Бадминтон (Англиянинг Бадминтон шаҳри номидан) — патли копток (волан)ни ракетка билан уриб ўйналадиган теннисга ўхшаш спорт ўйини. Ўйин тўртбурчакли майдончада (яккама-якка учрашувларда майдонча ўлчови 13,4х5,2 м ва жуфтли ўйинларда 13,4х6,1 м) 1,55 м баландликда тортилган тўрда ўтказилади. Ўйинда рақиб урган коптокчани ерга туширмай унга қайтариш муҳимдир. 15 хол (аёллар ва болалар 11 хол) гача саналади. 3 ёки 5 қур ўйналади. Хол 0 ва жуфт бўлганда коптокча ўнгдан, тоқ бўлганда чапдан урилади. Жуфтли ўйинларда ўнг томондан бошланиб, ҳар холдан кейин ўйинчилар шериги билан ўрин алмаштиради. Б. қадимги Малайяда вужудга келган, кейинчалик Осиёдаги бошқа мамлакатларга тарқалган. ХИХ аср 70-йилларида Англияда расм бўлиб, ўйин қоидалари ишлаб чиқилгач Европанинг бошқа мамлакатларига ҳам ёйилди. Халқаро бадминтон федерацияси (ИБФ) 1934-йил ташкил топди, унга 80 дан ортиқ мамлакат аъзо (1991). 1977-йилдан жаҳон биринчилиги ўтказиб келинади. 1992-йилдан Олимпия ўйинлари дастуридан жой олди. Эркаклар учун Томас кубоги (1947-йилдан), аёллар учун Убер кубоги (1955-йилдан) энг йирик халқаро мусобақалар, Англиянинг очиқ биринчилиги (Уимблдон турнири) эса норасмий жаҳон чемпионата ҳисобланади. Б. Ўзбекистонда 50-йиллардан ривожлана бошлади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил