Борис Борисович Надеждин (1905-йил, 5-апрел, Смоленск шаҳри — 1961-йил, 3-июл, Тошкент) — композитор ва педагог. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1950). Москва консерваториясини тугатгач (1936), Тошкент консерваториясида (1937-йилдан), Ҳамза номидаги мусиқа билим юртида (1941 — 1945) ўқитувчи. Ўзбекистонда профессионал композиторлик таълими ривожига, мусиқа мактаблари педагогик (фортепиано) репертуари шаклланишига катта ҳисса қўшган. Ижодида ўзбек халқ куйларига кенг таянган ва ижобий қўллаган. Бастакорлар Т. Жалилов билан ҳамкорликда „Асрлар“ (1943) ва "Алпомиш (1949), Ю. Ражабий билан „Фарҳод ва Ширин“ (1944) мусиқали драмаларини яратган. Шунингдек, симфоник оркестр учун „Симфониетта“, „Сегоҳ“, „Пахта“ (Ю. Ражабий билан), „Болаларга“, „Валс“, овоз ва чолғулар оркестри учун „Абдураҳмонбеги“, „Эй, Ватан“; болалар учун фортепиано песалари ва қўшиқлар яратди. Тошкентдаги 5-болалар мусиқа мактабига Н. номи берилган. Шогирдлари орасида С. Бобоев, Б. Гиенко, Сайфи Жалил, Т. Қурбонов, С. Ҳайитбоевлар бор[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил