Mahmudxoʻja Behbudiy
Маҳмудхўжа Беҳбудий (Кирилл алифбосида: Маҳмудхўжа Беҳбудий; Араб алифбосида: محمود خواجه بهبودی; Тўлиқ исми – Маҳмудхўжа Бербудий ибн Беҳбудхўжа) (30-январ, 1874, Самарқанд – 25-март, 1919, Қарши) – драматург, ношир, педагог, қози, муфтий, дин ва жамоат арбоби. Жадидчилик миллий маърифатпарварлик ҳаракатининг тарафдори. "Беҳбудия кутубхонаси" ҳамда „Нашриёти Беҳбудия“ фаолияти бўлган. „Самарқанд“ газетаси ва "Ойна" журнали асосчиси
| Маҳмудхўжа Беҳбудий | |
|---|---|
|
| |
| Таваллуди |
20-январ 1875-йил |
| Вафоти |
25-март 1919-йил |
| Таълими | Самарқанд ва Бухоро мадрасалари |
| Касби | қози, муфтий, драматург, ношир |
| Фаолият йиллари | 1893—1919 |
| Болалари | 5 |
| Отаси | Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли |
| Мукофотлари |
|
Ҳаёти
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1874-йил 30-январда Самарқанд шаҳрининг Ёмини маҳалласида имом-хатиб Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли хонадонида туғилган. Отаси Аҳмад Яссавий авлодидан. Отасининг буваси Ниёзхўжанинг асли келиб чиқиши урганчлик бўлиб, Самарқандга ХВИИИ аср охирида, амир Шоҳмурод ҳукмронлик даврида кўчиб келган[1]. 1868-йилда рус аскарлари Самарқандга бостириб киргандан кейин отаси Беҳбудхўжа оиласини олиб Бахшитепа қишлоғига кўчиб ўтган ва шу қишлоқда имомлик қилган. Беҳбудийнинг онаси эса муфтий Одил Мансур ўғлининг синглиси бўлган.
Беҳбудий дастлаб отасидан Қур’он илмини ўрганган, кейинчалик 6-7 ёшларида тоғаси Муҳаммад Сиддиқ қўлида ўқиб, савод чиқарган. 15 ёшида бошқа бир тоғаси Мулла Одил ўзи мударрислик қилган мадрасада ўқитиб таълим берган[2].
Беҳбудийлар оиласи маърифатпарвар ва зиёли бўлган. Икки синглиси ҳам ўқиб, таҳсил олган. Қур’онни яхши билган. Катта синглиси Ҳуринисо „қорибегим“ унвонига эга бўлган[3][4]. 1893-йилда онаси, 1894-йилда отаси вафот этган.
Беҳбудий 18 ёшида Чашмаи об волостида қози вазифасида ишлаган тоғаси Муҳаммад Сиддиқ қўл остида мирзалик қилган. Тоғаси олдида икки йил ишлагач, мирзалик фаолиятини Кобуд волости қозиси Мулла Зубайр Яхшибой ўғли қўлида давом эттиради. Чунки бу пайтда тоғаси қозиликдан бўшатилган. Мирза ва қозилик билан шуғулланиб, сўнг Жомбойда муфтийлик даражасига кўтарилган. Беҳбудий Кабут бўлисида 10 десятина ерга эгалик қилган[5]. Ўзига тўқ ва бадавлат кишидир.
Беҳбудий 1899–1900-йилларда бухоролик дўсти Ҳожи Бақо билан бирга Макка ва Мадинада ҳаж сафарига отланган. Шу сабабли Россия, Арабистон, Миср, Туркияни кезиб чиққан. Сафар жараёнида саёҳатнинг ҳар қандай тури – поезд, кема, отда ва пиёда юриб дунё кезган. Саёҳат давомида янги мактаб (усули жадид) очиш фикри мустаҳкамланиб борди. 1914-йили иккинчи марта ҳаж сафари чоғида Шом, Қуддус, Одесса, Истанбул ва бошқа шаҳарларни кезган. Ўз саёҳати давридаги хотираларини Самарқандда нашр этилаётган Ойна журналининг таҳририятига юбориб турган.
1903–1904-йилларда Москва, Петербург, Оренбург, Қозон ва Қримда бўлган. Маориф соҳасида Россия ва татар арбоблари тажрибасини ўрганган. Маҳмудхўжа Беҳбудий Исмоил Гаспиринский билан биринчи марта 1897-йилда Гаспиринскийнинг Туркистонга саёҳати вақтида Самарқандда танишган. Исмоил Гаспиринский билан учрашуви кейинги ҳаётига таъсир катта кўрсатди. Исмоилбей ва Беҳбудийнинг иккинчи учрашуви 1914-йилнинг ёзида юз берган. Аллома марғилонлик бир киши билан Истанбулнинг Гüлҳане боғида юрганда тасодифан Исмоил Гаспринскийни кўрган ва ўхшатган бўлсам керак деган ўй билан салом бериб ўтиб кетган. Орқасидан жавоб овози келгач, икки дўст яқиндан кўришган. Гаспиринискийнинг таклифи билан Шаҳин пошо меҳмонхонасида юз берган суҳбат етти соат давом этган[6]. Гаспиринский суҳбат якунида Беҳбудийни Қримга таклиф этади[7]. Орадан кўп ўтмай Исмоилбей вафот этган ва Истанбулдаги учрашув уларнинг энг сўнгги қаршилашиши бўлган.
Фаолияти

Беҳбудий 1903-йилда Самарқанднинг Жомбой туманида( у ерда кутубхона ҳам бўлиб унда китоб ўқиш билан бирга сотиб олиш ҳам мумкин бўлган) кейинчалик Самарқанд туманига қарашли Ражабамин қишлоғида „усули савтия“ мактабини очади. Бу мактаб Абдуқодир Шакурий хонадонида ташкил этилган. Мактаб ўқувчиларининг катта қисми шаҳардан бўлганлиги ва Ражабамин қишлоғига қатнаш қийинлиги сабабли кейинчалик бу мактабни Беҳбудий ўзининг ҳовлисига кўчиради. Шу даврда у мактаб ўқувчилари учун бир қанча дарсликлар яратган[8]. 1904-йилда „Рисолайи асбоби савод“ („Савод чиқариш китоби“), 1905-йилда „Рисолайи жуғрофияйи умроний“ („Аҳоли географиясига кириш“), 1906-йилда „Мунтахаби жуғрофияи умумий“ („Қисқача умумий география“), 1908-йилда „Китобатул атфол“ („Болалар хати“), 1908-йилда „Амалиёти ислом“, 1909-йилда „Тарихи ислом“ китобларини нашр эттирган. „Мунтахаби жуғрофияи умумий“нинг тўлиқ номи „Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий ва намунаи жуғрофия“ бўлиб, уни чоп этиш учун 1905-йилнинг 24-августида Санкт-Петербург сензурасидан рухсат олинган. Шундан сўнг 1906-йили Самарқанддаги Г. И. Демуров матбаасида босилган. саҳифалари сони 106 та. Муаллиф ушбу „қадим фан“га тегишли „туркий, форсий, арабий, русий луғатларга тасниф бўлган ўттиз қадар қадим ва жадид қутуб ва расоили жуғрофия, тарихий, ҳай’ати риёзий, табиий“лардан ва яна жуда кўп турли хилдаги манбалардан фойдаланган ҳолда ёзганини қайд этган[9].
1907-йил 23-августда Нижний Новгородда Русия мусулмонларининг маданият ва турмуш муаммоларига бағишланган қурултойи чақирилган[10]. Қурултойда Беҳбудий туркистонликлар гуруҳини бошқарган ва нутқ сўзлаган[11]. Шу йили Беҳбудий Россия 3-Давлат Думасининг Мусулмон фраксиясига „Туркистон маданий мухторияти“ лойиҳасини кўриб чиқиш учун жўнатган. Беҳбудий лойиҳада Давлат думасига Туркистон мусулмон аҳолисининг нуфузига мос вакиллар сайланиши, диний идоравий ишларда эркинликни, Туркистондаги маҳаллийдан тортиб ҳар қандай даражадаги бошқарувда маҳаллий халқ вакилларининг иштирок этишини таъминлаш, туркистонлик халқлар учун мажбурий ҳамда бепул умумтаълимни жорий қилиш, маҳаллий аҳоли розилигисиз Туркистонга Русиянинг турли ҳудудларидан аҳоли кўчирилишини тўхтатиш, рус истилоси натижасида тортиб олинган вақф мулкларини қайтариш сингари қатъий талабларни илгари сурган. Лойиҳада ёзилган исм-шарифи ҳамда мансаби остига ўз муҳрини ҳам босган[12]. Бироқ, унинг бу лойиҳаси 3-Давлат Думаси томонидан эътиборсиз қолдирилади[8].
Беҳбудий 1913-йилдан бошлаб матбуот ишлари билан шуғулланган. Шу йилнинг апрелида „Самарқанд“ газетасига асос солган. Газета икки тилда: ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада 2-марта чоп этилган. Дастлаб икки саҳифада бўлган газета 3-8-сонларида саҳифалари сони тўрттага етказилган. 400-600 нусхада чоп этилган. 45-сони чиққач, чор ҳукуматининг тазйиқи ҳамда моддий қийинчиликлар туфайли нашр тўхтаган[13]. Шу йилнинг 20-августидан „Ойна“ журнали чиқара бошлаган. Ҳафталик нашрдан чиққан бу журнал асосан ўзбекча бўлиб, мақола (форсча), шеър, эълонлар (русча) ҳам бериб борилган. Саҳифаларида иллустрациялардан фойдаланилган. Журнал Татаристон, Эрон, Кавказ, Афғонистон, Туркия, Ҳиндистонгача тарқалган. „Ойна“ журналининг соҳаси кенг қамровли бўлиб, унда миллатнинг тарихи, ҳақ-ҳуқуқи, адабиёт ҳамда тил масалалари, жаҳондаги аҳвол тўғрисида мақола ва мунозаралар бериб борилган. Журнал фаолияти 20 ой давом этган. Шу давр мобайнида 68 сони нашр этилган. Беҳбудий китоб нашрини ҳам йўлга қўйган. А. В. Пяковский 1913-йили Беҳбудий босмахонасида Фитратнинг „Баёноти сайёҳи ҳинди“ асарини рус тилига таржима қилиб, нашр этган[10]. Турли хилдаги дарслик ҳамда қўлланмалардан ташқари нашриётда „Туркистон, Бухоро ва Хиванинг харитаси“ни босиб чиқарган[14]. 1917-йили аллома сафдошлари – Фитрат, Айний, Ажзий, Муҳаммадқули Ўринбоев, А. Шомансур билан биргаликда „Ҳуррият“ рўзномасини, „Зарафшон“ ширкатини ҳамда „Нашри маориф“ни ташкил этган[15].
Беҳбудий 1917-йилнинг 16-23-апрелида Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларининг 150 нафар вакили қатнашган қурултойда иштирок этиб, нутқ сўзлаган. Нутқида мусулмонлар орасидаги ҳар қандай ихтилофларга қарши чиққан. Улуғ мақсад йўлида бирлашишга чорлаган. Шундай келишмовчиликлар туфайли „мустамлакот қоидаси ила бизни идора этурлар“ деб очиқ сўзлаган[10]. 1917-йилнинг 17-мартида қабул қилинган Бухоро амирлигида амир бошчилигида ислоҳотлар ўтказиш талаби тўғрисидаги манифест муаллифларидан бири бўлган[16]. Беҳбудий шу қурултойда ўлка мусулмонлар шўросининг раиси этиб сайланган.
1917-йил 26-ноябрда Беҳбудий Қўқонда иш бошлаган ўлка мусулмонларининг 4-фавқулодда қурултойида қатнашган. 27-ноябрга ўтар кечаси "Туркистон мухторияти" эълон қилинди. Унинг ғоявий раҳбарлари бири Беҳбудий бўлган. Мухторият шўролар томонидан ваҳшиёна бостирилди. Беҳбудий май ойининг бошларида Самарқандга қайтади. У ерда кўп тура олмай Тошкентга келади.
Бу даврда жадидлар ва миллий зиёлилар олдида уч танлов мавжуд бўлган: биринчиси: хорижий давлатга чиқиб кетиш, иккинчиси: қўлида қурол билан ўз фикр ва ғояларини ҳимоя қилиш, учинчиси: янги тузилган ҳукумат билан муроса йўлига кириб, халқ тараққиёти, маърифати йўлида хизмат қилиш бўлган. Туркистон жадидларининг етакчиси бўлган Беҳбудий халқ орасида катта обрў-эътиборга эга бўлган. Янги тузилган ҳукумат ҳам буни яхши тушунган. Шу сабабдан аллома янги ҳукумат таркибида миллий масалалар бўйича комиссариат органларида ишлашга розилик беради. Комиссариатнинг туркий миллат масалалари бўлимини бошқариш вазифасида фаолият юритган. Ҳужжатни мутафаккир Тошхўжа Ашурхўжа имзолаган[17]. Беҳбудийнинг ойлик маоши 700 рубл этиб белгиланган. Комиссар ўринбосари сифатида Беҳбудий ҳудуддаги маънавий ҳамда маърифий ишларга мас’ул бўлган. Шу даврда унинг ташаббуси билан „Иштирокиюн“ („Коммунист“) газетаси нашр қилинган. Беҳбудий нашр бош муҳаррири вазифасига Ориф Кливлиевни тайинлаган[17].
Беҳбудий 1918-йиллари сиёсатда фаол бўлган. Архив ҳужжатларидан олинган маълумотларга қараганда, 1918-йилнинг ёзида Тошкентга бориб Туркистон ҳукуматининг Қурултойида қатнашган. Шунингдек, очарчиликка барҳам бериш ва озиқ-овқат муаммосини бартараф қилишга оид мақолаларни эълон қилган. Партия ва ижро органларининг мутасадди раҳбарлари билан учрашган[17].
Куз ойларига келиб Бебудий советлар ва коммунистлар олиб бораётган сиёсат мафкураси нотўғри йўналишдалигини англаб етган. Бу мафкура маҳаллий халқлар учун зарарли деган қарорга келган. Натижада 1918-йилнинг октябр-ноябр ойларига келиб вазифасидан кетишга қарор қилган. Ҳужжатларда кўрсатилишича, Туркистон комиссарлар совети раиси Малковнинг имзоси билан Маҳмудхўжа Беҳбудий раислик қилган сектор тарқатиб юборилган. 1918-йилнинг 5-ноябридан бошлаб сектор аъзоларига тақдим қилинган ташвиқот ва тарғибот олиб бориш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар бекор қилинган. Беҳбудий ҳам ташкилотни тарк этган[17].
Илмий тадқиқотчилар фикрича Беҳбудий шундан кейин ҳаж сафарига отланган.
Драматургия

Беҳбудий ижодий фаолияти давомида икки песа ёзган. Бири нашр этилмаган[16]. 1911-йили биринчи ўзбек драмаси бўлган „Падаркуш ёхуд Ўқимаган боланинг ҳоли“ асарини ёзган. Ёзувчи асар сарлавҳасидан сўнг қавс ичида жанр ва мавзусини „Туркистон маишатидан олинган ибратнома“ деб келтирган. 3 парда 4 манзарали мазмунан содда асарда ўқимаган, нодон ва жоҳил боланинг ўз отасини ўлдиргани ҳақида баён этилган. Асарнинг илк қисмлари Бухорода чиқаётган „Турон“ газетасининг 1913-йил 1- ва 3-январ сонларида босилган. Бироқ газета ёпилиши натижасида сўнгги қисмлари нашр этилмаган. „Падаркуш“ асари Самарқанд ҳарбий губернатори, генерал-маёр Иля Олешилидзенинг кўмаги ва „матбуот ишлари Тифлис қўмитаси“нинг 1913-йил 23-июл санали рухсати билан Самарқанддаги Газаров ва Сиянов матбаасида босилиб чиққан[18]. Китоб муқовасига „Бородино жанги ва Русиянинг франсузлар босқинидан халос бўлишининг юбилейига бағишланади“ деган ёзув қайд этилган. Песа саҳнага чиқиши учун яна бир йилча вақт кетган. Асар 1914-йилнинг 15-январида Самарқандда озарбайжонлик режиссёр Али Асқаров томонидан „Қироатхонаи исломия“ („Ислом қироатхонаси“) кутубхоналар залида намойиш қилинган. 1914-йил 27-февралда Абдулла Авлоний бошчилигида Тошкентда „Турон“ театр труппаси томонидан Колизей майдонида қайтадан саҳналаштирилган[19].
Тошкентдаги намойиш олдидан Мунавварқори Абдурашидхонов театрнинг жамият олдидаги ўрни ва роли ҳақида нутқ сўзлаган. Бой ролини Абдулла Авлонийнинг ўзи ижро этган. „Турон“ театр труппаси 1914—1916-йилларда „Падаркуш“ спектаклини бутун Фарғона водийсида намойиш этган[20].
Драма 7-майда иккинчи марта саҳнага тақдим этилган. „Ойна“ журналида ёзилишича иккинчи намойишда билетлар сотувидан 384 сўм 50 тийин маблағ тушган. Ушбу пулнинг 184 сўм 50 тийини спектаклнинг харажатига сарфланган. Ортган 200 сўмдан 110 сўм қисми мактаб ислоҳи учун, 15 сўми Бухорий қишлоғида жойлашган мулла Жўрабой очган мактабга, 35 сўми Жомбой туманидаги Бозорамин Ҳодихўжа ташкил қилган ва муаллим мулла Комил идорасидаги мактабга, 35 сўми Абдуқодир Шакурий мактабига, қолган 15 сўми эса „городской училишче“да ўқитилаётган мусулмон болаларга бўлиб берилган[21].
Беҳбудий розилиги билан „Падаркуш“ спектакли 1914-йил 5-мартда Бухоронинг „Туркистон“ саройида Ҳусайн Нажиб раҳбарлигида татар санъаткорлари томонидан саҳнага қўйилган[22].
„Инқилоб“ журналининг 1922-йилда нашрдан чиққан сонларининг бирида Б. А. Пяковский „Ўзбек театри тарихи“ номли мақола эълон қилади. Мақолада театрнинг вужудга келиши ҳақида фикр юритиб „Ўзбек театрининг асосини қўйиб берувчи самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудийдир“ деб ёзган[23].
Ижтимоий публицистика
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг публицистик фаолиятини 1902-йилда Туркистонда маҳаллий тилда нашрдан чиққан расмий „Туркистон вилоятининг газети“дан бошлаган. Гаспринский 1904-йилда бўлиб ўтган рус-япон уруши муносабати билан „Таржимон“ газетасида мусулмонларни ушбу урушда қатнашаётган рус ҳамда мусулмон аскарларига ёрдам кўринишида пул, кийим-кечак, озиқ-овқат тўплаб жўнатишга даъват қилиб бир қанча мақола ёзган. Беҳбудий ҳам айнан шу мавзуда „Туркистон вилоятининг газети“ рўзномасида кичик мақола эълон қилган. Мақолада Беҳбудий Туркистон аҳолисига мусулмонлар нима учун рус аскарларига ҳамда подшо ҳокимиятига ёрдам беришлари сабабини тушунтиради. Ёзувчи ўз сўзларининг исботи кўринишида „газетларда ёзилиб“ турган „Қрим тарафидаги баъзи шаҳарликлар“ маблағ ва кийим йиғиб юборганликлари ҳодисасини мисол тариқаси келтиради. Беҳбудий „газеталар“ деганида айнан „Таржимон“ газетасини назарда тутган ва „Таржимон“да берилган маълумотлардан фойдаланган[24].
„Ойна“ журналининг илк сонидаёқ Беҳбудий „Икки эмас, тўрт тил лозим“ номли мақоласини эълон қилиб, ўзбек, араб, тожик, рус ва ҳатто бирор узоқ хориж (масалан, франсуз) тилини билиш шарт дея мурожаат қилган. Ҳуррият газетасида эълон қилинган „Ҳақ олинур, берилмас“ мақоласида мустақилликка фақат қўлга қурол олиб эришиш мумкинлигини баён қилган. „Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат“ мақоласида турли ихтилофлар ичидаги қозоқ халқини бирликка чақиради.
Айни пайтда тилнинг муҳофазаси („Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар“ –1914, № 35), ўзаро муносабатлари („Тил масаласи“ – 1915, № 11,12) ҳақида муҳим ва зарур мақолалар чоп этди. Адабий танқидга жиддий эътибор қилган. Шинингдек, тенг ҳуқуқлик масаласини ҳам кўтарган („Танқид сараламоқдир“ – 1914, № 27). Миллат шаънини оёқости қилувчи фикр ва қарашларни рад этиб, Туркистон халқини ўз номи билан аташ кераклигини талаб қилиб чиққан („Сарт сўзи мажҳулдур“ 1915, № 22,23,25,26).
1913-йили ёзилган „Эҳтиёжи миллат“ мақоласида 30 йил муқаддам Самарқанд ҳудудидаги битта Ёмони маҳалласининг ўзида 300 алочабоф ишчи бўлгани таъкидланган. Айни пайтда улардан бор-йўғи 30 киши қолгани ва яна 10 йилдан сўнг қолгани ҳам тугаб кетиши хавфи борлиги қайд этилган. „Бу кетишнинг охири ёмондур, ўқимоқ ва ўқитмоқ керакдур. Оталардан болаларга илми диний ва илми замонавий мерос қолсун“ дейди аллома[25].
Беҳбудий ўзбек матбуоти тарихида мақоланавис сифатида ўз ўрнига эга[26]. Унинг ҳозиргача аниқланган мақолаларининг сони 300 га етади[27]. Улар турли хил мавзуда. Илк мақолаларидан бошлаб коммунистик мафкурани рад этган, „хаёлий“, „бу тоифага қўшулмоқ биз, мусулмонлар учун ниҳоятда зарарлик“ деб ёзган эди („Хайрул умури авсатуҳо“ – „Ишларнинг яхшиси ўртачасидир“, „Хуршид“ газетаси 1906-йил, 6-сон). Ўзликни англашни муҳим билади. "Қабиласини(нг) исмини ва етти отасининг отини билмайдургонларни "қулқ „марқуқ“ дерлар", деб ёзади („Сарт сўзи мажҳулдур“, „Ойна“ журнали, 1914, № 23). 1917-йилнинг охири 1918-йилнинг бошларида жадидлар қурган илк демократик давлатчилик намунаси Туркистон мухториятининг тақдири ҳал бўлаётган бир пайтда ўлка халқларини бирликка чақиради.
Беҳбудия кутубхонаси


Беҳбудийнинг юрт ободлиги йўлида бошлаган ижобий ишларидан бири „Беҳбудия“ кутубхонасининг ташкил этилиши бўлди. Беҳбудий биринчилардан бўлиб Самарқандда кутубхона фаолиятини йўлга қўйган[28][29]. 1908-йил 11-сентабрда Самарқанд ҳокимининг расмий рухсати билан ушбу кутубхона „Янги раста“да очилган[30]. Бироқ кутубхонанинг очилиши ҳақидаги хабар бироз аввал чоп этилган. Бу ҳақда „Туркистон вилоятининг газети“да хабар берилган эди. 27 бобдан иборат бўлган дастур кутубхонанинг барча расмий масалаларини белгилаб берган. Кутубхонага йиллик аъзолик бадали 3 сўмни ташкил этган[31]. Кутубхонанинг асосий мақсади маҳаллий мусулмон ёшлари ва мадраса талабаларини замонавий илмлар билан шуғулланишга ундаш бўлган.
Кутубхона фаолиятида Маҳмудхўжа Беҳбудийга жадид маърифатпарварлари Ҳожи Муин, Васлий Самарқандий ва педагог Абдуқодир Шакурий ёрдам берган. Тузилиш жиҳатдан хилма-хил ва бой фондга эга бўлган. Чет эл давлатларда нашрдан чиққан дунёвий ва диний китоблар, суратли журналлар ҳамда газеталар, энсиклопедия, луғатлар, харита ва атласлардан ўқиб фойдаланиш мумкин бўлган. Кутубхонадаги китоблар фонди дастлаб 200, кейинроқ 225 жилдга етган. Кунда 14 соат давомида ишлаган. Очилишидан 7 ой ўтиб, аъзолари сони 125 кишига етган. 1910-йилларга келганда фаолияти сўна бошлади. Бунга аввало ўлкадаги жадидлар ва қадимчилар қарама-қаршилиги сабаб бўлган. Муллалар ота-оналар билан суҳбатлашиб, кофирхона сифатида у ерга боришни тақиқлаб қўяди. 1912-йилда саноқли киши кутубхонадан фойдаланган. 1914-йилдан молиявий қийинчиликлар бошланади. 15 аъзодан иборат йиллик йиғилиш пайтида кутубхонани сақлаб қолиш ва иқтисодий муаммони ҳал этиш мақсадида спектакл қўйишга келишиб олинади[32]. Театр томошалари ҳам қадимчилар томонидан рад этилгач, Кутубхона фаолияти тугайди. Кутубхона 1908—1914-йилларда фаолият юритган. Беҳбудий кутубхонани ўзининг уйига кўчиради ва Беҳбудия кутубхонаси деб номлайди. Кейинчалик у ерда чет элда нашр қилинган китобларни сотишни ҳам йўлга қўяди ва уларнинг рўйхати "Ойна" журналида эълон қилиб борилади[33].
Вафоти
1919-йилда Фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмаги билан Шаҳрисабз беклигида Маҳмудхўжа Беҳбудий ва ҳамроҳлари Муҳаммадқули Ўринбоев, Мардонқули Шомуҳаммедовлар қўлга олинган. Тахминан икки ойча вақт ўтиб, Қаршига олиб келиниб зиндонга ташланган. Қарши беги Тоғайбекнинг буйруғи билан бир неча кундан кейин Нуриддинхўжа Оғалиқ Аҳмадхўжа ўғли томонидан зиндон яқинида жойлашган „подшолик чорбоғи“да қатл эттирилган[34].
Алломанинг қатл этилгани ҳақидаги хабар ўша пайтдаги пойтахт Самарқандга роса бир йилдан кейин етиб келади[35]. Беҳбудийнинг ўлимига бағишлаб Абдурауф Фитрат „Беҳбудийнинг сағанасин изладим“ шеърини, Садриддин Айний „Беҳбудий Афандини эсга тушириб, қатл ва қатлгоҳга хитобан“, „Беҳбудий руҳига итҳоф“ ва Чўлпон „Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасига“ номли марсияларини ёзган[36]. Беҳбудий ўлими арафасида издошларига васиятнома ёзиб қолдиргани манбалардан маълум. (Унда Фитрат, Сиддиқий, Вадуд Маҳмуд, Акобир Маҳдум, Абдулқодир Шакурий билан бирга Айнийнинг номи ҳам қайд этилган). Сўнгги мактубида „Маориф йўлида ишлайтурғон муалимларнинг бошини силангизлар! Маорифға ёрдам этингиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангиз! Ҳар иш қилсангиз жамият ила қилингиз! Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингиз!“ деб хитоб қилган[37].
Оиласи
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1893-йилда уйланиб, тўрт ўғил ҳамда бир қиз фарзанд кўрган.
Катта ўғлига Маъсудхон деб исм қўйган, у 1897-йили туғилган. Мас’удхон ҳам эски мактабда, ҳам гимназияда таҳсил олган. Улғайгач рўзнома ҳамда нашриётларда таржимон вазифасида ишлаган. 1933-йилда қатағон тўлқини натижасида отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий „халқ душмани“ деб эълон қилинади. Маъсудхон шундан сўнг таъқибга учраб Тожикистонга кўчиб ўтишга мажбур бўлади. Ўша ерда яширин равишда ижод билан шуғулланган. 1937-йилда ўрта мактаб ўқувчилари учун адабиёт бўйича икки дарслик ҳамда иккита дарслик хрестоматиясини ёзиб нашр эттирган[38].
Иккинчи фарзанди Мақсудхон 1911-йили туғилган. Дастлаб „усули жадид“ мактабида ўқиган. Кейин Бокуда жойлашган муаллимлар тайёрлаш курсида икки йиллик таҳсилни тамомлаган. 1932-йили 21 ёшида вафот этган[38].
Қизи Парвинахон (Сурайёхон ҳам дейишган) 1902-йили туғилган. 10 ёшигача Абдуқодир Шакурий ташкил қилган „усули жадид“ мактабида ўқиган. Кейинчалик Парвина асосан уйда таҳсилни давом эттириб, муаллимлардан франсуз ва рус тилларидан сабоқ олган. Икки қизи ёшлик чоғида вафот этган. Ўзи халқ душманининг қизи тамғаси остида кун кечирган. 1987-йили вафот этган[38].
Тўртинчи фарзанди Матлубхон 1914-йили туғилган. 1942-йилда Иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилинган. Уруш даврида бедарак йўқолган[38].
Фаолиятини тадқиқ қилиш
ХХ асрнинг 20-йилларида Ҳожи Муин Шукрулло ўғли, Садриддин Айний, Лазиз Азиззода сингари замондошлари томонидан бир қанча мақолалар ёзилган. Аллома ҳаёти ва фаолиятини ёритишда 1922—1923-йилларда Ҳожи Муин муҳаррирлик қилган „Меҳнаткашлар товуши“ ҳамда „Зарафшон“ (1923) газеталарида эълон қилинган мақолалари муҳим аҳамиятга эга. Садриддин Айний Беҳбудийни „Олийшон устод“ ҳамда „Турон доҳийси“ каби номлар билан улуғлаган[39].
Беҳбудий ҳаёти ва фаолиятини ёритишда кейинчалик Аҳмад Алиев, Солиҳ Қосимов, Наим Каримов, Бегали Қосимов, Шерали Турдиев, Сирожиддин Аҳмедов, Улуғбек Долимов, Баҳодир Каримов, Шуҳрат Ризаев, Нурбой Жабборов, Зайнобиддин Абдирашидов каби кўплаб жадидшунос олимлар изланиш олиб борган[19]. Германиядаги Ҳумболт университети профессори, туркшунос олим Ингеборд Балдауф Беҳбудийнинг ҳаж сафарига оид кундаликларини немис тилига таржима қилиш билан шуғулланган[40]. Ингеборд Балдауф „Маҳмудхўжа Беҳбудий – Фаластинда“ номли мақола ёзган[2]. 2023-йилда Наим Каримов „Маҳмудхўжа Беҳбудий“ монографиясини нашр этган.
Нашр қилинган асарлари
- Беҳбудий. „Падаркуш“. „Шарқ юлдузи“ журнали, 1989, 7-сон.
- Беҳбудий. „Эҳтиёжи миллат“. „Совет Ўзбекистони“ газетаси, 1989.
- Беҳбудий. „Баёни ҳақиқат“. „Фан ва турмуш“. 1992, 5-сон.
- Беҳбудий. „Ёшларга мурожаат“, „Икки эмас, тўрт тил лозим“. „Тафаккур“ журнали, 1994, 1-сон.
- Беҳбудий. Танланган асарлар. Т.: Маънавият, 1997, 1999.(иккинчи нашри)
Хотира
- Қарши шаҳри 1926–1937-йиллар давомида Беҳбудий номи билан аталган[41];
- 1977-йилда „Сайланма“ асарлари чоп этилган;
- Беҳбудий асарлари Ўзбекистондаги дарслик ва ўқув қўлланмаларига киритилган;
- Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги кўча ва мактабларга номи берилган;
- 2006-йилда Самарқандда ёдгорлик ўрнатилган;
- Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Беҳбудий шарафига гимназия очилган;
- 2020-йилда Ўзбекистонда алломанинг 145 йиллик таваллуди нишонланган;
- Тошкентдаги Адиблар хиёбонида Беҳбудийга ҳайкал қўйилган[42];
- 2002-йилда режиссёр Бақо Содиқов Беҳбудий ҳақида филм суратга олишни бошлаган[43], кейинчалик бу иш тўхтатилган. 2020-йилда суратга олиш ишлари қайта тикланди ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан премера ўша йилнинг 8-декабрида бўлиб ўтган[44];
- 2021-йилнинг 18-октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 13-апрелдаги 206-сонли қарори асосида Самарқанд шаҳрида Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ташкил қилинган[45].
- 2021-йилда Туркиянинг ТРТ Аваз телеканали „Кöклерин İзинде“ туркуми остида туркий дунё зиёлиларининг ҳаёти ва фаолияти ёритилган филмлар суратга олган. Филмнинг 17-қисми алломага бағишланиб, „Маҳмуд Ҳоcа Беҳбуди“ деб номланган[46];
- 2024-йилнинг 22-ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот таъсис этиш ҳақида қарори имзоланган[47][48];
- 2025-йилнинг 3-январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг „Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида“ги қарори қабул қилинган[49]. Қарорга кўра, 2025-йилда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида „Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари“ мавзусида халқаро илмий-амалий конференсияси ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган тантанали адабий-маърифий хотира кечаси ташкил этилиши белгиланган.
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ Д.Алимова, А.Рашидова. Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг тарихий тафаккури. Тошкент: Академия нашриёти, 1999 — 7-бет.
- ↑ 2,0 2,1 Абдирашидов, З. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Тошкент: Ёшлар нашриёт уйи, 2022. ИСБН 978-9943-6682-2-5.
- ↑ Авазов Н. Маҳмудхўжа Беҳбудий — маърифатпарвар. Тошкент: 1993 — 1-бет.
- ↑ Ҳожи Муин. Танланган асарлар. Тошкент: Маънавият, 2005 — 19-бет.
- ↑ Қаҳрамон Ражабов. О'збекистон ХХ асрда. Тошкент: Фан, 2024 — 120-бет. ИСБН 978-9943-15-685-2.
- ↑ Муродов, Ҳ. ТУРИЗМ ВА САЙОҲАТCҲИЛИКНИНГ ЖАДИДЛАР ҲАРАКАТИ ТАРАҚҚИЙОТИДА ТУТГАН О'РНИ (МАҲМУДХОЖА БЕҲБУДИЙ ҲАЙОТИ МИСОЛИДА). Бухоро Ҳамд принт, 2025 — 202-бет.
- ↑ Жўраев, Х.. Абдурауф Фитрат ва жадид маданияти. Бухоро тарихи масалалари (энг қадимги замонлардан ҳозиргача) мавзусидаги халкаро миқёсидаги илмий-амалий конфренция материаллари., 2023-йил 10-июн — 670-673-бет.
- ↑ 8,0 8,1 Наим Каримов. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Тошкент – 2010 — 22-бет. Қаралди: 28-ноябр 2024-йил.
- ↑ Бегали Қосимов „Маҳмудхо’жа Беҳбудий“. кҳ-даврон.уз. Хуршид Даврон кутубхонаси (2014-йил 19-январ). Қаралди: 20-декабр 2024-йил.
- ↑ 10,0 10,1 10,2 М.Хайруллаев. Маънавият юлдузлари. Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1999 — 357-бет. ИСБН 5-86484-072-6. Қаралди: 29-ноябр 2024-йил.
- ↑ Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ. ЁШЛАРҒА МУРОЖААТ. Тошкент: «Маънавият», 2022 — 9-бет. ИСБН 978-9943-04-428-9.
- ↑ Темур ХЎЖАЎҒЛИ „Мухторият лойиҳаси“. жадид.уз. Қаралди: 5-декабр 2024-йил.
- ↑ Бегали Косимов (1990). „Карвонбоши“. Ёшлик. № 1. 64-бет. Қаралди: 3-декабр 2024-йил.
{{cите магазине}}: CС1 маинт: дате формат () - ↑ Наим Каримов „ЖАДИД АДАБИЁТИНИНГ АСОСЧИСИ“. кҳ-даврон.уз. Қаралди: 17-декабр 2024-йил.
- ↑ М.БЕҲБУДИИ МЕРОСИНИНГ МИЛЛИЙ ҒОЯ ТАРҒИБОТИДАГИ АҲАМИЯТИ. Тошкент: 2014 — 10-бет.
- ↑ 16,0 16,1 Ираж Баширий. „МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ“. Қаралди: 2024-йил 17-декабр.
- ↑ 17,0 17,1 17,2 17,3 „Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётининг номаълум саҳифалари“. узаналйтиcс.cом (25-феврал 2020). 2022-йил 5-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 12-декабр 2024-йил.
- ↑ Дўстқораев Б (2002 йил 11 январь). „"Падаркуш"нинг ғаройиб саргузаштлари“. Ўзбекистон адабиёти ва санъати.
{{cите магазине}}: сана киритилиши керак бўлган параметрга берилган қийматни текшириш лозим:|дате=(ёрдам) - ↑ 19,0 19,1 Шуҳрат Ҳайитов „Маҳмудхўжа Беҳбудий – она юрт фидойиси“. уза.уз. Қаралди: 29-ноябр 2024-йил.
- ↑ Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. Тошкент, Маънавият, 1999 — 12-бет.
- ↑ Шуҳрат Ризаев (1994). „"Падаркуш" ёхуд Самарқанд тарихидан лавҳалар“. “Ватан” газетаси. № 39.
- ↑ „Махмудходжа Бехбуди“. мйташкент.уз. Қаралди: 12-декабр 2024-йил.
- ↑ Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти. Тошкент, «Маънавият». 2004 — 172-бет. Қаралди: 20-декабр 2024-йил.
- ↑ З. АБДИРАСҲИДОВ. ХХ. Асрнинг Туркий Дунёнинг İкки Буюк Интеллектуали Исмаил Гаспрнский ва Маҳмудҳо'жа Беҳбудий. Қаралди: 15-декабр 2024-йил.
- ↑ Нафас Шодмонов „Беҳбудийнинг васияти“. белгиум.мфа.уз. О'збекистон Республикасининг Белгия Қироллигидаги элчихонаси. Қаралди: 20-декабр 2024-йил.
- ↑ „Маҳмудхўжа Беҳбудий“. мухторият.уз. Қаралди: 5-декабр 2024-йил.[сайт ишламайди]
- ↑ Ҳайдаров А. “Зарафшон”нинг Беҳбудийси”. Саҳҳоф, 2020 — 12-бет. ИСБН 978-9943-6664-7-2. Қаралди: 4-декабр 2024-йил.
- ↑ „Суд тизимида рақамлаштириш кенг жорий қилинади“ (уз-Латн-УЗ). ҳттпс://юз.уз. Қаралди: 2023-йил 3-октябр.
- ↑ „Маҳмудхўжа Беҳбудий: туркистон жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси, миллий маърифат раҳнамоси“ (уз-Латн-УЗ). ҳттпс://юз.уз. Қаралди: 2023-йил 3-октябр.
- ↑ „Туркистон жадидчилик намоёндаси Маҳмудхо’жа Беҳбудий“. cйберленинка.ру. Қаралди: 2023-йил 3-октябр.[сайт ишламайди]
- ↑ Эгамқулова, Нодира „Беҳбудия кутубхонаси: 114 йил аввал Самарқандда очилган, кунига 14 соатлаб ишлаган ва… қаровсиз қолиб ёпилган“. Қаралди: 23-сентабр 2023-йил.
- ↑ Абдурашидов, З. Исмаил Гаспринский и Туркестан в начале ХХ века: связи-отношения-влияние. Тошкент: Академнашр, 2011 — 267-бет.
- ↑ „Маҳмудхўжа Беҳбудий“. Қаралди: 23-сентабр 2023-йил.
- ↑ „Маҳмудхўжа Беҳбудий“. жадид.уз. Қаралди: 12-декабр 2024-йил.
- ↑ „Маҳмудхўжа Беҳбудий“. оз.спутникнеwс.уз. Қаралди: 23-ноябр 2024-йил.
- ↑ Нилуфар Мирсаидова (2024). „Маҳмудхо'жа Беҳбудий - буюк ма'рифатпарвар, ёзувчи,“. Тамаддун нури. № 6. 113-118-бет. Қаралди: 23-ноябр 2024-йил.
{{cите магазине}}: CС1 маинт: дате формат () - ↑ Ҳожи Муин (1922). „Муфти Маҳмудхо'жа Беҳбудий ҳазратларининг қандай шаҳид бо'лг'анлиг'и ва анинг томонидан ёзилг'ан васиятнома“. Инқилоб. № 1.
- ↑ 38,0 38,1 38,2 38,3 Тўрахўжаева, Раъно „Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллиги олдидан: Улуғ аллома шажараси“. зарнеwс.уз. Қаралди: 28-ноябр 2024-йил.
- ↑ Иброҳим Г’афуров „Маҳмудхо’жа Беҳбудий ҳақида икки бадиа“. кҳ-даврон.уз. Қаралди: 21-декабр 2024-йил.
- ↑ З.Аҳророва (27-март 2024). „Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг педагогик мероси“. Замонавий педагогика ва психологиянинг долзарб муаммолари. 2025-04-14да асл нусхадан архивланди. Қаралди: 20-декабр 2024-йил.
{{cите магазине}}: CС1 маинт: дате формат () - ↑ Азиз Ҳакимов „Маҳмудхўжа Бэҳбудий: туркистон жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси, миллий маърифат раҳнамоси“. юз.уз. Қаралди: 23-ноябр 2024-йил.[сайт ишламайди]
- ↑ „“Зарафшон”нинг Беҳбудийси” китоби нашр этилди“. уза.уз. Қаралди: 4-декабр 2024-йил.
- ↑ „18 йил «запрет»да бўлган «Маҳмудхўжа Беҳбудий» филми премераси ўтказилди“. ҳттпс://хс.уз/уз. халқ со'зи. 2023-йил 20-февралда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-феврал.
- ↑ „В Бухаре завершаются съемки фильма о Махмудходже Бехбудий“. 2020-йил 20-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2020-йил 27-сентябр.
- ↑ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ. „ЛехУЗ / Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси“ (Ўзбекча(кирил)) (2021-йил 13-апрел). Қаралди: 2022-йил 13-апрел.
- ↑
Кöклерин İзинде 17. Бöлüм (Маҳмуд Ҳоcа Беҳбуди) ЁуТубеда
- ↑ „„Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида“ Президент қарори (ПҚ-399-сон)“. лех.уз. Қаралди: 5-декабр 2024-йил.
- ↑ „Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотлар та’сис этилади“. жадид.уз. Қаралди: 5-декабр 2024-йил.
- ↑ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ. „Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида“. Пресидент.уз (2025-йил 3-январ). Қаралди: 3-январ 2025-йил.
Адабиётлар
- Ўзбек совет энсиклопедияси. 2-жилд. Т., 1979.
- Қосимов Б., Беҳбудий ва жадидчилик. „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“, 1990-йил 19,26-январ.
- Қосимов Б., Беҳбудий Карвонбоши. „Ёшлик“ журнали, 1990-йил, 1-сон.
- Қосимов Б., Маслакдошлар. Беҳбудий. Ажзий. Фитрат, Т., 1994;
- Алиев А. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Т., 1994.
- Аҳмедов С. Ўлимдан қўрқмаган мутафаккир. „Совет Ўзбекистони санъати“, 1989-йил, 2-сон.
- Ризаэв Ш. „Падаркуш“ ёҳуд Самарқанд тарихидан лавҳалар". „Ватан“ газетаси, 1994-йил, 39-сон.
- Шавкат Кушмуратов (Раҳметуллаҳ Даняр). Тüркистанъда Cедитçилик ве Маҳмуд Ҳоcа Беҳбуди. Анкара, Бенгü, 2021.
- Сирожиддин Аҳмад. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Т., 2024.
- Тимур Коcаоğлу. Тüркистанъда Тüркçэ илк тиятро эсери: Маҳмуд Ҳоcа Беҳбуди’нин Педеркüş (баба катили) пиеси-1913. Мармара Üниверситеси Фен-Эдебият Факüлтеси, 2004.
- Адеэб Кҳалид. Cедитçилик ве Орта Асяъдаки Ени Кимликлерин Айрıнтıларıна Гириş. Çэв: Мüфит Балабанлıлар. Анкара: Ени Тüркие Яй. 2002.
- Аçıк Фатма. Маҳмут Ҳоcа Беҳбуди ве Cедит Матбуатı Ҳаккıнда Тüркиеъде Япıлан Çалışмалар. Маҳмуд Ҳоcа Беҳбуди Мирасı ве Cедит Басıнı Араşтıрмаларı, Таşкент, Öзбекистан, 19 Оcак 2022.
- Шамсиддин Камолиддин, Тимур Коджаоглу. Проэкт културной автономии Туркестана Махмудходжи Бехбуди. Саарбрücкен: ЛАП, 2021.
- Камолиддин Ш. Документ из архива Исмаила Гаспринского, относящийся к Туркестану. // Кримскоэ историческоэ обзрениэ. 2017. № 1. с. 245—279. О проэкте Туркестанской автономии М. Бехбуди 1907 года.
- Адеэб Кҳалид. Тҳе Политиcс оф Муслим Cултурал Реформ: Жадидисм ин Cентрал Асиа. Беркелей & Лос Ангелес 1998.
- А. Марcос, Д. Драгнеа, М. Драгнеа. Исламиc Cултуре анд Пре-Исламиc Белиэфс ин Cентрал Асиа. Лехингтон Боокс. 2024.
Ҳаволалар
"Маҳмудхо'жа Беҳбудий" ҳужжатли филми ЁуТубеда
Кöклерин İзинде 17. Бöлüм (Маҳмуд Ҳоcа Беҳбуди) ЁуТубеда
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўлими ёхуд фитна “санъати” ЁуТубеда
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди ЁуТубеда
"Истиқлол фидойилари": Ўзбек халқининг асл фарзанди Маҳмудҳўжа Беҳбудий ЁуТубеда
Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудига бағишланган халқаро анжуман ЁуТубеда
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- 20-yanvarda tugʻilganlar
- 1875-yilda tugʻilganlar
- Samarqandda tugʻilganlar
- 1919-yilda vafot etganlar
- 25-martda vafot etganlar
- Qarshida vafot etganlar
- Buyuk xizmatlari uchun ordeni sohiblari
- Oʻzbekistonlik yozuvchilar
- Jadidlar
- Rossiya imperiyasi muftiylari
- Samarqand shahar dumasi unli ovoz beruvchilari
- Sovet yozuvchilari
- Buxoro madrasalarida tahsil olganlar
- Samarqand madrasalarida tahsil olganlar
- Jadidchilik