Behi
| Беҳи | ||
|---|---|---|
| Биологик классификация | ||
| ||
Беҳи (Cйдониа облонга Милл.) — раънодошлар оиласига мансуб мевали дарахт ёки бута. Беҳининг Озарбайжон, Доғистон, Туркманистон, Эронда ёввойи турлари учрайди, турк тилида айва номи билан юритилган. Маҳмуд Кошғарийнинг "Девону луғотит турк" асарида "авя" шаклида тилга олинган. Беҳи Кавказ, Ўрта Осиё, Қрим, Украинанинг жан. ҳамда Астрахон вилоятида кенг тарқалган. Ўзбекистондаги Беҳизорларнинг 80% Фарғона водийсида. Баландлиги 5–6 м, шохшаббалари пирамида шаклида, баъзан тарвақайлаб ўсади. Барги оддий, яшил, чети бутун. Гуллари якка ҳолда, оқ ёки оч пушти, апрелда гуллайди. Кўчати ўтқазилгач, 3—4 йили ҳосилга киради, 30—40 йил яшайди. Катта ёшдаги дарахтлари ўртача 60— 70 кгҳосил беради. Меваси сентабр—октябр ойларида узиб олинади; вазни, навига қараб 150—500 г. Беҳи мевалари лимон рангда ёки тўқ сариқ, тук билан қопланган; етилганда туки тўкилиб кетади, хушбўй. Янги узилган меваси кам истеъмол қилинади. Беҳи энтомофил (ҳашаротлар билан чангланадиган) ўсимлик. Беҳи таркибида 74,7—83,5% сув, 8,5— 15,2% қанд, 0,2—1,5% кислота бор, шунингдек ошловчи моддалар ва тош ҳужайралар бўлади. Меваси дағал бўлиб, узоқ сақлангандан кейин тош ҳужайралар юмшаб қолади. Беҳидан мураббо, компот, мармелад, сукат, қиём, жем тайёрланади, овқатга (кўпинча паловга босилади) ишлатилади. Беҳи, асосан, пайвандлаб кўпайтирилади, кўчати 6×6 ёки 5×5 м схемада ўтқазилади. Беҳининг кўпчилик навлари нокка пайвандтаг бўла олади; унга уланган нок пакана бўлади. Беҳи иссиклик ва намликка талабчан. Суғориладиган унумдор тупроқларда, шунингдек шўри кам ерларда яхши ўсади. Ўсув даврида тупроқ шароитига қараб 3—8-марта суғорилади.
Асосий навлари: Нон Беҳи, Қува Беҳи, Ширин Беҳи, Самарқанд йирик Беҳи, Хоразм олмасимон Беҳи Н о н Беҳи —эртапишар, хўраки ва консервабоп, дарахти ўртача. Меваси йирик 300—400 г, олма шаклида, сариқ. Эти сарғиш, ўртача сувли, сал нордон, хушбўй. Сентабрнинг иккинчи ярмида узилади, декабргача сақланади. 50–70 кг ҳосил беради; Қува Беҳи—ўртапишар, хўраки, дарахти катта (5–6 м), меваси ўртача (150—200 г), тилимли, олма шаклида, оч сариқ. Эти оқ, тиғиз, ўртача сувли, ширин, хушхўр. Октябр бошларида узилади, январгача сақланади. Тупи 150–200 кг ҳосил беради; Ширин Беҳи—эртапишар, хўраки, дарахти ўртача. Меваси 150—180 г, тилимли, ноксимон, эти оч сариқ, серсув, шириннордон, ейишли. Сентабрнинг иккинчи ярмида узилади, узоқ сақланмайди.
Зараркунандалари: олма қурти, олма қон бити, нок канаси, дўлана капалаги ва бошқа; касалликлари: қора чириш, занг ва бошқа
Рихсивой Жўраев.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |