Чилла (форсча: چھل روزى > ݘهله/ݘلّه — "қирқ") — 1) йилнинг энг иссиқ ёки энг совуқ 40 куни. Қиш чилласи ёки қишки чилла 25-декабрдан 5-февралгача бўлган энг совуқ қирқ кун. Ёз чилласи ёки ёзги чилла 25-июндан 5-августгача бўлган энг иссиқ 40 кун. Чилла суви ёз чилласида экинларга бериладиган сув;

2) Бола туғган ёки туғилгандан, қиз турмушга чиққандан, йигит уйлангандан, марҳум кўмилган кундан кейинги 40 кунлик давр: турмушдаги баъзи ҳодиса-ҳолатларнинг энг мас’улиятли даври (қаранг: Чилла даври);

3) Сўфий ёки муриднинг якка ўзи алоҳида хона(хужра)да, одамлардан яшириниб, 40 кун давомида тоат-ибодат қилиши.[1]

Ислом дини нуқтайи назарига кўра келиб чиқиши

Қирқ кунлик чиллланинг келиб чиқишини Алихонтўра Соғуний ўзининг ислом дини пайғамбари ҳақидаги "Тарихи Муҳаммадий" асарида Умар ибн Хаттобнинг исломга қирқинчи бўлиб кирганлиги билан бўглайди:[2]

Мана шундоқ бўлиб, ҳазрат Умар имонга киришлари билан мўминларнинг сони қирққа етди. Энди қирқ кишининг ҳиммати, нияти бир мақсад устида тўпланса, анинг "қирқи чиқди" демакдур. Сонлар ичида қирқ саноғи диний томондин қаралганда ҳам бир хосиятга эга эканлигини ма’лум бўлди.

Сўнгра бу ҳодисага қуйидаги ҳадисни ҳам далил сифатида келтиради:

— Ҳар ким қирқ кунгача узмасдин дилини Худо ёдида тута билса, анинг дилидин ҳикмат булоғи тилига қайнаб чиқар. (Қузоий. Муснадуш-шиҳоб, 1/285)

Алихонтўра Соғуний авлиёлардан бири Нажмиддин Кубронинг чилла ибодатини бажариб чиллахона(чилла ибодатини бажарадиган жой)дан чиқиши билан кўрлар, шоллар ва бошқа беморларни тузатиши ҳақида ҳам зикр қилиб ўтади. Бундан ташқари Мусо пайғамбарнинг Тур тоғида 40 кун рўза тутиши ҳамда Юнус пайғамбарнинг балиқ қорнида 40 кун туриб чиққанлигини ёзиб юқоридаги фикрларни қувватлантиради.[2]

Манба

  1. ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2023 — 964-бет. ИСБН 978-9943-8834-4-4. 
  2. ↑ 2,0 2,1 Алихонтўра Соғуний; Қутлуғхон Шокиров. Тарихи Муҳаммадий (Ўзбек). Тошкент: "Мунир нашриёти", 2021 — 720-бет. ИСБН 978-9943-6946-3-7.