Baliqlar

Балиқлар (Писcес) — умуртқалилар кенжа типининг катта синфи, жуда кенг тарқалган. Тузилиши, ҳаёт кечириши ва экологик хусусияти сув муҳитига жуда яхши мосланган. Балиқларнинг қадимги аждодлари лансетникка ўхшаш содда тузилган хордалилар бўлган. Тарихий ривожланиш давомида дастлабки хордалилардан жуфт сузгич қанотли ҳайвонлар пайдо бўлган. Улар йиртқич ҳаёт кечиришган. Балиқлар 2 турга бўлинади: 1-иссиқ қонли; 2-совуқ қонли иссиқ қонли балиқлар кўпроқ денгиз тубида яшайди. Ўлжа ахтариб фаол ҳаёт кечириши натижасида уларнинг нерв системаси ва сезги органлари ривожлана бориб йўл билан балиқлар келиб чиққан. Балиқлар сувда яшовчи хордали ҳайвонлар. Танаси икки ёндан сиқилган, тангачалар билан қопланган, учта тоқ, иккита жуфт сузгичлари бор. Жабра орқали нафас олади. Юраги икки камерали, қон айланиш системаси битта доирадан, нерв системаси бош мия ва орқа миядан иборат. Балиқ сезги органлари кўз, қулоқ, бурун, мўйлов ва ён чизиқлардан иборат. Балиқ узоқни кўролмайди. У бир метр узоқликдаги нарсаларни кўролади. Аммо ўроқсимон ўсимтанинг қисқариши туфайли у 12 метр узоқликдаги нарсанини ҳам кўра олади. Балиқ эшитиш органи ички қулоқдан иборат. Сув зич муҳитда бўлгани учун балиқ жуда яхши эшитади. У ҳатто қирғоқдаги қадам товушинини ҳам эшита олади. Ҳамма ҳайвон сигари унинг ҳам ҳид сезиш қобилияти кучли. Баъзи балиқларда мўйлов ҳам бор. Мўйлов ҳис туйғу вазифасини бажаради. Ён чизиқлар нерв ҳужайраларидан иборат. Ён чизиқлар орқали олдиндаги тўсиқларни, ҳаракатланаётган ўлжан бемалол сезади. Агар балиқ кўр бўлиб қолса, ён чизиқлар орқали бемалол яшай олади.
Балиқлар ҳақида тушунча (ЎзМЕдан)

Сувда тез сузадиган балиқнинг танаси чўзиқ суйри шаклда бўлганидан сувнинг қаршилигига камроқ учрайди. Секин сузадиган балиқнинг танаси япалоқ бўлади. Скелети тоғайдан (тоғайли балиқ) ёки суякдан (суякли балиқ) иборат. Жағлари яхши ривожланган. Балиқ танасини тўлқинсимон букиб ва ёзиб ҳаракатланади. Жуфт ва тоқ сузгичлари ҳаракатланаётганда танани бошқариш ва мувозанатини сақлаш вазифасини бажаради. Танаси кичикроқ ёки япалоқ шаклда бўлган балиқ жуфт сузгич қанотларини эшкак каби сувга уриши ёки тўлқинсимон ҳаракатланиши туфайли сузади. Балиқнинг танасини букиш хусусияти умуртқалар сонига ва териси сиртидаги тангачалар каттакичиклигига боғлиқ. Балиқ умуртқалари 16 тадан (ой балиқларда) 400 тагача (Янги Зеландия камар балиғида). Бош скелети яхши ривожланган, юз скелети тил ости ёйи ва бештача жабра ёйидан ташкил топган жағлардан иборат. Бош мияси ҳар хил даражада ривожланган. Акулаларда олдинги мия, мияча ва ҳидлов бўлими бўлади.
Суякли балиқларнинг олдинги мияси кичик, ўрта мия ва мияча нисбатан йирикроқ, икки хил нафас олувчиларнинг мия ярим шарлари ривожланган, миячаси эса кичик бўлади. Бош миясидан ўн жуфт нервлар чиқади. Таъм билиш органлари яхши ривожланган. Эшитиш органлари ички қулоқдан иборат, балиқ ҳар хил товушларни, шу жумладан ултратовуш тўлқинларини яхши эшитади. Урчиш даврида кўпчилик балиқ сузгич пуфак ёрдамида товуш чиқариш хусусиятига эга. Одатда 1 м гача масофадаги нарсаларни ажрата олади. Лекин кўздаги ўроқсимон ўсимтанинг қисқариши, кўз гавҳарининг ўзгариши туфайли 12 м гача узоқликдаги нарсаларни ажрата олиши мумкин. Сувнинг чуқур қатламларида ва ғор сувларида яшовчи балиқнинг кўзлари йўқолиб кетган. Балиқ ён чизиқ органлари ёрдамида яхши ориентация қила олади. Асосий нафас олиш органлари — жабралари умрбод сақланади. Айрим балиқда (полиптерус, сератод) жабра билан бир қаторда атмосфера ҳавосидан қўшимча нафас олиш органи — ўпка ҳам ривожланган. Анабас, гурами каби лабиринтли балиқ биринчи жабра ёйининг устида кичик бўшлиқ мавжуд. Балиқ ютган ҳаводаги кислород ана шу бўшлиқда жойлашган шилимшиқ парда билан қопланган юпқа суяк пластинкалар орқали капилляр томирларга ўтиб, қонни оксидлантиради.
Балиқнинг юраги икки камерали, яъни қоринча ва бўлмадан, қон айланиш системаси эса битта туташ доирадан иборат. Икки хил нафас олувчи балиқнинг юраги 3 камерали, юрак бўлмаси чала тўсиқ ёрдамида чап ва ўнг камераларга бўлинган. Кўпчилик балиқнинг буйраги, ҳазм системаси ривожланган. Йиртқич балиқнинг ичаги калта, ўтхўрлариники узун. Мас, ўтхўр дўнг пешона балиғининг ичаги танасига нисбатан 13 марта узунроқ. Жигар ва меъда ости безлари бор. Кўпгина балиқ ичагида овқат ҳазм қилишда иштирок этадиган пилорик ўсимтаси бўлади. Акула ва осётрсимонлар ичагида спирал клапани бор. Кўпчилик балиқнинг алоҳида анал ва сийдиктаносил тешиклари бўлади. Акулалар ва икки хил нафас олувчиларда клапани бўлади. Айириш органлари — мезонефросдан иборат. Мезонефрос умуртқа поғонаси ёнига ўрнашган. Балиқ айрим жинсли, баъзи турлари (тош олабуғаси) гермафродит. Балиқ турли ёшда вояга етади. Гамбузия ва тезсузар балиқ бир йилда, орол мўйловдори ва бакра балиқ 12— 14 ёшда, белуга 20 ёшда вояга етади. Кета ва горбуша каби балиқ ҳаёти давомида бир марта увилдириқ ташлайди. Кўпчилик балиқ (елес, нозайло) кўп йиллар давомида ҳар йили бир мартадан, бошқалари (зоғора, оқ кумуш, товон балиқ) йилига бир неча марта увилдириқ ташлайди. Айрим балиқ (чўртан, оқ қайроқ) баҳорда, кўпчилик балиқ (зоғора, оқ кумуш, мўйловдор ва бошқалар) баҳор — ёз ойларида, баъзилари (гулмой) кузда урчийди. Налим ва рипус қишда увилдириқ ташлайди. Тухумлари бир нечтадан (айрим акулалар) 300 млн.гача (ойбалиқ) етади. Бир қанча балиқ (гамбузия, айрим тоғайли балиқ) тирик туғиб кўпаяди.
Балиқ ҳар хил катталикда бўлади. Филиппин ороллари яқинида тарқалган пондако танасининг уз. 1 — 1,5 см, оғирлиги 1,5 г бўлса, энг йирик кит акуласининг уз. 15– 20 м га, оғирлиги 12 — 14 т га етади. Балиқнинг ёшини тангачалари ва баъзи суякларидаги йиллик ҳалқачаларига қараб аниқланади. Балиқ 1 — 2 йилдан (тезсузарлар) 100 — 120 йилгача (белуга) умр кўради. Амударё ва Сирдарёда тарқалган лаққа балиқ 50 — 60 йилга яқин яшайди. Озиқланиш усулига кўра балиқнинг оғзи ва тишлари ҳар хил тузилган. Балиқнинг фақат жағларида эмас, балки тил, танглай ва ҳалқумида ҳам тишлари бўлади (чўртан, карас). Балиқнинг тухумдан чиққан чавоқлари дастлаб сариқлик халтачаси ҳисобига озиқланади, кейинчалик сув ўтлари ва бир ҳужайрали ҳайвонлар билан озиқлана бошлайди. Йиртқич балиқ (лаққа, чўртан, олабуга) бошқа балиқ ҳамда жониворларни ейди. Зоғора, мой, мўйловдор балиқ ўсимлик ва хайвонлардан иборат аралаш озиқлар билан озиқланади. Балиқнинг ҳар хил рангда бўлиши улар терисидаги пигментли ҳужайралар — хромотофорларга боғлиқ. Хромотофорлар нерв таъсирида ташқи муҳит рангига мос равишда рангини ўзгартириш хусусиятига эга. Бу ҳодиса балиқнинг душманлардан сақланишида катта аҳамият касб этади.
Балиқ тана ҳарорати беқарор, совуққон жониворлардир. Тана ҳарорати деярли сув ҳароратига яқин, баъзан 0,5 — Г ортиқроқ бўлади. Серҳаракат балиқ тана ҳарорати муҳит таъсирида бир оз кўтарилиши, мас, тез сузаётган тунецда тана ҳарорати сувникидан 10 °C гача юқори бўлиши мумкин. Балиқ ҳар хил ҳароратли сувда яшашга мослашган. Тропик сувларда яшовчи балиқлар 31 °C гача бўлган сувларда, карп тишли балиқ Калифорниянинг 52 °C ли қайнар булоқларида ҳаёт кечиради.
Балиқлар 2 синфга: тоғайли ва суякли балиқга ажратилади. Кўпчилик турлари (96%) суякли балиқга киради. Озиқланиш усулига кўра плантофаглар, бентофаглар, детритофаглар, фитофаглар ва йиртқичларга; кўпайишига биноан увилдириқ ташловчи ва тирик туғувчиларга; яшаш муҳитига кўра денгиз ва чучук сув балиқларига; ҳаёт кечириш хусусиятига биноан ўткинчи ва ўтроқ балиқларга ажратилади. Ўткинчи балиқ (лососсимонлар, бакра, дарё угори) ҳаётининг бир қисмини денгизда, бошқа қисмини дарёда ўтказади.
Балиқ бениҳоя катта иқтисодий аҳамиятга эга. Ҳар йили денгиз ва океанлардан бир неча ўн млн. тонна балиқ овланади. Овланган балиқнинг бир қисми тўғридан-тўғри овқатга ишлатилади, асосий қисми қайта ишланиб, тузланган, дудланган, музлатилган ёки консерва ҳолида истеъмол қилинади. Балиқдан балиқ мойи ва балиқ уни каби маҳсулотлар ҳам тайёрланади.
Балиқларни ўрганадиган фан ихтиология деб аталади. (қаранг: Балиқчилик).
Балиқларнинг ички тузилиши
Балиқларнинг ҳазм қилиш органлари оғиз бўшлиғи, ҳалқум, қизилўнгач ва ичакдан иборат. Кўпчилик балиқларнинг жағларида бир неча қатор тишлар жойлашган. Зоғора ва айрим бошқа балиқларнинг тишлари бўлмайди; ошқозони яхши ривожланмаган. Улар ютган озиқ бевосита ичакка тушади. Зоғора балиқ майда умуртқасизлар, тубан сув ўтлари, яшил ўсимликларнинг ёш новдалари ва барглари билан озиқланади.
Нафас олиш системаси жабралардан иборат. Балиқлар сувда эриган кислород билан нафас олади. Улар оғзи орқали ютилган сувни жабра тешиклари орқали чиқаради. Жабралар жабра равоқлари (ёйлари)дан иборат. Ҳар бир равоқнинг кейинги томонида оч қизғиш тусли варақлари, олдинги томонида жабра қилчалари жойлашган (61-расм). Жабра қилчалари сув билан оқиб келадиган озиқнинг ташқарига чиқиб кетишига йўл қўймайди. Жабра варақлари жуда майда капилляр қон томирлари билан қопланган. Жабралардан ўтаётган сувдан кислород жабра варақлари капиллярларидаги қонга шимилади; карбонат ангидрид эса қондан сувга ажралиб чиқади. Қаҳратон қишда муз тагига кислород ўтмаслиги ёки иссиқ ёзда илиқ сувда кислород кам эриши туфайли балиқлар ҳалок бўлади.
Қон айланиш системаси юрак, қорин ва орқа аорталари, артерия, вена ва капиллярдан иборат. Юраги юрак қоринчаси ва бўлмасидан иборат. Артерия қони жабралардан чиқиб, умуртқа поғонаси остидан бутун тана бўйлаб ўтадиган орқа аортага келади.
Тўқималарда ҳосил бўладиган моддалар алмашинуви маҳсулотлари иккита тасмасимон қўнғир-қизғиш буйраклар ёрдамида қондан филтрланиб, сийдикни ҳосил қилади. Сийдик иккита сийдик йўли орқали қовуққа, ундан анал тешиги орқасида жойлашган махсус тешик орқали ташқарига чиқариб юборилади.
Нерв системаси
Балиқларнинг марказий нерв системаси бош мия ва орқа миядан ташкил топган. Орқа мия узун найдан иборат бўлиб, умуртқа поғонаси найи ичи да жойлашган. Орқа миянинг икки ёнидан ички органларга, сузгичларга, тери ва мускулларга нервлар чиқади. Балиқлар ва барча умуртқали ҳайвонларнинг бош мияси олдинги мия, оралиқ мия, ўрта мия, мияча ва узунчоқ мия деб аталадиган бўлимлардан иборат. Миянинг ҳамма бўлимлари балиқлар ҳаётида катта аҳамиятга эга. Мияча ҳаракатланиш, узунчоқ мия нафас олиш, қон айланиш, ҳазм қилиш органлари ишини бошқариб туради. Эшитиш органлари мия қутисининг икки ёнида жойлашган, суяклар билан қопланган ички қулоқдан иборат. Сув зич муҳит бўлганлигидан товушни яхши ўтказади. Тажрибаларда балиқлар қирғоқда юрган одам қадами, сузиб келаётган қайиқ овози, қўнғироқ ва ўқ товушларини яхши эшитиши аниқланган.
Таъм билиш ҳужайралари балиқларнинг оғиз бўшлиғи, ҳалқуми ҳамда бутун тана юзасида жойлашган. Зоғора балиқ, треска ва бошқа бир қанча балиқларнинг бошида жойлашган мўйловлар туйғу вазифасини бажаради. Ён чизиқлар балиқ танасининг икки ёнида қатор бўлиб жойлашган тешикчалардан иборат. Тешикчалар махсус сезувчи ҳужайралари бўлган найчалар билан туташган. Ён чизиқлар сув оқими, сув остидаги нарсаларни сезишга ёрдам беради.
Тоғайли балиқлар
Тоғайли балиқларнинг скелети тоғайдан иборат бўлиб, жабра қопқоқлари ва сузгич пуфаклари бўлмайди. Жабра ёриқлари 5–7 жуфт бўлади. Тоғайли балиқлар акулалар ва скатлар туркумини ўз ичига олади.
Акулалар туркуми
Акулалар анча йирик, танаси торпедасимон, дум сузгичи жуда кучли ривожланган. Терисини қоплаб турган тангачалари ҳақиқий суякли балиқларникидан батамом фарқ қилади. Уларнинг тангачалари қалин ва йирик пластинкалардан иборат бўлиб, ҳар қайси тангача устида сиртдан эмал билан қопланган тишсимон ўсимтаси бўлади. Акула жағида бундай ўсимталар тишларга айланади. Барча умуртқали ҳайвонлар, шу жумладан, одамларнинг тишлари ҳам акулаларникига ўхшаш тузилган. Акулалар жуда серҳаракат йиртқич балиқлар бўлиб, анча йирик ҳайвонларга, шу жумладан, чўмилаётган одамга ҳам ҳужум қилади. Кўпчилик акулалар тирик туғади, баъзи турлари тухум қўйиб кўпаяди.
Акулаларнинг катталиги ҳар хил бўлган 250 тури маълум. Улар орасида узунлиги 40–45 см бўлган тиканли акула энг кичиги, узунлиги 15 м келадиган гигант акула ёки 18 м га етадиган кит акуласи энг йирик ҳисобланади. Лекин бундай баҳайбат акулаларнинг тишлари жуда майда бўлиб, улар майда қисқичбақасимонлар ва балиқлар билан озиқланади.
Скатлар туркуми
Скатларнинг танаси ясси, ромбсимон ёки дисксимон бўлиб, сув тубида яшашга мослашган. Дум сузгичи ингичка хивчинга айланган. Скатлар ясси танаси билан туташиб кетган кўкрак сузгич қанотларини тўлқинсимон тебратиб аста-секин сузади. Айрим скатларнинг махсус ҳимояланиш аъзоси, масалан, думининг асосида заҳарли шилимшиқ модда билан қопланган тикани бўлади. Тропик денгизларда учрайдиган электр скатларда 70 Вт кучланишли электр заряди ҳосил қиладиган аъзоси ҳам бўлади.
Суякли балиқлар
Бу туркумга мансуб балиқларнинг хиðча ва чўзиқ танаси бўйлаб орқа, ён ва қорин томонида 5 қатор ромб шаклидаги суяк пластинкалар жойлашган. Бошининг олдинги томони узун тумшуқни ҳосил қилади. Оғиз тешиги бошининг остки томонида жойлашган. Скелети, асосан, тоғайдан иборат, лекин бош қутиси суяк билан қопланган. Ўқ скелети хордадан иборат бўлиб, бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. Ўрта Осиё сув ҳавзаларида суяк-тоғайли балиқлардан бакра балиқ ва сохта куракбурун учрайди. Сирдарё ва Амударёнинг қуйи ва ўрта оқимларида яшайдиган бакра балиқнинг узунлиги 2 м гача, оғирлиги 30 кг гача боради. Амударё этакларида ва унинг ўрта оқимларида сохта куракбурун (қилқуйруқ) балиғи тарқалган.
Лососсимонлар туркуми
Лососсимонларга ўқ скелети ва бош қутиси қисман суякка айланган балиқлар киради. Орқа сузгичи ортида яна битта сузгичи бўлади. Денгизларда яшовчи лосос, кета, букри балиқ (горбуша) ҳам шу туркумга киради. Сирдарё ва Амударёда гулмойи, яъни форел ҳам тарқалган.
Карпсимонлар туркуми
Тана скелети суякдан иборат. Бу туркумнинг вакиллари барча сув ҳавзаларида кенг тарқалган бўлиб, бир неча юзлаб турларни ўз ичига олади. Зоғора балиқ, Орол денгизи, Зарафшон, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг дарё ва кўлларида учрайдиган мўйлов балиқ; тоғ дарёлари ва сойларда тарқалган қора балиқ; Орол денгизи соҳилларида, Сирдарё, Амударё ва Зарафшоннинг қуйи оқимида яшайдиган мойбалиқ ва оқча балиқ, шунингдек, Орол денгизи ва унга қуйиладиган дарёларда учрайдиган лаққа ҳам шу туркумга киради.
Панжақанотлилар туркуми
Панжақанотлилар скелети ва сузгичларининг тузилиши қуруқликда яшайдиган умуртқалилар оёқларига ўхшаб кетади. Бу туркумнинг ягона вакили — латимерия Ҳинд океанининг Африка соҳили яқинидан топилган.
Ўзбекистон ҳудудидаги балиқ турлари
Ҳозир Ўзбекистон ҳудудида 91 турдаги балиқ мавжуд [1] (Wайбаcк Мачине сайтида 2018-06-13 санасида архивланган). Уларнинг баъзилари қуйидагилар:
| Туркум | Оила | Тур | Номи |
|---|---|---|---|
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Абботтина ривуларис | Амур фалсе гудгеон |
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Абрамис брама | Эастерн бреам |
| Аcипенсериформес | Аcипенсеридаэ | Аcипенсер баэрии | |
| Аcипенсериформес | Аcипенсеридаэ | Аcипенсер нудивентрис | Спинй стургеон |
| Аcипенсериформес | Аcипенсеридаэ | Аcипенсер стеллатус | Стеллате стургеон |
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Албурноидес бипунcтатус | Риффле минноw |
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Албурноидес облонгус | |
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Албурноидес таэниатус | Стрипед бйстранка |
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Албурнус чалcоидес | |
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Аспиолуcиус эсоcинус | Пике асп |
| Эсоcиформес | Эсоcидаэ | Эсох луcиус | Нортҳерн пике |
| Cйпринодонтиформес | Поэcилиидаэ | Гамбусиа аффинис | Мосқуитофиш |
| Cйпринодонтиформес | Поэcилиидаэ | Гамбусиа ҳолброоки | |
| Силуриформес | Сисоридаэ | Глйптостернон ретиcулатум | Туркестан cатфиш |
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Гобио гобио | Гудгеон |
| Перcиформес | Перcидаэ | Гймноcепҳалус cернуа | Руффе |
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Леуcисcус леҳманни | Зеравшан даcе |
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Луcиобарбус брачйcепҳалус | Туркестан барбел |
| Cйприниформес | Cйпринидаэ | Луcиобарбус cапито | Туркестан барбел |
| Перcиформес | Одонтобутидаэ | Миcроперcопс cинcтус |
Қизил Китобга киритилган балиқлар
2009-йилда чоп этилган „Қизил Китоб“га балиқларнинг 18 тури киритилган. Улар:
- Орол баҳриси (бакра)
- Сирдарё куракбуруни (филбуйин)
- Амударё кичик куракбуруни (тошбакра)
- Амударё катта куракбуруни
- Коракуз (оқ сазан)
- Тошкент юзасузари
- Чуртансифат оққайрок (калбалиқ, чуртанмарка)
- Орол мўйлабдори (сугён, сузанбалиқ)
- Туркистон мўйлабдори (шимбалиқ)
- Паррак (наштарканот)
- Туркистон кукбўйини (куктурта)
- Орол тиканаги
- Туркистон лаккачаси
- Орол сулаймонбалиғи
- Амударё гулбалиғи
- Орол санчари (тиканбалиқ, итбалиқ)
- Чотқол шайтонбалиғи (тошбукаси)
- Туркистон шайтонбалиғи (тошбукаси).
Орол сулаймонбалиғи (Салмо трутта араленсис Берг, 1908) сони ҳар доим кам бўлган. 30-йилларда Орол денгизида йилига 10 дона атрофида овланган. Охирги марта 1937-йили тутилган. Ҳозирга келиб ер юзида қирилиб кетган. Орол баҳриси ва Орол мўйлабдори охирги 20 йил давомида Тошкент ва Фарг'она ҳудудида умуман учратилинмаган. Қуйидаги Орол денгизида яшаган турлар ҳозир бу ерда умуман йўқ бўлиб кетган:
- Аcипенсер нудивентрис Ловетзкй, 1828 — Орол баҳриси
- Псеудосcапҳирҳйнчус кауфманни (Богданоw, 1874) — Амударё катта куракбуруни
- Абрамис сапа (Паллас, 1811) — Қоракўз
- Барбус брачйcепҳалус брачйcепҳалус Кесслер, 1872 — Орол мўйловдори
- Барбус cапито cоноcепҳалус Кесслер, 1872 — Туркистон мўйловдори
- Леуcисcус идус охианус (Кесслер, 1877) — Туркистон лаккачаси
- Пунгитиус платйгастер араленсис Кесслер, 1874 — Орол санчари.
Балиқшунослик фаолияти
Ўзбекистонда ихтиология соҳасини ривожлантириш борасида кўплаб ишлар қилинмоқда. Балиқларни кўпайтириш борасида кўплаб қарорлар ишлаб чиқилди. Ёш ихтиологларимиз чет элларда малака ошириб қайтмоқдалар. Бироқ ҳозирги кунда юртимиз ихтифаунаси тўлиқлигича мукаммал ўрганилмаган. Шу сабабли ҳам юртимизда қанча балиқ турлари мавжуд ва уларнинг қанчаси хавф остидалигини фақатгина эски маълумотлар асосида билишимиз мумкин.
Манбалар
Ҳаволалар
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- балиқМ.Шералиев — О ВИДАХ РИБ УЗБЕКИСТАНА, НУЖДАЮЩИХСЯ В ЗАЩИТЕ
- Зоология китоби.