Bekjon Rahmonov
Бекжон Раҳмонов, Мулла Бекчон Раҳмон ўғли ёки Мулла Бекжон Раҳмон ўғли (1887-йил, Хива — 1929-йил, Амударё) — ўзбек давлат, сиёсат ва жамоат арбоби, ўқитувчи, тилшунос, полиглот, журналист, Хоразм жадидчилигининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, Ёш хиваликлар партиясининг арбоби, маърифатпарвар[1][2].
| Бекжон Раҳмонов | |
|---|---|
| Таваллуди |
1887-йил |
| Вафоти |
1929-йил Амударё, Ўзбекистон ССР, СССР |
Бекжон Раҳмонов Хивада мадраса таълимини олиб, Истанбул дорилфунуни (1913—1918)да таҳсил кўрган. Хоразмга қайтгач, жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. Хивада хонлик тузуми ағдариб ташлангач, ХХСРда маориф вазири (1920—1921); МИК иш бошқарувчиси (1921-йилдан); „Инқилоб қуёши“ газетасининг муҳаррири (1920—1921). Унинг ташаббуси билан Хоразмда кўплаб мактаблар (ўзбек ва туркман тилларида) очилган, 1921-йил сентябрда Хивада халқ университети ташкил қилинган. Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилгач, Хоразм округи (вилояти) халқ маориф бўлими мудири (1925—1926) ва бошқа лавозимларда ишлаган. Хоразм ўзбекларининг мусиқа тарихига оид тадқиқотлар ва турли дарсликлар муаллифи. Амударё (кеманинг ичи)да совет чекистлари томонидан фожиали ўлдирилган.
Биографияси
Дастлабки йиллари
Бекжон Раҳмонов 1887-йилда Хива хонлиги пойтахти Хива шаҳрида зиёли олиасида туғилган[3]. Отаси Раҳмонберди Маҳрам Хива хонлигда катта амалдорлардан бири, ислоҳотчи бўлган[3]. Хива мадрасасини тамомлаган, у ерда исломий ва қисман дунёвий таълим олган. 1912-йилда 26 ёшида Эрон орқали Усмонлилар империясига бориб, 1913-йилда Истанбул университетига ўқишга киради. Истанбулда жадидчилик ғояси билан танишиб, кўплаб дўстлар орттиради ва алоқалар ўрнатган. 1918-йилда Истанбулда ўқишни тугатиб, Хивага қайтиб келади. Бекжон Раҳмонов ўз она тилиси бўлган ўзбек тилидан ташқари туркман, форс ва турк тилларини ҳам яхши билган. Кейинчалик рус тилини ўрганган.
Сиёсий карераси
Истанбулдан Хивага қайтгач, хоразмлик жадидлар билан учрашиб, уларнинг ҳаракатига қўшилади. Кейинчалик Хоразмда монархияни ағдариш учун курашган „Ёш хиваликлар“ ҳаракатининг аъзоси бўлган. Хива инқилоби натижасида монархия ағдарилгач, Хоразм Халқ Совет Республикаси тузилди, унинг тузилшида Бекжон Раҳмонов ҳам қатнашган. Собиқ хонлик ҳудудида республика ташкил топгандан сўнг дарҳол Бекжон Раҳмонов Хоразм Халқ Совет Республикаси маориф вазири этиб тайинланади[3]. 1921-йилда Бекжон Раҳмонов ХХСР марказий инқилобий қўмитасининг раиси бўлади. 1920—1921-йилларда айни пайтда „Инқилоб қуёши“ республика газетасининг муҳаррири бўлган[2]. Унинг ташаббуси билан бутун ХХСР ҳудудида араб-форс ёзувларидаги ўзбек ва туркман тилларида ўқитиладиган кўплаб мактаблар очилди. 1921-йилда Ўрта Осиёдаги биринчи олий ўқув юртларидан бири бўлган Хива халқ университетини (ҳозирги Урганч давлат университети) ташкил этган. Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланишидан кейин 1925-йилда Ўзбекистон ССР Хоразм округида маориф бўлими мудири бўлиб, 1926-йилгача шу ерда ишлади[2]. Шу билан бирга, Бекжон Раҳмонов бошқа, кичикроқ лавозимларни эгаллаган. Бекжон Раҳмонов ўзбек ва туркман тиллари манфаатларини, аҳолининг ўз она тилида ўқиш ҳуқуқини фаол ҳимоя қилган. Бекжон Раҳмонов ўзбек халқ мусиқасига оид кўплаб асарлар ёзган, халқ чолғуларида чалишни яхши билган[3]. Бекжон Раҳмонов жадидчилар билан яқин алоқада бўлган.
Ўлими
Ўзининг қарашлари туфайли совет хавфсизлик кучлари Бекжон Раҳмоновни йўқ қилишга ҳаракат қилишган. 1929-йилда СССР ОГПУ СНК ходимлари томонидан Урганч яқинидаги Амударёда пароход ичида ноаниқ шароитда ўлдирилган[2]. Ўша пайтда 42 ёшда бўлган. Бекжон Раҳмоновнинг маслаклари ва қараши туфайли унинг ўлдирилиши тарихчилар томонидан сиёсий деб баҳоланади.
Адабиётлар
- Валидий, Бўлинганни бўри ер (Хотиралар), Т., 1997; Маткаримов М., Хоразм республикаси: давлат тузилиши, нозирлари ва иқтисоди, Урганч, 1993[1].
- М. Маткаримов, Хоразм республикаси: давлат тузилиши, нозирлари ва иқтисоди, Урганч, 1993.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |