Doira (cholgʻu asbobi)


Доира (чилдирма, чирманда, дойра, дафф, дапп) — ўзбек, тожик, уйғур ва бошқа шарқ халқларининг чолғу асбоби. Доира зарб билан уриб чалинади. Гардиши ўрик, ёнғоқ ёғочидан ясалади. Гардиши устидан ташқари томондан тери билан қопланади. Гардишнинг ич томонига тамбуринникига ўхшаш халқачалар осилади. Доира - зарбли чолғу асбоблар гуруҳига киради.
Тарихи
Доира қадимий мусиқа чолғуларидан ҳисобланади. Марказий Осиё (Нисо шаҳри, эрамиздан аввалги ИИ аср)да топилган терракота ёдгорликларида доирачи аёллар тасвирланган. Доира ва унга яқин урма мусиқа чолғулари тожик, арман, озар, уйғурларда дап, дапп, дафф, деф деб номланади.
ХХ асрда ўзбек доира ижрочилик анъаналарини Уста Олим Комилов, Т. Иноғомов, Д. Соттихўжаев, Раҳим Исохўжаев, Ф. Азимов, Қаҳрамон Дадаев, О. Камолхўжаев, ака-ука Исломовлар, М. Орипов, Р. Отабоев, Т. Сайфиддинов, Р. Самадов ва бошқалар мукаммаллаштирган.
Тузилиши
Доиранинг асосий қисми (гардиши) ток занги, сўнгги йилларда заранг, акация, лўлиларда тол дарахтларидан ишланади. Гардишнинг ташқи томонига бузоқ, той ёки эчкининг ошланган териси қопланади. Ички томонига эса тамбуринникига ўхшаш маъдандан ишланган ҳалқачалар осилади. Доиранинг ҳалқасиз турлари ҳам мавжуд.
Гардиш диаметри 400–510 мм ни ташкил этади. Доирада товуш икки қўл бармоқлари ёрдамида ҳосил қилинади. Ундан якка ижрода ҳамда турли хил миллий чолғу ансамблларида жўрнавоз чолғу сифатида фойдаланилади.
Чалиш усули
Доирани чалишда қўлланиладиган ритм бирликлари (нақралар) ҳақида қадимий манбаларда ёзилган. Доира усули одатда икки хил зарбдан иборат. Бири — бак (бака, бако, бакка, бакко). Бак доира гардишига яқин жойга урилганда чиқадиган товушдир. Иккинчи зарб — бум. Бумни чалиш учун бармоқларни чўзиб доиранинг ўртароқ қисмига урилади.
Ҳаволалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |