Wиллиам-Адолпҳе Боугуэреау (1886)

Чанқаш, ташналик – организмда сув танқислиги олдидан юзага келадиган физиологик ҳолат. Организмнинг сувсиз қолиш муддатига, тер, сийдик билан сув йўқотишига, ейилган овқатдаги ош тузи миқдорига қараб, одам ҳар хил даражада чанқайди. Одам чанқаганда оғзи ва томоғи қурийди. Бу ҳолат оғиз ва томоқни сув билан чайганда, мириқиб сув ичганда бутунлай йўқолади. Чанқашнинг пайдо бўлиши организмдаги сув туз мувозанатини сақлашга қаратилган. Чанқаш натижасида организмда жиддий ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Бу жараённинг келиб чиқиши марказий нерв системасининг турли қисмлари (гипоталамус, ретикуляр формация, катта ярим шарлар пўстлоғи) даги бир қанча нерв ҳужайраларининг рефлектор фаолиятига боғлиқ.

Чанқаш организмда сув миқдорининг камайишига бўлган нормал реаксиягина эмас, балки айрим касалликлар (масалан, диабет, буйрак касалликлари ва ҳоказо) белгиси бўлиши ҳам мумкин.

Бош мия фаолиятининг бузилишига алоқадор касалликларда киши ташналикни умуман сезмайди. Жуда кучли чанқаш юқори температура (иссиқ иқлим ва ҳоказо) шароитида ишловчи кишиларда кузатилади. Бунда юз берувчи кучли терлаш организмнинг фақат сувни эмас, балки тузларни ҳам йўқотишига олиб келади. Натижада организмнинг сувни ушлаб қолиш қобилияти пасаяди, киши кўп терлаганидан ташналик уни ҳолдан тойдириб қўяди. Бундай ўзгаришларни махсус сув ичиш режими ёрдамида сезиларли даражада камайтириш мумкин.