Бактерицид моддалар (бактериялар ва лотинча, cаэдо — ўлдираман), бактерисидлар — бактериялар ва бошқа микроорганизмларга таъсир кўрсатиб, уларни ўлдирадиган кимёвий моддалар. Замбуруғларни ўлдирадиган моддалар фунгицидлар, амёбаларни ўлдирадиган моддалар амёбоцидлар деб аталади ва ҳоказо. Кимёвий табиати ҳар хил бирикмалар: фенол, сулема, спирт, формалин, водород пероксид, калий перманганат, хлорли оҳак, хлорамин; газлардан: сулфит ангидрид, этилен оксид, метил бромид ва бошқа моддалар, шунингдек антибиотиклар Бактерицид моддалар га киради. Одам ва ҳайвонлар қонида ҳосил бўладиган антителолар ҳам бактерицид таъсир кўрсатади. Бактерияларнинг вегетатив шаклларини Бактерицид моддалар тез ўлдиради. Бактерицид моддалар дан баъзилари микроб ҳужайрасининг оқсилини денатуратлайди, баъзилари эса муайян фермент системаларига зарар етказади ва ҳоказо. Оқсиллар (йиринг , зардоб, сут ва бошқалар) иштирокида Бактерицид моддалар таъсири камаяди. Бактерицид моддалар тиббиёт амалиётида антисептик ва дезинфексияловчи модда сифатида, шунингдек юқумли касалликларни кимёвий усуллар билан даволаш ва олдини олиш учун ишлатилади.

Қишлоқ хўжалигида ўсимлик ва чорва моллари касалликларига қарши курашда фойдаланилади. Касалликнинг олдини олиш мақсадида уруғлик экишдан олдин мис ёки олтингугурт препаратлари билан упаланади. Даво Бактерицид моддалар (симоб препаратлари, фенолнинг азотли ҳосилалари) ўсимлик тўқималаридаги бактерияларга таъсир этади. Кўпгина Бактерицид моддалар сингиб таъсир этиш хусусиятига эга бўлиб, ўсимликка шимилади ва касаллик қўзғатувчйларни заҳарлайди. Айрим Бактерицид моддалар (мас, антибиотиклар ва бошқалар) баъзи ҳолларда ўсимликда кечадиган физиологик ҳамда биокимёвий жараёнларда иштирок этиб, ўсимликда сунъий кимёвий иммунитет пайдо қилади. Пахтачиликда Бактерицид моддалар дан мис трихлорфенолят (ТХФМ) гоммозга (уруғлик чигит пахта тозалаш заводларида бу препарат билан упаланади), фентиурам гоммоз, ғўзанинг илдиз чириш касаллиги ҳамда кемирувчи тўпламларга қарши курашда қўлланади.

Адабиётлар