Бандунг — Индонезиянинг Ява оролидаги шаҳар. Жакартадан 85 км жан.-шарқда, денгиз сатҳидан 600 м баландликда жойлашган. Ғарбий Ява вилоятининг маъмурий маркази. Аҳолиси 2 млн киши (1990). Бандунг , автомобил ва ҳаво йўллари тугуни. Б. Индонезиянинг йирик саноат, илмий ва маданий марказларидан. Тўқимачилик фабрикалари, озиқ-овқат, кимё, металлсозлик, каучукни қайта ишловчи корхоналар ва йирик темир йўл устахоналари бор. Б. хинин ишлаб чиқариш билан машҳур. Б.да илмий тадқиқот институтлари, тўқимачилик ва технология институтлари, Пастер институти (шифобахш зардоб ва ваксина ишлаб чиқарилади), марказий электротехника лаб. ва университет, ядро энергетикаси маркази бор. Б. яқинида (15 км) расадхона қурилган. Санъат, геология музейлари бор. Тоғ курорти ва туризм ривожланган. 1955-йилда Б.да Осиё ва Африка мамлакатлари вакилларининг тинчликни мустаҳкамлашга бағишланган Бандунг конференсияси бўлиб ўтган. Шаҳар 1810-йилда барпо этилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил