Википедияда исми Ботир ва фамилияси Зокиров бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Ботир Зокиров (1936-йил 26-апрел, Москва – 1985-йил 23-январ, Тошкент, Ўзбекистон ССР) – хонанда (лирик-драматик тенор), актёр, рассом. Ўзбек замонавий профессионал эстрада қўшиқчи (ижрочи)лигининг асосчиси. Ўзбекистон ССР халқ артисти (1964), "Буюк хизматлари учун" ордени соҳиби (2000)[1].

Ботир Зокиров
Таваллуди
Ботир Карим ўғли Зокиров

26-апрел 1936-йил
Вафоти 23-январ 1985-йил(1985-01-23)
(48 ёшда)
Тошкент, СССР Ўзбекистон
Касби Хонанда, таржимон, рассом, актёр
Мукофотлари O‘zbekiston SSR xalq artisti

Таълими

Тошкент давлат консерваториясининг вокал факултети (1952—1957), Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факултети (1958—1962)да таълим олган[2][3].

Ижодий фаолияти

„Ёшлик“ ансамбли (1957), Ўзбек давлат эстрада оркестри (1958—1970) як-кахон хонандаси. Тошкент мюзикхоллининг ташкилотчиси, яккахони ва бадиий раҳбари (1972—1978). 1978-йилдан „Ўзбекконсерт“нинг яккахон хонандаси. Ботир Зокиров ўта таъсирчан тембрли, ширадор овозга эга. Ижро этган қўшикларининг аксариятини тугал ва теран лирик-драматик асар даражасига кўтара олган. Репертуаридаги қатор қўшиқлар композиторлар томонидан Ботир Зокиров ҳамкорлигида, унинг овозига мўлжаллаб яратилган. Ижодида ўзбек композиторларининг романс ва қўшиқлари муҳим ўрин тутади: Мутал Бурҳонов – „Мафтун бўлдим“, „Намедонам, чи ном дорад“; И. Акбаров – „Ёр кел“, „Раъно“, „Газли“, „Сени эслайман“; Сайфи Жалил – „Мажнун монологи“, „Кечалар юлдуз санаб“; Энмарк Солиҳов „Умид“ ва бошқа Шунингдек, эстрада услубида кайта ишланган ҳинд („Нечун хаёлга чўмдинг?“, „Дил орзуси“, „Мейчале“), эрон („Маро бебус“, „Айрилиқ қўшиғи“), миср („Арабча танго“, „Уйқум ўғриси“), сурия („Ўтмишимга йиғлайман“), ливан („Гўзал қиз“), мексикан („Алвидо муҳаббат“), италян („Яшасин муҳаббат“) қўшикдарини, чет эл муаллифларидан Э. Масиас, Ж. Брел (Франсия), Чоудҳури, Р. Шанкар (Ҳиндистон), Фатхулла Сулаймон (Сурия), Фарид ал-Атраш (Миср), ака-ука Раҳбонийлар (Ливан), Д. Ристич (Югославия) асарларини оригинал (ҳар бирини ўз тилида) ижро этган. Б. З.нинг рассом сифатида яратган „Автопортрет“, „Саратон“, „Гумбазлар“, „Болалик кўчаси“, „Чор минор“ каби асарлари маълум. Бир қанча ҳикоя, очерк ва шеърлар, шунингдек, „Сўғд элининг қоплони“ операси (Ик. Акбаров)нинг либреттосини ёзган. „Кичик шаҳзода“ (А. де Сент-Экзюпери), „Соя“ (Е. Шварс) асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Хотираси

Тошкент кўчаларидан бирига Ботир Зокиров номи берилган. Шунингдек, Жиззахдаги санъат билим юрти, Самарқанддаги ёшлар санъат маркази унинг номи билан юритилади. 1994-йил номида эстрада оркестри ташкил этилди (ҳозирги „Ўзбекнаво“ қошида). Франсия, Австрия, Германия, Куба, шунингдек, Африка мамлакатларида гастролда бўлган. 1995-йил „Ботир Зокиров жамғармаси“ ташкил этиди. 1989-йилдан унинг номида замонавий эстрада қўшиқчилари танлови ўтказилади. Тошкентда Ботир Зокиров бюсти ўрнатилган.

Филмографияси

Киноактёр сифатида Ёш муҳандис („Гуллар очилганда“), Рабиндранат Тагор („Оловли йўллар“), Абдулло („Даҳонинг ёшлиги“) каби образлар яратган. „Ўзбектелефилм“ студияси бағишланган „Менга қўшиқ чизиб бер“ ва „Айтилмай қолган қушиқ“ ҳужжатли филмларни, ўғли Баҳодир Зокиров „Ўша, ўтган кунлар“ филмини суратга олган.

Манбалар

Ҳаволалар