Барбадос – Марказий Америкада, Кичик Антил оролларининг Барбадос оролида жойлашган давлат. Майдони - 431 км². Аҳолиси - 411 минг киши (2023-йилги маълумотларга кўра). Пойтахти – Брижтаун шаҳри.

Барбадос
Шиор: Приде анд Индустрй
Ғурур ва Саноат
Мадҳия: Ин Плентй анд Ин Тиме оф Неэд
Location of Barbados
Пойтахт Брижтаун
Расмий тил(лар) Инглиз тили
Ҳукумат Ҳамдўстлик
Сандра Мейсон
Миа Мотлей
Мустақиллик (Бирлашган Қироллигидан)
• Сана
30-ноябр 1966
Майдон
• Бутун
431 км2 (200-ўрин)
• Сув (%)
<1
Аҳоли
• 2021-йилги рўйхат
287,708 (185-ўрин)
• Зичлик 669.1/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2019-йил рўйхати
• Бутун
АҚШ$5,398 мил. (157-ўрин)
• Жон бошига
АҚШ$18,798
Пул бирлиги Барбадоснинг доллар (ББД)
Вақт минтақаси УТC–4
• Ёз (ДСТ)
УТC–4
Қисқартма ББ
Телефон префикси 1
Интернет домени .бб

Давлат тузуми

Барбадос – Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибида мустақил давлат. Давлат бошлиғи – Буюк Британия қироличаси (қироли), ҳокимиятни генерал-губернатор амалга оширади. Қонун чиқарувчи ҳокимият икки палатали парламент; у сенат ва мажлис палатасидан иборат. Ижрочи ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади. Бош вазирни генерал-губернатор тайинлайди ва вазирлар бош вазирнинг тавсиясига биноан тасдиқланади.

Табиати

Барбадос – маржонсимон оҳактошлардан таркиб топган тропик орол. Ер юзаси орол маркази томон зина шаклида (баландлиги 340 м гача) кўтарилиб боради. Шимоли-шарқда орол денгиз томон тик кесилиб тушади. Орол бўйининг қолган қисмидаги майин оқ-пушти ялтироқ қумсоғиллар атрофи баланд палмалар билан ўралган. Улар орқасидан шакарқамишзорлар бошланади. Кўплаб ёғадиган ёмғир ер ғовакларига сингиб, ер ости дарёлари ва кўлларини ҳосил қилади; маржон оҳактошлар эса табиий филтр вазифасини ўтайди. Барбадос иқлими тропик, пассат. Энг илиқ ой (сентябр)нинг ўртача ҳарорати 27°, энг салқин ой (феврал)нинг ўртача ҳарорати 25°. Йиллик ёғин миқдори 1400 мм гача. Қуруқ мавсум (декабр— июн)даги тропик жазирамада Атлантика океанидан эсадиган Шимоли-шарқий пассат ҳароратни пасайтиради, доимо ёқимли шабада эсиб туради. Барбадос соҳили анвойи тур ва рангдаги ўсимликлар ва баҳайбат дарахтлар билан қопланган[1].

Аҳолиси

Асосий аҳолиси Барбадосликлар. Ҳозирги этник таркиби: африкаликлар (негрлар) 80%, дурагайлар 16%, европаликлар 4%. Европаликлар орасида инглиз мустамлакачиларининг авлодлари ажралиб туради. Улар сиёсий ҳокимиятни негрлардан иборат кўпчилик қўлига топширган бўлсалар ҳам, мамлакат иқтисодий ҳаётида ҳамон етакчи мавқега эга. Европаликлар орасида „камбағал оқтанлилар“ деб аталган ўзига хос гуруҳ бор. Улар шартнома асосида ёлланган йўқсул хизматкорлар ва Ирландиядаги 17- а. қўзғолонларининг бадарға қилинган қатнашчилари авлодлари бўлмиш редлегхлардир. Давлат тили – инглиз тили. Диндорлар, асосан протестантлар. Барбадос аҳолисининг зичлиги жиҳатидан Америкада энг юқори ўринда туради (1 км² га салкам 600 киши). Яқин вақтгача аҳолининг табиий кўпайиши 3% эди, ҳукуматнинг туғилишни чеклаш сиёсати натижасида бу кўрсаткич 1%га тушди. Аҳолининг ярмиси – 20 ёшга етмаган йигит қизлар. Катта ёшдаги аҳолининг саводхонлиги – 99%ни ташкил этади. Аҳолининг 38% шаҳарларда яшайди[1].

Тарихи

Европаликлар келгунга қадар оролда индейсларнинг арвак ва кариб қабилалари яшаган. 1518-йил Барбадосни испанлар кашф этишган, 1625-йилгача Испаниянинг мустамлакаси бўлган, ўша йили уни Англия босиб олган. Мустамлакачилар бу ерда тамаки ва шакарқамиш плантацияларини барпо қилиб, Африкадан кўплаб негрларни келтириб ишлата бошладилар. Аста-секин европаликлар камайиб, негрлар кўпайиб борди. 1834-йилда қуллик бекор қилинди. 1961-йилда Барбадос ички ўз-ўзини бошқариш ҳукуқини олди, 1966-йилда мустақилликка эришди. Миллий байрами – 30-ноябр— Мустақиллик куни. 1966-йилдан Барбадос —БМТ аъзоси[1].

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари

Барбадос лейбористлар партияси, 1938-йилда тузилган; Демократик лейбористлар партияси, 1955-йилда асос солинган; Миллий-демократик партия. Барбадос ишчилар иттифоқи, 1941-йилда асос солинган, Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил