Балхаш (қозоқча: Балқаш) — Қозоғистон Республикаси шарқидаги кўл. Балхаш-Олакўл сойлигида, денгиз сатҳидан 340 м баландда. Майдони суви кўпайганда 22 минг км², озайганда 17 минг км² бўлади. Узунлиги 605 км, ўртача эни 41 км, энг кенг жойи 74 км, энг тор жойи 8,5 км. Б. шим.-шарқдан жан.-ғарбга қараб ярим ой шаклида чўзилган. Сув ҳажми 112 км³. Ҳавзасининг майдони 501 минг км². Ўртача чуқ. 6 м, энг чуқур жойи 26,3 м, энг саёз жойи 2 м. Суви деярли чучук, шарқий қисмида шўрроқ (5,21 г/л). Б.да орол кам, улардан энг йириклари: Босорол ва Тосорол. Б. сувни асосан дарёлардан олади: жан.дан Или, Қоратол, Оқсув, Лепса, шим.дан Аяғуз дарёлари қуйилади. Или дарёси суви кўлга қуйиладиган умумий сув ҳажмининг 75 — 80%ини ташкил қилади. Б.нинг ғарбий ва шим. қирғоқлари палеозой жинсларидан тузилган, шарқий ва жан. қирғоқлари қумли пасттекисликдан иборат. Қирғоқ чизиғи анча нотекис. Кўл сатҳига йилига 120 мм ёғин тушиб, 950 – 1200 мм буғланади. Сувнинг температураси декабрда 0°, июлда 28’. Шамоллар кўл сувини кучли тўлқинлантириб туради. Кўл ноябрдан апрелнинг ярмигача музлайди. Сув сатҳининг ўзгариш йиллик амплитудаси қарийб 3 м. Сариэсик ярим орол кулни гидрологик жиҳатдан кескин фарқ қилувчи икки қисм — ғарбий ва шарқий қисмларга бўлиб туради. Суви лойқа. Судак, сазан, қорабалиқ, олабуға балиқлари овланади. Сув паррандаси кўп. Б.да кема қатнайди. Асосий пристанлари: Бурил-бойтол, Бўрлитуба. Шим. соҳилидаги Балхаш шаҳрида кон металлургия кти бор.

Балхаш
Координаталари 46°10′Н 74°20′Э / 46.167°Н 74.333°Э / 46.167; 74.333
Юзаси 18 200 км2
Ўртача чуқурлиги 5,8 м
Энг катта чуқурлиги 26,5 м
Сув ҳажми 105 км3

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил