Чеканка – болға ёрдамида медал, танга ёки ясси металларга юқори босим орқали тасвир яратиш.

Чилпиш, чеканка, декапитация — ўсимликни бўйига ўсишдан тўхтатиш, ҳосил тўплаш ва етилишини тезлатиш мақсадида ўсиш нуқтаси ёки ҳосил новданинг учки қисмини олиб ташлаш; қўшимча агротехника тадбирларидан бири. Ч. шаклланаётган ҳосилга озиқ моддаларнинг етиб келишини кучайтиради, уларнинг ривожланишига қулай шароит яратади. Асосан, ғўза, ток, мевали дарахтлар, тамаки, канакунжут, помидор ва бошқа чилпилади. Ғўзани Ч.да унинг пояси ва ён шохлари учи олиб ташланади. Агротехник нуқтаи назардан ёруғлик ва иссиқлик режимини яхшилайди, кўсакларнинг ортиқча тўкилиб кетмаслигига, тупнинг ётиб қолмаслигига ёрдам беради, ҳосилдорликни 1—4% га оширади. Толанинг етилишини ва чаноқнинг очилишини тезлаштиради. Одатда, Ч. ғўза ялпи кўсаклай бошлаган пайтда — ўрта толали ғўзада 14— 16, ингичка толали ғўзада 20—22 ҳосил шохи шаклланганда — июлнинг ўрталари — августнинг биринчи ўн кунлигида ўтказилади. Асосий поя учи 4—6 см, ён шохлар учи 2—3 см узунликда чилпиб ташланади. Ғўзани Ч. қўлда ёки махсус Ч. мосламалари, машиналарда ўтказилади. Токни Ч. новдаларининг пишишини тезлаштиради, уларда озиқ моддаларнинг тўпланишига ёрдам беради, қишга чидамлилигини оширади, етарли ёруглик, ҳаво, иссиқлик таъсирида ғужумлари йирик, рангдор ва ширали бўлади. Ч. суғориладиган ҳосилли токзорларда яхши самара беради. Токлар, биринчи марта шўра хомтокда (1—2 см), асосан, иккинчи марта август нинг 2ўн кунлигида новдаларнинг ўсиш даври секинлашганда чилпилади, бунда новдалар учининг 1/3 — 1/4 қисми олиб ташланади. Сабзавотч и л и кда бодринг ва помидор (иссиқхоналарда августда экилган помидор 7— 9 шохи устидан)ни Ч. ғовлашга йўл қўймай, ҳосил шох (палак)ларини кўпайтиради. Баклажон, брюссел карами, уруғликка экилган лавлаги ҳам чилпилади.