Борис Чепрунов (русча: Борис Васильевич Чепрунов, 1891-йил 25-январ; Кўҳна Урганч, Хива хонлиги, 1938-йил 8-октябр, Тошкент, Ўзбекистон ССР) – миллати рус бўлган ёзувчи, журналист ва муҳаррир. У ёзувчи сифатида „Хоразм ҳикоялари“ (1931), „Матёқубов“ (1933), „Миёвиддин Мирзо“, „Жунаидхон“ (1936) каби асарлар муаллифидир. 1938-йил 8-октябр куни Чепруновга тегишли „Жунаидхон“ романи Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида қилинган танқидлар ортидан Тошкентдаги СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг кўчма сессияси қарори билан отувга ҳукм қилинган[1].

Борис Чепрунов
Таваллуди 1891-йил 25-январ
Кўҳна Урганч (баъзи манбаларда Тўрткўл)
Вафоти 8-ноябр 1938-йил(1938-11-08)
(47 ёшда)
Ижод қилган тиллари рус тили
Фуқаролиги Хива хонлиги
Oʻzbekiston SSR Ўзбек ССР

Биографияси

Борис Чепрунов 1891-йил 25-январ куни Хоразм воҳасидаги Кўҳна Урганч шаҳрида туғилган[2]. Баъзи манбаларга кўра, Тўрткўлда туғилган. Чепруновнинг отаси Россия империяси томонидан янги босиб олинган ҳудудларга кўчирилган крепастной деҳқонлардан бири эди. 1905-йил отаси вафот этгач, оиладаги тирикчилик юки унинг гарданига тушган. Борис дастлаб Урганчдаги корхоналардан бирига хизматчи бўлиб ишга кирган. 1910-йил Янги Урганчда фаолият юритган Россия Осиё банки бўлимида ишлай бошлайди. У, шунингдек, дам олиш кунлари идора қошидаги эски ўзбек ёзувини ўрганиш машғулотларига қатнаб юрган. Бу вақтда Тошкентда чиқиб турган „Туркестанский курер“ газетасида илк мақолаларини эълон қилган.

Ижодий фаолияти

Борис Чепрунов ХХ асрнинг 20-йилларида Тошкентга келган ва бу ердаги адабий жараёнларга фаол аралаша бошлаган. 1934-йил Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасида рус адабиёти бўйича адабий маслаҳатчи, 1935-йил рус ёзувчилари бўлими раиси, „Литературний Узбекистан“ журналининг таҳрир ҳай’ати аъзоси каби вазифаларда фаолият юритган. Журналлардаги фаолияти мобайнида маҳаллий рус ёзувчилари билан бирга, ўзбек ёзувчиларидан Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ойбек, Усмон Носир асарларининг рус тилига қилинган таржималарини ҳам эълон қилган. Ёзувчи сифатида „Хоразм ҳикоялари“ (1931), „Матёқубов“ (1933), „Миёвиддин Мирзо“, „Жунаидхон“ (1936) каби асарлари эълон қилган. Шунингдек, „Мустамлакачилар“ романи муаллифидир.

1935-йил Чўлпон „Муштум“ журналининг таҳрир ҳай’атига жалб этилгач, „Миёвиддин Мирзо“ қиссасини таржима қилиб, журналнинг 1936-йилги ўндан ортиқ сонида чоп эттирган. Чўлпон қисса учун ёзган кичик кириш сўзида шундай дейди:

„Миёвиддин Мирзо“ қиссаси халқ ижодига тааллуқли бир асардир. Халқ ижодида „Миёвиддин Мирзо“га ўхшаган ҳайвонлар ҳаётига оид асарлар кўпдир. Бу асарларда айрим ҳайвонларга турмушдаги жонли типларнинг сифати берилган. Шунинг билан айрим бир даврнинг хусусиятлари изоҳ қилинади. „Миёвиддин Мирзо“ қиссаси Фарғонанинг сўнгги хони Худоёрхон даврига оиддир. Бу асарда хон ҳукуматининг бутун қабиҳлиги ва шариат қонунлари панжаси остида ҳимоясиз ҳолдаги камбағалларнинг эзилганлиги кўрсатилади. Асардағи ҳар бир ҳайвон ўша турмушдаги жонли бир кишини жуда усталик билан ифода қила олади. Халқ ижодида сатира жуда яхши томир ёзғон. Бизнинг сатирамиз кенг халқ ижодидағи тажрибалардан, усталиқлардан фойдаланиши керак. Шунинг учун „Муштум“да „Миёвиддин Мирзо“ қиссасини босиб борамиз.

Қораланиши

1937-йилнинг 2—7 сентябр кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг 4-пленумида кўплаб ижодкорлар қаторида Борис Чепрунов ижоди ҳам қаттиқ танқид қилинади. Хусусан, пленум давомида у троцкийчи-бухаринчи террорчиларнинг Тошкентдаги гуруҳи аъзоси, тарихни сохталаштирувчи, буржуа миллатчилик ғояларининг ҳимоячиси эканлиги таъкидланди. 5-сентябрдаги йиғилишда сўз олган рус ёзувчиси Плетнев „Жунаидхон“ романи орқали Борис Чепрунов тарихни идеаллаштирганлигини танқид қилиб шундай дейди:

Мен ўртоқ Чепруновнинг „Жунаидхон“ романига тўхталмоқчиман. Бизнинг адабий доираларимизда мазкур асар адабиёт оламимизда бутун бир адабий ҳодиса дейилиб, кўкларга кўтарилди. Мен меҳнат та’тилига кетганимда ушбу китобни ўзим билан бирга олиб кетиб, синчиклаб ўқиб чиқдим. Бу ерда шуни очиқ айтишим керакки, китобда жуда кўп носоғлом фикрлар, кўп сиёсий хатолар мавжуд. Жумладан, асарда асосий мавзу — жадидизм масаласида шундай хатолар бўлган. Романда жадидлар бўяб, нуқсонсиз қилиб тасвирланган. Асарда майда савдогарлар, ҳунармандлар — ҳаммаси гўё ўз халқининг маданияти ҳақида қайғурадилар, инқилоб учун фаол курашадилар. Бунинг оқибатида романда жадидизмнинг моҳияти очилмай қолиб кетаверади. Бу оқимнинг ортига бекинган йиртқич одамлар башараси очилмайди. Уларнинг ҳаммаси гўё бир фариштасимон, гуноҳсиз кишилар қилиб кўрсатилади. Бу тўғри эмас, ўртоқ Чепрунов!

Ўлимга ҳукм қилиниши

1937-йил 4-декабр куни ички ишлар халқ комиссарлиги Чепруновни қамоққа олган. Узоқ давом этган терговдан сўнгра, 1938-йилнинг 8-октябрида бўлиб ўтган собиқ иттифоқ олий суди ҳарбий коллегиясининг Тошкентда ўтган сайёр йиғилишида отишга ҳукм қилинган[3].

Оқланиши

Сталин вафотидан кейин кўплаб ижодкорларнинг оиласи сингари Борис Чепруновнинг рафиқаси Вера тегишли идораларга мактублар ёзган. Бунинг натижасида, 1957-йил 28-июн куни СССР Олий суди ҳарбий коллегияси Борис Чепрунов ишини қайта кўриб чиқди. Фаолиятида „жиноий ҳаракат“ топилмаганлиги сабабли ёзувчи тўлиқ реабилитация қилинган[4].

Фаолиятининг ўрганилиши

Борис Чепрунов ижоди яхши ўрганилмаган. Дастлаб ёзувчи ижодини ўрганиш масаласини И.Гринберг, И.Тёмкина, А.Клеблеэв, Шерали Турдиевлар матбуот орқали кўтариб чиққан. Хусусан, адабиёцҳунос Шерали Турдиевга тегишли „Борис Чепруновнинг фожиали қисмати“ мақоласи „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ газетасининг 2007-йил 21-декабрдаги сонида эълон қилинган[2]. Борис Чепрунов томонидан янги адабий асарлар учун тайёрланган ҳужжатлар, қўлёзмалар ва кўплаб архив материаллари НКВД ходимлари томонидан йўқ қилинган бўлиб, тасодифан сўнгги асари – „Мустамлакачилар“ романининг фақат қўлёзмаси сақланиб қолган.

Манбалар

  1. ↑ Давронбек „Шерали Турдиев. Борис Чепруновнинг фожиали қисмати (2007)“ (ру-ру). н.зиёуз.cом (2014-йил 8-феврал). Қаралди: 2024-йил 4-апрел.
  2. ↑ 2,0 2,1 „Борис Чепрунов. Ал-Кабир & Чепрунов ҳақида икки мақола | Хуршид Даврон кутубхонаси“. кҳ-даврон.уз. Қаралди: 2024-йил 4-апрел.
  3. ↑ „Чепрунов Борис Васильевич | История повседневности“. www.эл-ҳисторй.ру. 2024-йил 4-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2024-йил 4-апрел.
  4. ↑ „Трагическая судьба писателя Бориса Чепрунова“ (ру-РУ). Письма о Ташкенте (2022). Қаралди: 2024-йил 4-апрел.