Байрамхон

Байрамхон (асл исми Муҳаммад Байрамхон ибн Сайф Алибек) (? – 1561-йил, 2-январ) – бобурийлар даври сиёсий арбобларидан, шоир. Акбаржон оталиғи (қаранг Оталиқ). Туркманларнинг қора қўюнли уруғидан. Ёшлигида Бадахшонда бобурийлар хизматига киради. 1534-йил муҳрдорлик мансабига тайинланади. 1540-йил Шершоҳ исёни сабабли Ҳумоюн билан Эронга кетади ва 1545-йил Ҳумоюннинг инилари Мирзо Аскарий ва Комронлардан Қандаҳор ҳамда Кобулни қайтариб олиш учун қилинган урушда қатнашади. Байрамхон шундан сўнг 10 йилча Қандаҳорда яшайди ва бадиий ижод билан шуғулланади. 1555-йил „Хони ҳонон“ (бош хон) унвонига сазовор бўлади. Байрамхон ҳажга кетаётиб Гужаротнинг Паттон деган жойига етганда лоҳани уруғидан бўлмиш Муборакхон томонидан ўлдирилиб, дастлаб Шайх Ҳусомиддин мақбарасига дафн этилган, кейинчалик унинг хоки Деҳлига, 1563-йилда эса Машҳадга келтирилиб, Имом Ризо мақбараси ёнига қўйилган. Байрамхоннинг туркий, форсий тиллардаги шеърларидан иборат девони бизгача етиб келган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил