Bani Isroil
Бани Исроил (арабча: بنو إسرائيل – „Исроил ўғиллари“) – яҳудийлар орасида кенг тарқалган ва ҳар бир яҳудий учун муҳим аҳамият касб этган номлардан бири. Тадқиқотчиларнинг қарашларига кўра, „Исроил“ атамаси „Фаришта билан курашиб уни енгган“ деган маънони англатади. „Ибтидо“ китобида келтирилишича, бугунги кунда барча яҳудийларга нисбатан ишлатиладиган „Исроил ўғиллари“ номи Яъқуб пайғамбарга Худо томонидан берилган. Бироқ бу борада Элияҳу Эссас ўзига хос талқинни келтиради: "Моҳият нуқтаи назаридан ҳақиқатга яқинроқ маънони англаш учун сўзнинг иврит тилидаги таркибий тузилишини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқдир. Унга кўра „и“ ҳарфи учинчи шахс, келаси замонни англатади; „с“ ва „р“ – ҳарфлари „бошқармоқ, ҳукмронлик қилмоқ“ маъносини англатувчи ўзак сўзни; „ил“ эса, Яратганнинг номларидан биридир. Умумий маънода „Исроил“ сўзи – „Яратган бу дунёни бошқарадиган кун келади“ маъносини ифодалайди[1].
Манбалар
- ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 72.
Адабиётлар
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.