Бадавия, ал-бадавия (ёхуд аҳмадия) – суфийлик тариқати бўлиб унга Мисрда Аҳмад Бадавий асос солган.

Тариқат амалиётда қодирийлар ва рифоийларга яқин туради. Баъзи манбаларда рифоия ёки шозилиянинг бир қисми сифатида қайд этилган. Тариқат қароргоҳи, асосий зиёратгоҳ – Танто шаҳрида жойлашган. Бадавия тариқати тарафдорлари ўзига хос қизил рангли кийим, қизил хирқа ва 12 шокилали узун қалпоқ кийиб юрган, уларнинг байроқлари ҳам қизил рангда бўлган. Улар одатда чоршанба кунлари Тантодаги марказий зиёратгоҳда, махсус хоналарда ва Қоҳирадаги Ҳусайн масжидида жамоа бўлиб махсус қўшиқчи хониши ҳамда ноғора садоси остида давра бўлиб зикр тушганлар. Давра бўйлаб айланаётган зикр иштирокчилари вақти-вақти билан қўлларини олдинга чўзиб чуқур таъзим бажо келтириб туришган.

Бадавия тариқатида Миср халқининг қадимий ислом ва христианликдан аввалги диний эътиқодлари, урф-одатлари қоришиб кетган. Тарқалиши жиҳатидан шозилиядан кейинги ўринда турадиган ушбу тариқот Миср диний ҳаётида муҳим аҳамият касб этган ҳамда узоқ вақт мобайнида (ХХ асрнинг 50-йилларигача) Миср халқи орасида ўз таъсирини сақлаб келган. Аммо, Мисрдан ташқарида кенг тарқала олмаган. Фақатгина Истанбулда бир неча бадавий такяхонаси сақланиб қолган. Бадавия тариқатининг бошқарув асослари аниқ чегараланмаган. Жойлардаги маҳаллий хонақоҳ ва жамоа раҳбарлари тариқат раҳбарига итоат этиб, бази ҳолларда ундан фатво олганлар. 1333 йил тариқат асосчисининг вориси Солиҳ Абду-л-Ол вафотидан сўнг бадавияга раҳбарлик қилиш мерос бўлиб ўта бошлаган. Бадавиядан камида 15та тармоқ ажралиб чиққан, уларнинг айримлари (мас., дасуқия-бурҳония) мустақил тариқатга айланган. Тариқотда „илоҳий чўқинтириш“ куни ҳамда Нил дарёси сувининг кўтарилиши муддати билан боғлиқ яъни ҳосилдорликка бағишланган маросимлар штказиб турилган. Байрам саналари қадимий қибтий қуёш тақвимига қараб белгиланган. Байрамлар вақтидаги тартиб устидан бадавия аъзоларидан тузилган махсус қўриқчилар – Нуҳ авлодлари назорат юргизишган. Уларнинг белида ёғоч қилич, қўлларида арқон қамчин, бўйинларида турли рангдаги кўкраккача тушиб турувчи мунчоқ шодалари бўлган. Бош кийимларининг тепасида рангли тизимчалардан қилинган тутама (ўрам) бўлган. Бадавия тариқотидан қуйидаги шохобчалар ажралиб чиққан: саламия, инбаия, мунавия, сутуҳия ва байюмия, матлубия ва бошқалар [1].

Манбалар

  1. ↑ Усмонов, Олимов, Ё'лдашхо'джаев, Фахриддинов, То'йчиева, Жабборов, Чо'тмаматов, Раҳимов, Комилжонова, Каримова, Нурмуҳаммедов, Эркабоева, Жураев 2015, с. 29.

Адабиётлар

  • Усмонов И, Олимов С, Ё'лдашхо'джаев Ҳ, Фахриддинов З, То'йчиева Н, Жабборов Н, Чо'тматов Ж, Раҳимов К, Комилжонова З, Каримова С, Нурмуҳаммедов Д, Эркабоева Ф, Жураев О Турдиева Д.. Тасаввуф атамалари. Мовароуннаҳр нашриёти, 2015 — 360-бет. ИСБН 978-9943-12-346-5.