Balzam
Балзам, балзамлар (юн. балсамон — хушбўй смола) — эфир мойлари ва уларда эриган смолалар, хушбўй бирикмалар, алдегидлар, кетонлар, мураккаб эфирлар ва бошқа моддалардан таркиб топган табиий моддалар. Одатда Б. хушбўй ширага ухшаш, таъми ўткир, қуюқ суюқликлардан иборат бўлиб, сувда деярли эримайди, аммо спирт, эфир, хлороформ, бензин ва бошқа органик эритувчиларда эрийди. Аксариси ўсимликларда нормал моддалар алмашинуви маҳсулоти сифатида ҳосил бўлиб, пўстлоқ йўлларида ёки ҳужайралараро камтакларда йиғилади; бошқалари ўсимликларда бўлмай, пўстлоғи шикастланганда вужудга келади. Игна баргли дарахтлар (Мас. қарағай, оққарағай) танаси шикастланганда чиқадиган ширани ҳам Б. деб аташади. Булардан Канада балзами оптикада ва микроскопик препаратларни монтаж қилишда, оқ қарағай балзами оптикада ишлатилади. Б. таркибига қараб антисептик, балғам кўчирувчи, сийдик ҳайдовчи ва маҳаллий таъсир кўрсатувчи хусусиятларга эга. Б.дан тиббиётда дори воситаси сифатида фойдаланилади. Терпентин мойи, скипидар мазлари ва линиментлари маҳаллий таъсир кўрсатувчи дори; скипидар буғлари ҳавони озон билан бойитиб, ўпка касалликларига даво бўлади; Копай балзами дезинфексияловчи дори бўлиб, қовуқ яллиғланиши, экзема, сўзакни даволашда қўлланади. Винилин жароҳатга ва яллиғланган терига қўйилади, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси бўлган беморларга ичирилади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |