Бахшилло Камолович Ходжаев (1982-йил 25-июн, Бухоро шаҳри) — ўзбекистонлик ҳуқуқшунос олим, юридик фанлар доктори, профессор, 2-даражали адлия маслаҳатчиси. 2025-йилда Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимига тайинланган.[1][2]

Бахшилло Ходжаев
[[Файл:| тасвир =|фрамелесс|упригҳт=1]]
Таваллуди 1982-йил 25-июн (1982-06-25) (44 ёш)
Бухоро шаҳри, Бухоро вилояти, Ўзбекистон
Фуқаролиги Ўзбекистон
Таълими Тошкент давлат юридик институти; Нагоя университети
Касби ҳуқуқшунос олим, профессор, университет ректори

Ҳаёти ва таълими

Бахшилло Ходжаев 1982-йил 25-июнда Бухоро вилояти, Бухоро шаҳрида туғилган.[1] Маълумоти олий, мутахассислиги — ҳуқуқшунослик, юридик фанлар доктори ва профессор. 2004-йилда Тошкент давлат юридик институтининг бакалавриат босқичини, 2006-йилда эса мазкур олий таълим муассасасининг магистратура босқичини тамомлаган.[1][2]

2014—2018-йилларда Япониянинг Нагоя университетида қиёсий ҳуқуқ йўналиши бўйича докторантурада таҳсил олган.[1]

Меҳнат фаолияти

Ходжаев меҳнат фаолиятини 2004-йилда “Мезон хусусий хизмати” адвокатлик фирмасида адвокат ёрдамчиси лавозимидан бошлаган.[1] 2005—2006-йилларда Тошкент тумани Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимида юридик хизмат мутахассиси бўлиб ишлаган.[1]

2006—2013-йилларда Тошкент давлат юридик институтининг “Хўжалик ҳуқуқи ва хўжалик процессуал ҳуқуқи” кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи ва доцент вазифасини бажарувчи лавозимларида фаолият юритган.[1] 2013—2014-йилларда Тошкент давлат юридик университетининг Бизнес ҳуқуқи кафедрасида доцент вазифасини бажарувчи бўлган.[1]

2014-йилда Германиядаги Қиёсий ва халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Макс Планк институтида тадқиқотчи сифатида фаолият юритган.[3] 2014—2018-йилларда Япониянинг Нагоя университетида қиёсий ҳуқуқ йўналиши докторанти бўлган.[1]

2018—2019-йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтида бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи ва директор ўринбосари лавозимларида ишлаган.[1] 2019—2020-йилларда Адлия вазирлигининг Юридик таълим ва суд-экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.[1]

2020—2022-йилларда Тошкент давлат юридик университетининг Бизнес ҳуқуқи кафедраси мудири ҳамда Хусусий ҳуқуқ факултети декани лавозимларида ишлаган.[1] 2022-йил 12-майдаги Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан Тошкент давлат юридик университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимига тайинланган.[3]

2025-йилда Бахшилло Ходжаев Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимига тайинланган.[1] Тайинловга қадар у мазкур университетда илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор сифатида фаолият юритган.[4]

Илмий фаолияти

Ходжаевнинг илмий фаолияти асосан бизнес ҳуқуқи, фуқаролик ҳуқуқи, тадбиркорлик ҳуқуқи, интеллектуал мулк ҳуқуқи, технологиялар трансфери ва қиёсий ҳуқуқ масалалари билан боғлиқ.

Унинг “Интеллектуал мулк ҳуқуқини бошқариш ва технологиялар трансферини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари” номли мақоласи Юридик фанлар ахборотномаси — Вестник юридических наук — Ревиэw оф Лаw Сcиэнcес илмий-амалий ҳуқуқий журналининг 2023-йил 2-сонида чоп этилган.[5]

Манбалар

  1. ↑ 1,00 1,01 1,02 1,03 1,04 1,05 1,06 1,07 1,08 1,09 1,10 1,11 1,12 „Тошкент давлат юридик университетига ректор тайинланди“. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (2025-йил 29-ноябр). Қаралди: 2026-йил 4-июн.
  2. ↑ 2,0 2,1 „Ректор“. Тошкент давлат юридик университети. Қаралди: 2026-йил 4-июн.
  3. ↑ 3,0 3,1 „Бахшилло Ходжаев ТДЙУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор лавозимига тайинланди“. ТДЙУ расмий Телетйпе саҳифаси (2022-йил 14-май). Қаралди: 2026-йил 4-июн.
  4. ↑ „Бахшилло Ходжаев Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимига тайинланди“. Тошкент давлат юридик университети. Қаралди: 2026-йил 4-июн.
  5. ↑ „Интеллектуал мулк ҳуқуқини бошқариш ва технологиялар трансферини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари“. Жустй.уз (2023-йил 26-июн). Қаралди: 2026-йил 4-июн.