Билқис — мусулмончилик ривоятларида ва Қуръонда тилга олинган Сабо юртининг подшоҳи (маликаси). Инжилда Савро подшоси сифатида тилга олинади. Қуръонда Сулаймон пайғамбарнинг улуғворлигини таърифловчи ҳикоялардан бирида келтирилишича, ҳудҳуд қуши подшога Сабо мамлакатига боргани ва у ерда „ҳамма нарса ато этилган“ хотин ҳукмронлик қилаётгани, аммо бутун халқи билан шайтонга алданиб, Аллоҳга эмас, Қуёшга сиғинаётганини айтади. Сулаймон шу қуш орқали маликага мактуб йўллаб, унга бўйсунишни буюради. Билқис ўз яқинлари билан маслаҳатлашиб, Сулаймонга катта ҳадялар юборади. Аммо Сулаймон маликанинг элчилари олдида бу ҳадялардан олишни рад этиб Аллоҳ унга берган неъматларини эътироф этади ва шу билан кифояланишини айтиб, Сабо юртига қўшин тортишини эълон қилади. Сўнгра, матнда айтилишича, малика Сулаймон ҳузурига ўзи келади. Сулаймон хизматида бўлган илимли кишилардан бири кўз очиб-юмгунча, маликанинг тахтини унинг олдига олиб келади. Маликани саройга киритишганида, сарой сатҳини „сув тўлқинлари сифатида кўради ва оёқларини тўпиғигача очади“. Саройнинг қадам босиладиган қисми шаффоф биллурлардан иборатлигини кўради. Аллоҳ ҳамма ишда ёрлақаган Сулаймоннинг бундай улуғворлиги далилларига шоҳид бўлган малика, ўзининг гумроҳлигини тан олади ва Аллоҳга имон келтиради.

Манбалар