Барстерлар — муайян давр билан рентген диапазонида чақнаб турувчи юлдузлар. Биринчи бор 1975-йилда атмосферадан ташқи астрономия усуллари ёрдамида топилган. Барстер рентген манбалари ҳисобланади; улар нурланишининг фотонлари энергия 1 — 20 кеВ. Барстерлар чақнашнинг қайтарилиши даври бир неча соатдан то бир неча кунгача бўлган оралиқда. Чақнашлар орасидаги вақт оралиғи 30 — 50% гача аста ўзгариб туради. Чақнашлар вақтидаги нурланиш энергияси улар оралиғида тарқаладиган нурланиш энергиясидан тахминан 100-марта кам. Ҳозиргача 50 дан ортиқ Б. батафсил ўрганиб чиқилган. Маълумотларга кўра, Б. массаси Қуёш массасига яқин бўлган нейтрон юлдуз бўлиб, унинг атрофида аккресия ҳодисаси содир бўлмоқда. Бундай ҳодиса қўшалоқ юлдузларда юз бериб, оддий қўшни юлдуздан нейтрон юлдузга масса оқими жараёни билан боғлиқ. Натижада нейтрон юлдуз яқинида қалинлиги бир неча ўн метр бўлган аккресион диск вужудга келади. Аккресия жараёнида диск ҳарорати ошиб бориб, унинг қиймати 3-108 К га етиши билан қисқа вақт ичида гелий моддасининг ёниши юз беради ва бу рентген чақнашини кўрсатади. Демак, Барстерларнинг чақнаш механизми термоядро портлаши билан тушунтирилиши лозим. Чақнашдан сўнг аккресион дискда массаси 1015 т. гелий йиғилиши билан у бир неча секундда ёниб, Ерда яна рентген чақнаши кузатилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Нуритдинов С. Н., Галактика тузилиши ва физикаси, Т., 1996.