Банян, баниан — фикуслар туркумига кирадиган икки тур дарахтнинг номи; 1) бенгал фикуси (Фиcус бенгаиэнсис) — ер бағирлаб ўсадиган баҳайбат дарахт. Уруғини, одатда, қушлар тарқатади. Бунда бирор бошқа дарахтга тушиб қолган уруғдан эпифит ҳолда ривожланадиган ўсимлик пайдо бўлади. Б.нинг ингичка танаси кўпдан-кўп ҳаво илдизлари ҳосил қилади. Улар пастга қараб тез ўсади ва тупроққа ўрнашган қисми шохланиб кетади. Бундай илдизлар йўғон устунларга айланади. Дарахтнинг шох-шаббаси ҳам жуда ўсиб кетади. Шундай қилиб, бир дона уруғдан катта чакалакзор пайдо бўлади. Калкутта ботаника боғида ўсаётган 150 ёшдаги Б. шох-шаббасининг айланаси 300 м, устунсимон илдизларининг сони 300 дан ортиқ келарди; 2) авлиё фикус (Ф. религиоса), бу ҳам баҳайбат дарахт бўлиб, шохларидан чиқадиган ҳаво илдизларидан ривожланади. Илдизлари ғоят катта шох-шабба учун таянч бўлиб хизмат қилади. Аксари эпифит эмас. Б. Ҳиндистонда ўсади. Меваси ейилади. Б.нинг ёш новдаларида қимматбаҳо смола — шеллак ҳосил бўлади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил