч қават бўлиб жойлашган. Сероз қават бачадон олди ва орқа юзаларини қоплаб, икки ёнбошида кенг бойлам ҳосил қилади; шу бойлам оралиғида бириктирувчи тўқима қатлами (параметрий) бўлади.
Бачадон бўшлиғи учбурчак шаклда бўлиб, уни катта-кичик бир неча бойлам ва чаноқ тубининг мускуллари ўз ўрнида ушлаб туради. Бачадон бўйнининг ички юзаси шиллиқ қават бурмаларидан иборат бўлиб, силиндрсимон эпителий билан қопланган; бўйин деворидаги безлар секрет чиқаради; у ишқорий реаксияга, бактерицид хусусиятга эга. Унинг бу хусусияти бачадонга инфексия тушишига йўл қўймайди; бундан ташқари, сперматозоиднинг ҳаракатчанлигини ошириб, унинг бачадонга киришини таъминлайди.
Бачадон анча ҳаракатчан бўлиб, қовуқ ҳамда тўғри ичак тўлганда, ҳомиладорликда ва бошқа физиологик ҳолатларда ўз шаклини осон ўзгартира олади. Ҳомиладорликда мускул толаларининг йўғон тортиши ва янги толалар пайдо бўлиши ҳисобига бачадон катталашади. Ҳомила туғилгач бачадон қисқаради ва янги толалар йўқолиб кетади.
Туғруқдан кейин тезда жисмоний иш қилганда чаноқ тубининг мускуллари ва бошқа бойламлари бўшашиб, бачадон тушиши мумкин[2].
Ҳайвонларда
Урғочи ҳайвонларда бачадон найлари кенгайган бўлиб, ҳомилани сақлай олади; шу сабабли улар кўп болалайдилар. Айрим чувалчанглар, бўғимоёқлилар, моллускалар ва бошқаларда бачадонга ўхшаш тузилмалар бор, шунингдек сувда ва қуруқда яшовчилар, баъзи судралиб юрувчилар ва барча сут эмизувчиларда бачадон ўзига хос тузилишга эга. Бачадонда тухум ёки пушт ривожланади. Тухум қўядиган ҳайвонларнинг етилган тухум ҳужайраси бачадонда вақтинча жойлашади[3].
Манбалар
Адабиётлар
- Аҳмедов Н. К., Шомирзаев Н. Ҳ., „Нормал ва топографик анатомия“, Т., 1991
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |