Бсж (Барилла де Cалметте эт Гуэрин) — сил касаллигига қарши ваксинация учун қўлланиладиган сил микобактериясининг кучсизлантирилган штамми (тури); уни Калмет (А. Cалметте) билан Герен (С. Гуэрин) қорамол ўтидан тайёрланган муҳитда сил микробларини 13 йил давомида қайтақайта ундириш усули билан 1906-йилда етиштирган. БСЖ културасидаги бацилла тўғри ёки бир оз эгилган, узунлиги 1,5—3—5 мк, ингичка таёқчадир. 1919—24 йилларда профилактик ваксинация учун қўлланила бошлади. Штамм хусусияти синчиклаб ўрганилгач (1925—26), чақалоқларга тирик БСЖ ваксинаси ичирила бошлади. 1942-йилдан шаҳар, 1943-йилдан қишлоқ туғруқхоналаридаги ҳамма чақалоқпарга 3—5—7 ёки 4—6—8 кунлигида мажбурий тартибда 10 мг дан БСЖ ичириладиган бўлди. Сил юқмаган гўдакларни, мактабгача тарбия ёшидаги болаларни ва 30 ёшгача бўлган аҳолини реваксинация қилиш 1948-йилдан бошлаб жорий этилди (бунда ваксина ичирилади, тери устига ёки ичига юборилади). Тери ичига БСЖнинг махсус ваксинаси — глютамат ваксина юбориш 1962-йилдан ҳамма жойда қўлланиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғига асосан, БСЖ ваксинаси янги туғилган чақалоқларга туғруқхонада ҳаётининг 4—7 кунлари 0,1 мл ҳажмда 0,05 мг юборилади. Сўнгра 7 ва 15 ёшида реваксинация қилинади. Ваксинация ва реваксинация қилинганларнинг жуда озчилигида (0,001 — 0,003%) БСЖ юборилган жойда асорат сифатида йиринглаш кузатилиши мумкин. БСЖ қўлланиши натижасида сил билан, айниқса унинг оғир турлари билан касалланиш бир неча баробар камайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил