Bazm
Базм — тўй муносабати билан катта уй ёки кенг ҳовли саҳнида ўтказиладиган томоша, катта меҳмондорчилик, зиёфат, кеча. Базмлар одатда созандахонанда, ноғорачи, сурнайчикарнайчилар, раққос ва раққосалар, аскиябозлар иштирокида ўтказилади. Базм жуда қадим замонлардан расм бўлган. Базм мазмуни, иштирокчилари ва Базмдаги чолғу асбобларига қараб бир қанча турларга бўлинади. Ноғора, доира, ўйинчилар иштирокида ўтказиладиган тўй Базми "Ноғора Базм" дейилади. Келиннинг дугоналари, тенгқурлари йиғини "Қизлар Базми" (баъзи жойларда "Қизлар мажлиси") дейилади. Ўзбек ва тожикларда Базмнинг махсус таклифсиз, ҳамма қатнашадиган тури "Доира хабар қиладиган Базм" ҳам бор (одамлар доира овозини эшитиб, ўзлари келаверадилар). Иштирокчилари кўп, зиёфати тўкин "Базми Жамшид" (шоҳ Жамшиднинг дабдабали Базмларига нисбатан), яқин кишилар ўртасида ёки куй ва ашула ишқибозлари учун мусиқачилар уюштирадиган Базм "Базм хосаги" дейилади. Ўтмишда хон ва амирлар саройида ўтказиладиган Базмлар санъат асарларини халқ орасида кенг ёйишга хизмат қилган.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |