Бархан (туркийча) — қумли чўл ва чала чўллардаги релефнинг кўчма қум шакллари. Шамол йўналишига кўндаланг бўлади. Б. йилига ўрта ҳисобда бир неча см дан юзлаб м гача кўчади. Қизилқум ва Қорақум чўлларининг баъзи жойларида қаттиқ шамол вақтида янги Б.лар пайдо бўлади ёки эскилари жойини ўзгартиради. Б.лар тепадан қараганда кўпинча ёй, ярим ой шаклида бўлади. Шамолга рўпара ён бағирлари қия (5° — 14°), шамолга тескари ён бағирлари тик (30° гача) бўлиши мумкин. Б. учлари шамол кучига, қумнинг намлиги, таркибига қараб узун ёки қисқа бўлади. Б. баландлиги 0,7 м дан 20 м гача, ҳатто мураккаб шакллари 200–300 м ва ундан ҳам баланд бўлади. Шамол ҳаракатига қараб Б.нинг тўпланиши турли шакллар олади: бархан тепалари, бархан занжирлари, бархан пирамидалари ва ҳоказо. Қум кам бўлган қаттиқ ерларда, кўпинча тақирларда якка-якка Б.лар учрайди. Туташ қумларда мураккаб Б. тизмалари вужудга келади. Б. тизмалари Амударё соҳилларида, Сандиқли, Канпирак, Қорақум чўлларида, шунингдек Марказий Фарғонадаги Ёзёвон чўлида учрайди. Б.лар нисбатан яхши нам тўплайди ва иҳота қилинадиган бўлса, дарахтзор бўлиб қолиши мумкин. Авваллари Бухоро, Қоракўл воҳаларининг шим. қисмидаги бир қанча унумдор ерлар, қишлоқлар кўчма қум остида қолиб кетар эди, эндиликда саксовул ва бошқа ўсимликлар экилиб, уз. 125 км, эни 3 – 4 км дарахт-зорлар барпо қилинди ва қум кўчиши тўхтатилди. Яна қ. Эол релеф шакллари.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил