Бронх, бронхлар (юн. брончус — нафас найи) — одам ва юқори тузилган умуртқалилар кекирдагининг ҳаво ўтадиган найсимон тармоқлари. Кекирдак (трахея) 4—5 кўкрак умуртқаси қаршисида ўнг ва чап бронхга бўлинади (бифуркация). Ўнг бронх чап бронхга нисбатан йўғон ва калта, чап бронх эса узун ва ингичка; ўнг бронх деярли вертикал йўналган бўлиб, кекирдакнинг давоми ҳисобланса, чап бронх кекирдакдан чапга бурчак ҳосил қилиб чиқади ва бир оз горизонтал йўналган бўлади. Бронх тоғай ҳалқалардан тузилган, улар оралиғини фиброз парда тўлдириб туради. Асосий бронх ўпка дарвозасига кириб, ўпка ичида аввал бўлак бронхларига, сўнгра сегментар бронхларга бўлинади. Иккала ўпкада тахминан 1000 бўлак бронх бўлади. Бронхлар бронхиолаларгача тармоқланиб бориб, бир бутун бронхиал „дарахт“ни ҳосил қилади. Бронх ўпка ичида тармоқланиб, ингичкалашиб боради, энг охири, энг майда бронхнинг учи пуфакчалар билан тугайди. Ҳаво алмашиниш жараёни пуфакчалар, алвеолаларда бўлади; ҳаво нафас йўлларининг ҳаммасидан ўтади, чунки нафас найчасининг деворлари тоғайлардан тузилгани учун улар пучайиб қолмайди. Ббонх шиллиқ қавати киприкли эпителий билан қопланган бўлиб, унда шиллиқ безлар жуда кўп. Улар нафас йўлига тушган ёт жисмларни чиқариб юборади. ҳаво йўллари эса нафас олганда ҳавони тозалаб, намлаб, илитиб пуфакчаларга йўналтиради. Иккала ўпкада тахминан 300—500 млн. алвеолалар бўлиб, 30—100 м2 сатҳни ташкил этади. Кўп ҳайвонларда кекирдак (трахея) икки асосий бронхга бўлинади. Судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчиларда бронх яхши ривожланган бўлиб, ўпка ичида давом этади. Судралиб юрувчиларда асосий бронхдан иккиламчи бронх, бундан эса учламчи, тўртламчи ва ш.к. тармоқлар ажралиб чиқади; тошбақа ва тимсоҳларда бронхнинг бўлиниши айниқса мураккаб. Қушларда иккиламчи бронх парабронхлар деган каналлар билан туташади, булардан радиуслар бўйича бронхиоллар чиқади, бронхлар эса тармоқланиб, ҳаволи капиллярларга ўтади. Бронхиоллар ва ҳаволи капиллярлардан туташ ҳаволи йўллар вужудга келади. Асосий бронх ҳам, баъзан ён бронх ҳам учидан кенгайиб, ҳаволи халта ҳосил қилади. Сут эмизувчиларда ҳар бир асосий бронх дан иккиламчи бронх чиқади, бу эса тобора майда тармоқдарга бўлинади; энг майда тармоқлар алвеоляр йўлларга ўтади, булар эса алвеолалар билан тугайди.