Bozor
Бозор — 1) сотувчилар билан харидорлар ўртасидаги товар айирбошлаш муносабатлари; ишлаб чиқариш билан истеъмолни ўзаро боғловчи механизм. Бозор обекти нафлиги бор товар ва хизматлар, субекти эса Бозор иштирокчилари (сотувчи ва харидорлар) бўлиб, улар фирмалар, уй хўжаликлари, давлатнинг ташкилот, идоралари ва бошқалардан иборат. Бозор иштирокчилари товар ва хизматларни пул воситасида айирбошлаш юзасидан муносабатга киришадилар. Бозорда товарлар билан олди-сотди муносабатлари товар ишлаб чиқариш, товар айирбошлаш ва пул муомаласи қонунларига биноан амалга оширилади. Бозор иштирокчилари сотувчи ҳамда харидор мақомига эга бўладилар. Бозорда 2 жараён амалга ошади: бири — товарларни сотиш, бунда товар пулга алмашади, яъни Т—П; иккинчиси — товарни харид этиш, пулни товарга айирбошлаш, яъни П—Т. Айирбошлаш ихтиёрий ва эркин шаклланган нархларда олиб борилади. Бозор иқтисодиётида ишлаб чиқаришни истеъмол билан боғлаш (яратилган товарлар ва хизматлар бозорга чиқади, у ерда сотилгач, истеъмолга келиб тушади); қийматнинг товар шаклидан пул шаклига айлантириш; ишлаб чиқаришнинг узлуксизлигини таъминлаш (яратилган товарлар ва хизматлар бозорда сотилгач, тушган пулга ишлаб чиқариш учун зарур иқтисодий ресурслар, чунончи асбоб-ускуналар, машиналар, ёкилғи, иш кучи сотиб олиниб, ишлаб чиқаришни давом эттириш имконияти яратилади, иқтисодиётни тартиблаш (нимани, қандай ишлаб чиқариш, ким учун ишлаб чиқариш); мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш сингари вазифаларни бажаради. Бунда талаб ва таклиф, шунга мувофиқларнинг ўзгаришига қараб ишлаб чиқариш юритилади. Талаб ошиб нарх ўшса, ишлаб чиқариш кўпаяди, аксинча, таклиф ошиб талаб камайса, ишлаб чиқариш қисқаради.
Бозор ўз иштирокчилари мавқеига қараб эркин ва монопол бозорга ажралади. Эркин Бозорда сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам кўп бўлиб, нархлар талаб ва таклиф негизида шаклланади. Монопол бозорда озчилик сотувчиларнинг ҳукмронлиги ўрнатилган бўлиб, нархлар фақат шуларнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бундай Бозорлар рақобатнинг сустлиги ёки умуман бўлмаслиги билан ажралиб туради.
Айирбошлаш обектининг моддий шакли жиҳатидан олганда истеъмол товарлари ва хизматлар, ресурслар, меҳнат, молия, интеллектуал товарлар, қурол-аслаҳа, ишлаб чиқариш воситалари, инвестиция, қимматли қоғозлар, илмий ғоялар, техникавий ишланмалар ва меҳнат (иш кучи) бозорлари мавжуд. Бозор ўз қамров доирасига қараб маҳаллий, минтақавий, миллий ва жаҳон бозорларига бўлинади. Товарларнинг четдан келиш-келмаслигига қараб очиқ бозор, ёпиқ бозор (ички бозор) сингари турлари учрайди. Олди-сотди миқдори, яъни товар айланмаси ҳажмининг ўзгаришига қараб кенгаювчи бозор ва тораювчи бозорга бўлинади.
Амал қилиш тарзи жиҳатдан тартибсиз (стихияли), режали ташкил этилган ва бошқариладиган бозорлар мавжуд. Стихияли бозордан тартибли, режали ташкил этилган бозорга ўтиш маданийлашган жамиятга хос. Ҳозир ҳеч бир мамлакатда тартибсиз бозор ҳукмрон эмас, аксинча бошқариладиган бозор етакчи мавқега эга. Иқтисодиёт ўсган сари бозор турлари кўпаяди, чунки сотиладиган товарлар ва хизматлар хилма хил бўлиб боради, харидор ҳам ўз даромади, диди, умуман талаб эҳтиёжига қараб табақалашади, бозорда сотиладиган товарлар ва хизматлар суммаси ортиб боради.
2). Савдо-сотиқ қилинадиган муайян жой, майдон. Бозорлар қадимги Рим ва Юнонистоннинг Милет, Пергам ва бошқа шаҳарларида тўғри тўртбурчакли майдонда 3 ёки 4 томони қатор устунли савдо расталари ва омборлар, ибодатхоналар, устахоналар ва бошқалардан иборат бўлган. Бозор майдонлари шаҳар мажмуа (агора, форум)ларининг бир қисми ҳисобланган. Ҳар бир мамлакат бозорларининг меъморлиги ва қурилиши иқлим шароити, иқтисоди, географик ўрни ва савдо соҳасидаги анъаналар билан боғлиқ бўлган. Ўрта Ер денгизи ҳавзасида қадимда очиқ майдонларда, Шарқда эса усти ёпиқ бозорлар ривожланган („суқ“, „асвок“, „чорсу“; Туркия ва Эронда „хон“, „бедистон“ номи билан юритилган).
Европада бозорлар махсус режа асосида қурилган (Париждаги марказий бозор, 1850 ва бошқалар). Россияда ихтисослашган бозор („Гостиний двор“)лар асосан, 1—2 қаватли, олд томони кўпинча равоқлар ёки устунлар қаторидан иборат бостирма бўлган (СанктПетербургдаги бозор, 1761— 85; Я рославлдаги бозор, 1813—18 ва бошқалар).
Ўрта Осиё ҳудудидаги Бухоро, Самарқанд, Пойкенд, Урганч, Хива, Марв, Нумижкат, Исфижоб, Уштуркат, Чағониён каби шаҳарларда савдо-сотиқ қадимдан ривожланган. Айниқса, ўрта асрларга келиб нафақат шаҳарларда, балки жуда кўп йирик қишлоқларда ҳам тим, токи, чорсу деб номланган гавжум бозорлар бўлган (Қарноб чўл ёқасидаги, Нарпай туманидаги катта қишлоқ Тим деб аталади. Х асрда бу манзил катта савдо маркази бўлган, унинг тими сақланмаган). Гумбазли тимлар энг гавжум чорраҳа чорсуларда жойлашгани учун ҳам шаҳарнинг меъморий қиёфасини белгилаган. Енгил ёғоч томли, устун айвонли тимлар ҳам кўп бўлган. Чорраҳаларда қурилган тим, чорсу намуналарини Самарқанд ва Шаҳрисабз (ХВИИ аср), Хива (Оллоқулихон тими), Бухоро (Абдуллахон тилш)даги тимлар мисолида кузатиш мумкин. Самарқанд чорсу бозори атрофида мискарлик, кулолчилик, сангтарошлик, маҳсидўзлик, нажжорлик, саҳҳофлик, заргарлик каби дўконлар жойлашган. Чорсу бозори гумбазли қилиб қурилган. Савдо дўконларида матолар, улардан тикилган кийим-кечаклар сотилган. Расталарда эса ҳўл мевалар ва анвойи ширинликлар кўп бўлган. Шаҳрисабздаги улкан гумбазли Чорсу бозори (1598—1602)нинг тўрт томонида қўш табақали дарвозаси бор эди. Гумбаз остидаги савдо расталари бўйлаб тўрт бурчакли хоналар жойлашган. Бозорларда савдо расталари муайян моллар ёки ҳунармандчилик маҳсулотларига мўлжалланган. Баъзан маҳсулот шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилиб харидорларга сотилган. Мае, Бухоро заргарлар растаси (Тоқи Заргарон), Саррофлар растаси (Токи Саррофон), Мискарлар растаси (Тоқи Мискарон) ва бошқа Ўрта асрда Тошкентнинг марказий бозорида 3 мингдан ортиқ дўкон махсус расталарга жойлашган. Хоразм воҳасидаги Хива бозорида 260 дўкон, Урганчда 300, Қўнғиротда 315, Хўжайлида 150 га яқин дўкон бўлган. Шаҳар ва қишлоқларда муайян кунга белгиланган (сешанба, чоршанба, жума каби) катта бозорлар бўлиб, уларга бутун Марказий Осиё ва чет эллардан савдогарлар келган. Бозорда савдогар, дўкондор, косиб, деҳқон ва майда бозорчилар савдо қилишган.
Бозор дўконларини энг бой савдогар ва ҳунармандлар эгаллаган. Бундай бозорлардаги йирик карвонсаройлар ва омбор (каппон)лар улгуржи савдо марказлари ҳисобланган. Карвонсаройларнинг сонига қараб ҳатто савдо-сотиқнинг ҳажми белгиланган (мас, Тошкентда 45, Бухорода 50 га яқин, Самарқандда 25, Хива ва Қўқонда 10 дан ортиқ карвонсаройлар бўлганини ва уларда савдо-сотиқ анча ривожланганлиги ёзма манбалардан маълум). Карвонсаройларда ва савдо расталарида савдо ишларида хизмат қиладиган қоровул, ҳаммол, фаррош, юк ташувчи ва жойлаштирувчи мардикорлар кўп бўлган. Йирик савдогарлар махсус мирзоларни сақлаган. Мирзолар барча савдо ишларини, айниқса улгуржи савдони расмийлаштиришда бевосита иштирок қилган. Ҳисоб-китоб ишларини косид бошқарган. Йирик савдогарлар махсус жамоага бириккан. Уни жамоа аъзоларининг энг обрўли катта савдогарлар орасидан сайланган оқсоқол карвонбоши бошқарган. Жамоага савдогарлар табақасининг йирик намояндалари кирган. Ўз навбатида айрим савдо расталари бирикиб шу растадаги дўконлардан ўзининг оқсоқолини (баъзи жойларда раис ҳам дейилади) сайлаганлар. Оқсоқол савдо тартиблари ва қоидаларига амал қилинишини кузатиб, харидорлар ва савдогарлар орасидаги можаронинг ҳал қилинишига, баъзан ташқаридан келган молнинг дўконлар орасида одилона тарқатилишига бош бўлган.
Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги билан Россия ўртасидаги савдо алоқалари айниқса Закаспий темир йўл қурилгач, анча ривожланган. Тошкентдаги Эски жўва бозори карвонлар келиб кетадиган йирик савдо маркази бўлган. Шаҳарнинг барча дарвозаларидаги йўллар бозорга келиб тақалган. Атрофида карвонсарой, омборхона, устахоналар, дўконлар ва бошқа жойлашган. ХИХ аср 2-ярмидан бошлаб бу ерда саноатчи бойлар ўз дўконлари, омборлари ва идораларини қуришган. Фарғона водийсида ўзининг катталиги ва савдо айланмаси жиҳатидан Қўқон бозори алоҳида ажралиб туради. Ўзининг ободонлиги ва қулайлиги билан Бухоро Бозор минтақада биринчи ўринда турган. Ипак газламалари билан бутун Шарқда танилган Марғилонда қатор-қатор тизилган дўконлар (кўча бўйлаб 2,5 км гача чўзилган)да савдо-сотиқ қилинган.
Ўрта Осиёда мустақил давлатларнинг пайдо бўлиши хусусий мулкчиликни қайта тиклаб, савдо эркинлигига кенг йўл очиб берди. Жумладан Ўзбекистонда бозор иқтисодиётининг ҳаётга татбиқ қилиниши анъанавий савдони янги замонавий услуб ва воситалар билан бойитиб, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожига катта йўл очиб берди. Мустақил Ўзбекистон барча чет эл мамлакатлари билан ўз манфаатига қараб эркин, сиёсий, иқтисодий, маданий ва савдо алоқаларини ўрнатди ва бу соҳада янги-янги йўлларни топишда тинмай изланмоқда. ЎзРда бозор фаолиятини ривожлантириш йўлида жуда кўп янги савдо уюшмалари, консерн ва фирмалар пайдо бўлмоқда, давр талабига жавоб бера оладиган истеъдодли ишбилармонлар сафи кўпаймоқда. Бозорлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Андижон каби йирик шаҳарларнинг марказида меъморий ечимлари ўзига хос миллий анъаналар асосида яратилмоқда. Бозорлар шаҳарни боғлаб турувчи асосий шоҳкўчалар, йирик савдо иншоотлари мажмуаси ва турар жой массивлари, темир йўл, автовокзал яқинида ва микрораёнлар марказида жойлаштирилмоқда. Бозорлар анъанавий қатор устунли бостирмалар, гумбазли, тоқ ва тим, соябонсимон, ойнабанд услубида барпо этилмоқда. Буларда сотувчи ва харидорларга қулайлик яратиш мақсадида савдо расталарининг атрофида дўконлар, маданий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мужассамлаштирилган ҳолда қурилмоқда. Бозор ҳудудида кўп тармоқли савдо дўконлари, чойхона, деҳқонлар меҳмонхонаси, музлаткичли омборхоналар, юк кўтаргич, нонвойхона ва бошқа мавжуд. Тошкентдаги „Эски жўва“, „Олой“, „Қўйлиқ“ бозорлари, Бухоро бозори, Самарқанддаги „Сиёб“, Ургутдаги „Ургут“ ва бошқа анъанавий ва замонавий меъморликни ўзида мужассамлантирган энг йирик бозорлардан.
Ҳозир Ўзбекистонда бозор асосий сотиладиган маҳсулотларга кўра деҳқон бозори (к х. маҳсулотлари), буюм бозори, улгуржи бозор, мол (чорва моллари) бозор каби асосий турларга бўлинади.
Ад:. Тўхлиев Н., Осиё ва бозор, Т., 1992; Ўлмасов А., Иқтисодиёт асослари, Т., 1997.
Аҳмаджон Ўлмасов, Муҳаммадамин Расулов, Ҳамза Убайдуллаев.[1]
Ҳар бир киши ўз капиталини кўпроқ наф кетирадиган қилиб ишлатишга ҳаракат қилади. Одатда у жамият фойдасига таъсир кўрсатишга ҳаркат қилмайди, лекин унга анча таъсир кўрсатаётганини сезмайди. У фақат ўз манфаатини назарда тутади, фақат ўз фойдасини кўзлайди. Шундай бўлса-да, бундай шароитда бозорнинг „кўринмас қўл“ и уни мақсад сари йўналтиради, гарчи бундай мақсад унинг режасига кирмаган бўлса ҳам. Ўз манфаатини кўзлаган ҳолда, жамиятга атайлаб фойда келтиришни ният қилган одамдан кўра, у жамият манфаатларига кўпроқ хизмат қилиб туради. Адам Смитҳ
Бозорнинг зарурлиги

Ҳар биримиз бозор ҳақида кўп марта эшитганмиз. Болалигимиздан бозорнинг бевосита иштирокчисига айланганмиз ва бизнинг хоҳиш-истакларимиздан қатъий назар бутун умримиз давомида бозорнинг бир бўлаги бўлиб қоламиз. Бозор нима эканлигини яхши билишимизга қарамай, унга аниқ таъриф беришга қийналишимиз мумкин. Бу ҳақда фикр-мулоҳазалар юритишдан аввал, иқтисодчи-олимлар томонидан бозорга берилган таърифларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Бозорнинг энг сода ва назаримизда энг тушунарли таърифи:
Бозор — сотувчи ва харидор учрашадиган жой.
Энди озгина қийинроғини кўрамиз:
Бозор- бу харидорлар билан сотувчилар ўртасидаги иқтисодий алоқалар, уларни бир-бирига боғлайдиган механизмдир.
Бозорнинг мураккаб таърифи:
Бозор — иқтисодиётда шахсларнинг мақсадли-нафсий хоҳиш-истаклари ила наф ва манфаатлари сари етакловчи имкониятлари доирасида тартиблаштирилган рефлексив ҳаракатлари эвазига турли(ижобий ёки салбий) самара даражасида объектив содир бўлувчи бозор товарлари бўйича иқтисодий-ҳуқуқий муносабатлари муҳити бўлиб, унда тарафларнинг нафсий манфаатлари талаб ва таклиф асосида шаклланадиган обектив нархларда қондирилади.
Юқоридагини англаш қиёнроқ бўлса-да, у бозор тушунчасини кенгроқ очиб беради. Ҳозирги пайтда, айниқса, бир-бири билан боғланиб кетган, интеграциялашган бозор шароитида, қандай товар ишлаб чиқариш кераклиги, қанча, ким учун ва қайси ҳудудда ишлаб чиқариш кераклиги ҳақида маълумотнинг ягона манбаси-бозордир. Бозор билан ҳисоблашмаган харидор ва сотувчи ютқазади. Пулдан ютқазади! Пулдан ажралиш энг катта қайғу бўлган замонда, бозорга эътиборсиз бўлмоқлик- „ўлим“ демакдир.
Бозор қандай пайдо бўлганлиги ҳақида гапиришдан олдин тарихга бир назар соламиз. Натурал хўжаликда ҳамма ўз эҳтиёжларини ўзи етиштирган маҳсулотлари эвазига қондирган. Бу бир маънода қулай бўлиши мумкин, токи Сиз ҳеч кимга боғлиқ бўлмайсиз, мутлақ автономияда умр кечирасиз.(Гап автономия ҳақида кетганда, ҳозирги кунда дунёда рўй бераётган воқеаларни четлаб ўтиб бўлмайди. Иқтисодиёт бошидан кечираётган инқироз даврида энг кам зарар кўрган давлатлар-бу автономлашган, жаҳон иқтисодиёти ва бозорига юқори даражада интеграциялашмаган давлатлар бўлиб чиқди. Бу нарса шу каби иқтисодий сиёсатнинг ҳам ўзига яраша ижобий томонлари борлигидан далолат беради.) Кейинчалик, меҳнат ихтисослашуви ва бошқа омиллар натижасида инсон ўз эҳтиёжини қондириш мақсадида бошқа одамларга ҳам мурожаат қилишига тўгри келди. Ушбу нарсани бир мисолда кўрсаца бўлади. Масалан, иккита турли касб эгалари- деҳқон ва чорвадор кунига 8 соат ишлайди деб фараз қилайлик. Деҳқон 1 кг ун ишлаб чиқариш учун 2 соат сарфлайди, чорвадор 1 кг қаймоқ ишлаб чиқариш учун 4 соат сарфлайди. Уннинг бозордаги нархи 1000 сўм, қаймоқники-2000 сўм бўлсин. Деҳқон кунига 4 кг ун =4000 сўм, чорвадор 2 кг қаймоқ=4000 сўм ишлайди. Энди деҳқон қаймоқ емоқчи бўлса, 6 соат вақтини сарфлаб 1 кг қаймоқ олади. Бунга сабаб, у деҳқончилик билан шуғулланган, унинг ҳаёти деҳқончиликка ихтисослашган. Қаймоқ ишлаб чиқариш учун чорвадорга нисбатан 1,5-марта кўпроқ вақт сарфлайди. У 6 соат ичида 1 кг қаймоқ ва иш кунидан қолган 2 соат ичида 1 кг ун ишлаб чиқаради. Унинг кунлик меҳнат унумдорлигининг пулдаги эквиваленти 3000 сўм бўлади. Агар деҳқон деҳқончилигини давом эттириб, қаймоқни ўзи ишлаб чиқариши ўрнига, 2000 сўмга, яъни 2 кг унга сотиб олганида, унда 1 кг қаймоқ ва 2 кг ун қолар эди. Худди шундай вазиятни чорвадорга ун керак бўлганида ҳам кузатиш мумкин. Демак, маҳсулотларни ўзи ишлаб чиқаргандан, бировдан сотиб олган арзонроқ бўлар экан.
Шундай қилиб бозор юзага келди. Оддий бартер усулидан кейин, пуллар ҳам пайдо бўлди. Энди маҳсулотлар бозорда сотилиши учун атайлаб товар шаклида ишлаб чиқарилар, бозорда сотилиб, даромад эвазига яна хомашё товар сотиб олинар эди. Шу йўсинда ишлаб чиқариш сикли давом этарди. Ҳозирги кунда ҳам бозор шу тарзда фаолият юритади.
Товар бозорда сотилади. Ишлаб чиқарувчи фойда кўради. Фойдани бир қисмига ишлаб чиқаришни кенгайтиради, иккинчи қисми эвазига эса, ўз эҳтиёжини қондиради. Бир хил товарлар сотиладиган бозорда топилган пул, бошқа турдаги товарлар сотиладиган бозорда сарфланиши мумкин. Демак, бозор ўзини ўзи қувватлаб туради. Бир турдаги бозорнинг инқирози, жаҳон бозорига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Дунёда рўй бераётган инқироз, молиявий инқироз сифатида бошланган, лекин ҳозирги кунда иқтисодиётнинг барча тармоқларида кузтилмоқда. Бунга сабаб, молия секторида йўқотилган пуллар бошқа турдаги товарлар сотиладиган бозорга келиб тушмади. Натижада иқтисодиётнинг барча тармоқлари зиён кўрди. Аксинча, иқтисодиёт катта секторининг ривожланиши, бошқа секторларга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Умуман олганда, бозорда товар айирбошлашнинг уч афзаллиги бор. • Бозор орқали эҳтиёж қондирилганда товарларни ўзи ишлаб чиқариб истеъмол этгандан кўра сотиб олиш арзонга тушади • Истеъмол учун керакли маҳсулот ва хизматларни бозордан осонгина топиш мумкин, бу билан истеъмолни қондириш сарфлари тежалади. Агар бозор бўлмай маҳсулотлар бир-бирига тўғридан тўғри айирбошланса, керакли маҳсулотга етишиш учун жуда кўп айирбошлаш операцияларини ўтказиш керак. • Бозорда товарларни танлаб олиш имкони бор. Ҳамма ишлаб чиқарувчилар бир хил ёки ўринбосар товарларни бозорда кўплаб тақдим этганидан булар хоҳ ресурс, хоҳ истеъмол товарлари бўлсин, улардан маъқулини танлаб олиш мумкин бўлади. Ўзи ишлаб чиқарганда танлаш имкони бўлмас эди[2][3].
Яна қаранг
Ҳаволалар

Викииқтибосда Бозорга тегишли иқтибослар мавжуд. Манбалар
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ Аҳмад Ўлмасов, Алишер ваҳобов "Иқтисодиёт назарияси(Wайбаcк Мачине сайтида 2019-03-01 санасида архивланган)
- ↑ Шоҳаъзамий Ш. Ш. „Бозор асослари“ (Wайбаcк Мачине сайтида 2019-03-01 санасида архивланган)

Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган.

Иқтисодиёт ва молияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин.