Байт (араб. — уй) — икки мисра шеър. 1) Шарқ халқлари шеърияти ғазал, қасида, маснавий ва бошқа жанрлари Байтдан тузилади. Таржиъбанд ва таркиббандларда бандларни бир-бирига боғловчи восита Байт дейилади. Мас, Навоийнинг "Ғаройиб уссиғар" девонида "Кетур соқий, ул майки, субғи аласт, Анинг нашъасидин кўнгул эрди маст" деб бошланган таржиъбанди (10 банд, 200 мисра) нинг ҳар бири "Ҳаробот аро кирдим ошифта ҳол, Май истарга илгимда синсин сафол"Байти билан тугалланган. Бадиий ижодда бир Байтли мустақил шеърлар ҳам бор; 2) безак ва нақш мужассамотларидан бири. Безак санъати, хусусан амалий санъат (мискарлик, кулоллик, рихтагарлик ва бошқалар)да кенг қўлланади. Рўзғор буюмлари (коса, чойнак, пиёла, лаган, офтоба ва ҳоказо) ва меъморий обидалар безакларига ўтмишда кўпинча шеърий мисралардан ҳуснихат (куфий, сулс, насх, настаълиқ, райҳоний) билан битилган. Байт буюмга ўзига хос нафосат, бадиийлик бахш этади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил