Билик – 1) қадимги туркий қавмларда илм, билиш, ҳикматли сўз, доно маслаҳат маъносини англатувчи сўз. Маҳмуд Қошғарийнинг „Девону луғотит турк“, Юсуф Хос Ҳожибнинг „Қутадғу билиг“ асарларида кўп қўлланган. 2) Чингизхон ҳаёт чоғида айтган ва ёзиб қолдирилган ҳикматли сўзлар мажмуи. Б. мўғул хонлари ўртасида зўр эътиборга эга бўлган ва даре сифатида ўқитилган. Хитойда бир вақтлар даъвогарлардан кимни тахтга ўтқазиш масаласи ўртага қўйилганда, Б.ни қай даражада билишини синаб кўриш лозим топилган ва Б.ни яхши билганлардан бири тахтга ўтқазилган. Чингизхон Б.ларидан айримлари Рашидуддиннинг „Жоме аттаворих“ китобининг иловасида келтирилган. Б.нинг бизгача етиб келган дастлабки йиғиндиси – „Монгол ун Ниуча тобчон“ („Мўғулларнинг сирли тарихи“) 1240-йилда тузилган бўлиб, мулк, оила, никоҳ, жиноят ва жазо, маъмурий ҳамда бошқа ҳуқуқий меъёрларни ўз ичига олган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил