Беқасам, беқасаб — йўл-йўл гулли пишиқ мато; танда ипи ипак, арқоғи ипдан тўқилади. Арқоқ ипи танда ипидан йўғонроқ бўлгани учун мато юзасида кўндаланг чизиқлар (ғадирбудурлик) ҳосил бўлади. Тўқиш жараёнида арқоқ ипи ҳўлланиб турилади. Махсус ишлов бериб кудунглангандан сўнг Б.нинг бир тарафи атласдек силлиқ, бир тарафи товланиб туради. Олдиндан бўялган танда иплари ишлатилиши натижасида Б. гули икки томонлама хилма-хил ва рангбаранг бўлади. Ўрта Осиёнинг йирик ипакчилик марказларида ишлаб чиқарилган Б.лар қалинюпқалиги, мато энининг торкенглиги, ранг хилларининг танланиши, йўлйўл гулларининг тартиби жиҳатидан бир-биридан фарқ қилган. Бухоро—Самарқанд Б.ларининг арқоқ ипи йўғон, мужассамоти маркази оддий бир меъёрда такрорланувчи аниқ кенг (пушти, сариқ, зангори ёки пушти, бинафша, сариқ тусли) йўллардан, қирғоғи эса ҳошия йўллардан иборат. Бундан ташқари, "занжира" гуллар, абр нусха ёки турли квадрат, чизиқча, майда гуллар ва бошқа тасвирлар қўшиб безатилган. Маҳаллий ёрқин колорити рангларга бой. Б. Бухоро—Самарқанд водийсида олача номи билан ҳам машҳур.

Фарғона водийси Б.лари юпқа ва майин, чунки арқоқ ипи ингичкароқ; гули, асосан, совуқ ферузабинафша ранглардан иборат, кўпроқ бўркўк тусли ва турли хил яшил рангларнинг бир-бирига майин ўтиши билан бошқа Б.лардан ажралиб туради. Баъзи анъанавий гуллари ("беш кашта", "Байрок" )да яшил рангга ёрқин пушти ранг аралаштирилган. Қадимда куёв тўнларига ишлатилган Наманган "оқ Б."и, асосан, оқ, сариқ, яшил тусли қилиб тўқилган. Наманган, Марғилон, Қўқон тўқимачилик фкаларида Б.нинг оқ, чивиқ, олти катак, мармар ва бошқа турлари ишлаб чиқарилади. Б.дан кийим (тўн, камзул, кўйлак ва бошқалар)лар, кўрпача ва бошқа тайёрланади.

Сайёра Маҳкамова.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил