Бадаш тарихи

Ўзбекистон Республикасининг жанубида, яъни Сурхондарё вилоятида мусиқанинг бадаш деб номланган йўналиши мавжуд бўлиб, ушбу йўналиш кўп асрлар давомида Кўҳитанг тоғининг марказида яшовчи аҳоли томонидан ижро этиб келинган[1].

Бадашни Ўрта Осиё ҳудудида фақат Боғлидара, Тангидевон, Хатак, Хўжанқон, Бедак, Зарауцой қишлоқлари аҳолиси ХХ аср ўрталарига қадар ижро этиб келишган. Кўҳитангтоғ ҳудуди аҳолисининг ҳаёти ва турмушида доира бадаши асосий тур бўлган ва у бошқа ҳудуддаги доира усулларидан анча фарқ қилиши билан ажралиб турган дейиш мумкин.

Бадаш санъатининг илдизлари қадимий туркий аждодлар даврига бориб тақалади. Бадаш атамаси қадим туркийларда ўзаро мулоқот-муомаласида ишлатилган бадар сўзи билан боғлиқ. Бадар „енгил шовқин“; „урмоқ“; бадар қïл — „мушт билан урмоқ“ каби маъноларни англатади[2].

"Бадаш" фолклор-этнографик ансамбли иштирокчилари. Сурхондарё вилояти, Ангор тумани

Бадаш усуллари

Бадаш — оҳанг, куй, нола, нағма (наъма) сингари тўрт усулнинг биргаликда даф (доира) орқали ифодаланишидан ҳосил бўлади. Ҳар бир усул бир нечта қисмдан ташкил топади.

Оҳанг — болалар, йигит-қизлар, барча ёшдаги эркагу-аёлнинг овоз чиқариб қўшиқ айтишини оҳанг дея тушунилади. Ижрочилар ёши ва жинсига қараб жами 6 қисмдан таркиб топади.

Куй — танбур, чанг, рубоб, дутор, афғон рубоби, қонун ва бошқа чолғу асбоблари воситасида чалинса, бу куй бўлади. Мусиқа асбоблари сонига қараб, у ҳам олти қисмдан ташкил топади.

Нола — оғизга қўйиб чалинадиган мусиқа созлари — чанқовуз, сибизиқ (сибизға), хушпуллоқ (лойдан ясалган оғиздан пуфланиб айтилувчи чолғу асбоби) ва най воситалари орқали ижро этилади. Баъзан чанқовуз ноласи ёки най ноласи деб ҳам аталган. Нолада ишлатиладиган мусиқа асбоблари сонига қараб, тўртта қисмдан ташкил топган деб айтиш мумкин.

Нағма (наъма) — дўмбира, рубоб, ғижжакнинг чалинишидан ҳосил бўлади. Нағма учта қисмдан ҳосил бўлади.

Бадаш ноталари

Бадашда ўзига хос „нота“лар бўлган. Доира бадашида бу вазифани „биж-дон-ба, биж-дон-биж“ дейиладиган ўзига хос „шартли нота“лар бажаради.

Бадашда турклардаги қам (шаманизм) дини белгилари яққол сезилади. Чунончи, бадашдаги иждиби, биж, бодиба сингари оҳанглар қадимги туркийча бедüк — „улкан“, „катта“, беδü — „улуғланмоқ“, „кўтарилмоқ“, беδüк — „юксак“, бўгü — „доно“, иди — „хўжайин“, иδи — „эгам“ (Худо), їдуқ — „муқаддас“, „авлиё“[3] сингари маъноларни англатади. Ушбу оҳангларнинг қадимги маънолари — „Тангри“, „юксаклик“, „Тангрининг жамолига эришиш“. Шу йўл билан бадаш исломиятдан олдин халқ дилидаги орзу-ниятларни Худога етказишга интилган.

Миллий ўйинлар, ватанпарварлик, мерганлик билан боғлиқ бадашларда бода, бодба, бодом оҳанглари ишлатилади. Бу оҳанглар қадимги туркийча бодун — „аҳоли“, „халқ“, „халқ оммаси“ сингари тушунчаларни беради[4]. Тоштарошлик ва умуман тош йўниш билан боғлиқ ҳунармандчилик турларида бол, болбол оҳанглари учрайди. Қадимги туркийча бол — „содир бўлмоқ“[5], балбал — „маросим тоши“, „тош ҳайкал“[6] маъносини англатади.

Бадашни ижро этиш қоидалари

Бадашда аёлларнинг иштирок этиши асосий қоида эди. Бадаш тарқалган қишлоқларда барча аёллар моҳир доирачи бўлишган. Хатак элида доира чалишни билмаган аёл тузук одам ўрнида кўрилмаган, ҳатто буни қўрс-жоҳиллик аломати ёки одобсизлик деб ҳам аташган. ХХ аср бошларига қадар бадаш маросимларини тўла эгалламаган ва чанқовуз чалишни билмаган қизларга совчи жўнатилмаган. Бундай қизлар вояга етмаган деб ҳисобланган. Шу сабабки, оилада нечта аёл бўлса, ўшанча доира сақланган ва қизлар болаликдан доира чалишга ўргатиб борилган.

"Бадаш" фолклор-этнографик ансамблининг байрамда иштирок этиши

Бадаш санъати Наврўз ва ҳосил байрамларида, суннат ва никоҳ тўйларида ижро этилган. Бунинг учун олдиндан текис катта майдон тайёрлаб қўйилган. Кеч бўлганида майдон ўртасида катта гулхан ёқилган. Майдоннинг эркаклар жойлашган томонида кураш, яъни олиш мусобақаси ўтказилган. Аввал ёш болалар, сўнгра ёши катталар даврага тушиб куч синашган. Майдоннинг бошқа томонида эса, аёллар тўла айлана шакл ҳосил қилиб бадаш ижро этишган. 30–40 ва ҳатто 50 тагача аёл бирваракайига доира чалишган. Доиралардан бир такт бўлиб чиқаётган текис, салобатли зарблар киши руҳиятига ўзгача таъсир қилиб, унинг кайфиятини кўтарган. Бармоқ ва кафтлар зарбидан доира теграсидаги саноқсиз нуқра ва мис халқачалар тиниқ жаранглаб доира бадашининг жозибасини янада оширишда хизмат қилган. Доиралардан маромли ритмда таралган жозибали ва жарангдор биж-дон-ба, биж-дон-биж садолари узоқ-узоқларга эшитилиб туради. Доира бадаши оҳанглари ичда айтилади ва зарбларга монанд қайта-қайта такрорланаверади.

Ўтириш бадаши. „Бадаш“ фолклор-этнографик ансамбли

Никоҳ тўйларида эса, бадаш бошқачароқ ўтказилган. Унда келин куёвнинг уйига отда олиб кетилаётган вақтда бадашчи аёллар худди параддагидек уч-тўрт қатор бўлиб туришган ва куёвнинг уйига қадар доира чалиб боришган.

Бадаш билан боғлиқ байрам-тўйларда қарсак чалиш одати йўқ эди. Негаки, фақат мотам маросимида, яъни ўлган одамнинг майити устида аёллар қарсак чалиб йиғлаганлар. Қарсак мотам удуми бўлганидан бадашда ишлатилмаган.

Бадаш турлари

Қўш ҳайдаш бадаши — Наврўз ва ҳосил байрамларида айтилади. Халқ ўз вақтида экин-тикин қилишга чорланган. У энг қадимги бадаш тури ҳисобланади.

Катта бадаш — бадашнинг қадимги, шу билан бирга оғир тури ҳисобланади. Баъзан сумалак қўйиш бадаши ҳам дейилади. Катта бадаш кўпроқ Наврўз ва ҳосил байрамларида ижро этилган. Унинг асосий мақсади, халқни дўстликка, бирликка, аҳилликка, меҳнатга, тинч-тотув яшашга, ўз юртини жону дили билан ҳимоя қилишга чақиради.

Нон ёпиш — бадашнинг асосий турларидан бири. Иккинчи номи новвой бадаш. Унинг бош вазифаси буғдойни вақтида экиб уни ўриш, оғир вақтларда эса йўлини топиб, ҳатто тоғнинг тепасига чиқиб бўлса ҳам ғалла экишни ўргатиш. Новвойликни фахрли касб деб улуғлайди. Одамларни якдилликка, аҳил бўлиб яшашга, меҳмондорчилик қоидалари-га риоя қилишга чақиради.

Темирчи бадаши — қадимдан етиб келаётган темирчилик касбини ўргатиш, уни келажак авлодларга етказиш кўзлангандир. Бадашни бошқариб турган онахон темирчи бадашнинг мақсад–вазифаси ва қоидасини тушунтириб берган.

Уй қуриш (ўтов) бадаши — халқни уй-жой қуришга, бунёдкорлик билан шуғулланишга чақиради. Уйсозларни ҳурмат қилишни ўргатади. Фарзандлари учун туғилганидан бошлаб уй қуриши лозимлигини эслатади.

Тегирмон бадаши — қадимги бадаш турларидан бири. Аҳолини тегирмон қуриш ва ун билан таъминлашга чақирган.

Пилла бадаш — асосий эътиборни халқнинг ораста кийинишига қаратади. Масалан, пахтадан тўқилган бўз, олача кийимлар далада ишлаш учун қулай бўлса, ипак, шойи тўй-ҳашамларда ярашган. Шунинг учун бадаш ипак қурти боқиб, пилла олишга халқни чақиради.

Араз бадаш (баъзан қудалар айтишуви ҳам дейилади) — Наврўз байрами ва никоҳ тўйларида ижро этилган.

Араз бадаш. „Бадаш“ фолклор-этнографик ансамбли

Яраш бадаш — араз бадашдан кейин куйланади. Вазифаси — одамларни меҳр-оқибатга, аҳил-иноқ яшашга чорлаш маъносини англатади. Яраш бадашда икки доирачи қўлларини бир-бирларининг қўлтиғидан ўтказиб доирани чалади. Баъзан доираларини бир-бирларига худди уриштираётгандек қилиб кўрсатишади. Гоҳида ярашганликларининг белгиси сифатида бир-бирига орқа томондан елка қўйиб доира чалишган. Бир киши қўшиқ айтган.

Куёв келди бадаши — келиннинг уйига куёв келган вақтда ижро этилади. Унинг вазифаси келинни сепи билан олиб кетиш маросимини тўла ифода этишга қаратилган бўлган. Бадаш айтувчи келин-куёвнинг ота-онасига никоҳ тўйининг қоида ва расм-русумларини тушунтиради. Бошқалар ҳам эшитиб ибрат олиши учун куёв томоннинг вазифалари, урф-одатларга амал қилишнинг аҳамияти; келиннинг ота-онасига эса, қизининг тарбиясидан тортиб то бериладиган сепига қадар бирма-бир эслатади.

Ўйин бадаш — тўйларда ижро этилади. Халқни аҳилликка, тинчликка, дўстликка, меҳру- муҳаббатга, бирдамликка, ўйин-кулгуга чақиради. Бадашни ижро этиш жараёнида бир аёл қизларга атаб қўшиқ айтади, қизлар эса ўйинга тушади.

Чанқовуз бадаш — бадашнинг бу турида фақат чанқовуз иштирок этади. Уни чалиш услуби бошқа жойлардагидан фарқ қилган. Туркий уруғларда фақат ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғи билан чанқовуз чалинган бўлса, хатакликлар ўнг қўл кўрсаткич бармоғига қўшимча чап қўл чимчилоғи ҳамда номсиз бармоқни ҳам ишлатганлар.

Чанқовус бадаш. Бадаш фолклор-этнографик ансамбли

Кўпкари бадаш — бадашнинг қадимий турларидан бўлиб, халқни кўпкари ўтказиб туришга чақиради. Кўпкарида ўйин қоидалари, расм-русумлар, ирим-сиримлар тушун-тирилган. Маълумки, туркий халқларда кенг тарқалган кўпкари ўзбек халқининг ҳам севимли ўйини, энг катта томошаси ҳисобланади.

Полвон бадаш — бадашнинг қадимий турларидан бири. Ёшларни курашга тушишга чақирган. Халқ тилида у олиш дейилади.

Аскар бадаш — оналар ўз фарзандларини жангга кузатганларида куйлашган. Аскар бадашнинг қоидаси: 2-3 марта олд ёки орқа томонга юради. Нақоратда қўлларини икки ёнига айлантириб чалади.

Йўл бадаш — чолғусиз ижро этилган. Мазкур бадаш ўз фарзандини урушга кузатган оналар, эри жангга йўл олган келинлар томонидан айтилган.

Аскар қиз бадаши — бадашнинг қадимий турларидан бири. Унинг вазифаси ўз ватанини ҳимоя қилиб, халқини соғ-саломат сақлаш мақсадида жангга отланган аёллар ҳақида сўзлаб бериш.

Мерган бадаш — қадимий бадаш турларидан бири. Иккинчи номи овчи бадаш. Вазифаси мерганлар ҳақида сўзлаб бериш. Халқ орасида мерганлик маданиятини ёйиш. Мерганларнинг жамиятдаги ўрнини кўрсатиб беради, уларни ҳурмат қилишга чақиради.

Ҳозирги кунда ҳам Кўҳитанг ҳудудидаги Хатак қишлоғида бадаш маҳаллий халқ учун одоб-ахлоқ мажмуаси бўлиб қолмоқда. Сурхондарё вилоятида маданият, санъат ҳамда маданий туризм соҳасини ривожлантириш, шунингдек, миллий қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб этишга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган.

Ҳаволалар

Манбалар

  1. ↑ Икром Умаров. Бадаш: тарих ва ан’ана (Монография), Термиз «Сурхон-Нашр», 2018 й. 
  2. ↑ Древнетюркский словар. Ленинград, 1969, стр. 77. 
  3. ↑ Древнетюркский словар. Ленинград, 1969, стр. 91, 116, 203, 217. 
  4. ↑ Древнетюркский словар. Ленинград, 1969, стр. 108. 
  5. ↑ Древнетюркский словар. Ленинград, 1969, стр. 111. 
  6. ↑ Древнетюркский словар. Ленинград, 1969, стр. 80. 

Адабиётлар

7. Наргиза Рахматуллаева. Бадаш маънавият ва маданият сарчашмаси (Монография), Тошкент „Ренесанс“, 2022 й.[1]

8.Наргиза Рахматуллаева. Фолклёр ва шахс психологияси (Монография), Тошкент „Заковат Принт“, 2024 й.[1]

  1. ↑ 1,0 1,1 Манба хатоси: Инвалид <реф> таг; но техт wас провидед фор рефс намед :0