Бустий (тахаллуси; асл исми Абул Фатҳ ибн Муҳаммад алКотиб алБустий) (971, Буст — 1009, Бухоро) — шоир. Араб ва форс тилларида ижод қилган. Буст ҳокими ал-Байтурнинг котиби бўлган. Лирик шеърларида дунёвий севги, ҳаёт қувончлари ва табиат тараннум этилган. Кўплаб ҳикматли сўзлар яратган. Уларда кишиларни ростгўй, ҳалол, меҳнацевар, илмли бўлишга ундаган. Бизгача етиб келган "Нуния" (асарнинг ҳар бир байти "нун" ҳарфи билан тугаган) ёки "Қасида ал-Бустия" асари одоб-ахлоқ мавзуида. Бустийнинг бу асарига Зуннун ибн Аҳмад ас-Сарахсий ва Абдуллоҳ Нукракар шарҳ ёзган, уни Бадриддин Жожармий форсийга ўгирган, 1899-йилда Байрутда нашр этилган.

Бустий ижодида тиббиёт, фалакиёт, фалсафа, фиқҳ ва бошқа мавзулар муҳим ўрин тутган. Унинг айрим асарларидан парчалар ал-Утбий ("Китоб аляминий"), Ибн Халликон ("Вафоият"), Ёқут ("Мўъжам алудабо"), Беруний ("Ҳиндистон", "Сайдана") ва бошқаларнинг асарларида учрайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Абдуллаев И., Берунийга замондош шоирлар, Т.,1975.