Чарх илонлар
Биологик классификация
Олам: Ҳайвонлар

Чарх илонлар, эфалар (Эчис) – қора илонлар оиласига мансуб илонлар уруғи. Узунлиги 80 см гача. Кулранг ёки қўнғир тусли танасида оқиш илон изи ҳошияси бор. Танасининг 2 ёнидаги тангачалари киррасида тишчалари бўлади. Чарх илонлар танасини ҳалқа қилиб ўраганида тангачалар ишқаланиши натижасида чарх тоши айланишига ўхшаш товуш чиқади. 3 тури, жумладан, қум чарх илони ва чипор чарх илони Шимолий Африка, Жанубий, Жанубий-Ғарбий Осиё ва Ўрта Осиёда тарқалган. Ўзбекистонда қум чарх илони Бухоро, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қизилқум чўлида учрайди. Шомда ва тунда фаол ҳаёт кечиради. Майда умуртқалилар, ёш чарх илонлар, асосан, ҳашаротлар ва ўргимчаксимонлар билан озиқланади. Тухумдан тирик туғади. Урғочиси 3 тадан 18 тагача бола туғади. Захарли ҳисобланади ва чақиши ўлимга олиб келиши мумкин. Захаридан иммун зардоб тайёрлашда ва илмий тадқиқот ишларида фойдаланилади.