Bazalt
Базалт (лотинча: басалтес, юнонча: басанос — синов тоши) — магматик тоғ жинси. Ранги бўз ва қорамтир. Соф оғирлиги 2,5-3 г. Таркиби асосан плагиоклаз (лабрадор)дан иборат; шунингдек пироксенлар, оливин ҳамда магнетит, титанит, апатит ва ҳоказо ҳам бўлади. Кимёвий таркиби унинг чуқурликдаги аналоги бўлган габброга яқин. Вулкан шишаси донадор кристаллар оралиқларини тўлдириб туради. Тўла кристалланган Базалтлар долерит дейилади. Базалтнинг океан тубида пайдо бўлган, темир ва магнийга бой тури океанит, тектоник ёриқлардан қурукликка оқиб чиқиб қотиб қолган тури эса платобазалт дейилади. Б. океан туби ва қуруқликда жуда катта майдонни эгаллаган. Ҳозирги вулканлардан ҳам базалтли лавалар оқиб чиқади. Таркибида қайси минерал борлигига қараб аналсимли Базалт, лейситли Базалт, нефелинли Базалт, магнетитли Базалт, гаюинли Базалт, апатитли Базалт ва ҳоказо деб аталади. Базалт кислотага чидамли кимёвий асбоблар, қувурлар, электроизоляторлар ясашда, тошдан қуйма буюмлар ишлаб чиқаришда ҳамда қурилишда қоплама безак материаллари сифатида ишлатилади. Яхши силлиқланиши туфайли жуда қадимдан ҳайкалтарошликда Миср, Ассурия, Рим, Византия, Арманистон ва бошқа жойларда қўлланилиб келинган. Камчатка, Забайкале, Арманистон, Украинада ва Ўзбекистоннинг Қурама, Туркистон, Томди тоғлари (палеозой қатламлари)да бор (яна қаранг: Магматик тоғ жинслари)
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |