Бартер (инг. бартер — товар айирбошлаш), муоъваза — валютасиз (пул воситалари иштирокисиз) бевосита товар айирбошлаш; муайян товар (товарлар) миқдорининг қиймати бўйича муқобил бўлган бошқа товар миқдорига алмаштириш шартномаси. Кўпроқ ривожланмаган товар муносабатлари, ўтиш даври учун хос бўлган келишув. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврдаги эркин конвертирланадиган (алмаштириладиган) валюта курси барқарор бўлмаган, валюта захиралари чегараланган шароитда жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида қўлланди ва у халқаро савдо ҳамда бошқа иқтисодий муносабатларда кенг тарқалди. Бартернинг бевосита айирбошлаш, компенсацияли келишувлар, клиринг каби шакллари мавжуд. Ташқи савдода Бартер битими кўпроқ қўлланади. 90-йиллар бошидан мамлакат ичкарисида ҳам корхоналар ўртасида анча кенг тарқалди. Бартер битимига биноан келишган томонлар ўз товарларини маълум нархда баҳолайдилар. Бу нарх айирбошлашнинг тенг бўлишини, товарларни етказиб бериш билан боғлиқ бўлган барча сарф-ҳаражатларни ўз ичига олади. Бир томон иккинчисига қарздор бўлиб қолса, у ўз қарзини валюта билан эмас, балки товарлар билан узади. Товар қийматларининг тенглиги жаҳон бозори нархлари орқали таъминланади. Бартер битимлари икки томонлама ёки кўп томонлама бўлиши мумкин[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил