Батенин чинни заводи — Россия империясидаги чиннидан идишлар, санъат ва ҳунармандчилик буюмлари ишлаб чиқариш заводи.

Тарихи

1805-йилда қабул қилинган фармонга кўра, Санкт-Петербургда „катта миқдорда ўтин ёки кўп сонли ишчи қўлларни талаб қиладиган“ ишлаб чиқариш корхоналарини очиш тақиқланди. Тахминан мана шу вақтда саноатчи Батенин Виборгский тракти, Болшая Невка соҳилида кичик чинни заводини очди[1]. Жой хомашё етказишни осонлаштириш мақсадида танланган эди: гил Чернигов вилоятидан сув йўли орқали, кварц — Олонец вилоятидан, шпат Финландиядан олиб келинган.

Заводнинг эгалари вақти-вақти билан ўзгариб турган, шунинг учун ишлаб чиқариш заводининг номлари ҳам бир неча марта ўзгарган: „Савдогар Батенин ворислари заводи“, „Батенинлар заводи“, „Батенин заводи“, „Ака-ука Батенинлар заводи“, „Девятов-Батенин заводи“.

Заводнинг яратилган вақти ҳақида турли хил фикрлар мавжуд. Айрим тарихчилар унга 1814[2], бошқалари 1838-йилда асос солинганини айтишади.

Заводнинг эгаси Филипп Сергеэвич Батенин заводнинг асосчиси эмасди, гарчи бир қатор манбаларда ишлаб чиқариш заводига Сергей Батенин томонидан асос солингани кўрсатилса ҳам, бу архив маълумотлари билан рад этилган.

Фёдор Девятов 1811-йилда савдогар Венкердан биноли ер ҳудудини сотиб олди. Филипп Батенин 1814-йилда Девятовдан чинни заводини харид қилди. 1814-1815-йилларда Пётр Батенин унинг шеригига айланди.

Ишлаб чиқариш шиддат билан ривожланди: 1815-йилда 18 873 дона, 1817-йилда 30 000 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Худди шу даврда ишчилар сони 18 тадан 65 тагача кўпайди[3]. 1823-йилдан 1830-йилгача Филипп Батенин заводнинг ягона эгаси эди.

1829-йилда завод маҳсулотлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтган 1-Умумроссия ишлаб чиқариш маҳсулотлари кўргазмасида тақдим этилди ва олтин медал билан тақдирланди[3]. Унинг ўлимидан сўнг рафиқаси Аграфена тирикчилик учун даромадсиз қолди ва усталарга маош тўлай олмади. У ёрдам сўраб Молия вазирлигига мурожаат қилди. 1832-йилдан бошлаб завод васийлар раҳбарлигида ўз фаолиятини қайта тиклади, улар орасида Аграфена Батенинанинг ўзи ҳам, савдогарлар Пётр Куханов ва Иван Емовлар ҳам бор эди[1]. 1832-йилдан кейин компания „Батенин ворислари“ номи билан фаолият юритди[4].

Батенин чинниларининг ўзига хос услуби — гулдонлар ва косаларга Санкт-Петербургнинг диққатга сазовор масканлари тасвири туширилиши эди[5].

Батенин чиннилари устидаги машҳур белгилардан бири тўртбурчак рама ичидаги „С.З.К.Б“ қисқартмаси бўлган[2]. 1814-йилдан 1832-йилгача ишлаб чиқарилган буюмлар орасида учрайдиган энг қадимги белги — қия ҳолатда ёзилдан „Б“ ҳарфидир[3].

Батенин заводи идишлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, у ерда ҳайкалтарошлик композициялари ишлаб чиқарилмаган[6].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 И. Багдасарова. Золотой фарфор Батенина (Русский) // Антиквариат, предметы искусства и коллекционирования : Журнал. — 2004. — № 9 (20). — С. 24—35.
  2. ↑ 2,0 2,1 Государственный Русский музей. Русский фарфор ХИХ века: Петербургский завод Батенина : каталог. Гос. русский музей, 1986. 
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 Декоративно-прикладное искусство Санкт-Петербурга за 300 лет. Государственный Эрмитаж, 2009 — 174-бет. ИСБН 978-5-93572-142-8. 
  4. ↑ О. Н. Тараканова. Изделия из фарфора на отечественном антикварном рынке. Московский гос. университет печати, 2005. ИСБН 978-5-8122-0804-2. 
  5. ↑ И. Багдасарова. Фирменний стил корниловского фарфора (рус.) // Антиквариат, предмети искусства и коллексионирования. — 2005. — Июл-август (№ 7—8 (29)). — С. 62—78.
  6. ↑ Русский художественный фарфор. Изкусство, 1950. 


Ҳаволалар