Гумус (лот. ҳумус — тупроқ), чиринди — тупроқнинг нисбатан барқарор, одатда, қорамтир органик бирикмалари мажмуи; нобуд бўлган ўсимлик ва ҳайвон организмининг биологик ҳамда биокимёвий ўзгариши (чириши ва ундан мураккаб янги моддаларнинг синтезланиши) натижасида ҳосил бўлади. Гумус таркибига органик қолдиқ моддалар (оқсиллар, углеводлар, лигнин, ёғлар ва бошқалар), уларнинг ўзгариши вақтида вужудга келган оралиқ маҳсулотлар (аминокислоталар, оксикислоталар, феноллар, моносаҳаридлар ва ҳоказо) ва гуминли моддалар киради. Гумус тупроқ унумдорлигини таъминловчи энг муҳим қисмдир. Унда ўсимликнинг асосий озиқ элементлари (углерод, азот, фосфор ва бошқалар) бор. Ўсимлик крлдикларининг чиришидан оддий бирикмалар вужудга келади. Мас, микроорганизмлар таъсирида улардан углерод, карбонат ангидрид, азот, фосфор ва олтингугурт нитратлар ҳамда сулфатлар шаклида, шунингдек, бошқа элементлар ўсимликлар ўзлаштира оладиган бирикмалар ҳолида ажралиб чиқади. Гумус калсий, магний ва бошқа кимёвий элементларни сингдиради ҳамда тупроқда ушлаб туради, тупроқнинг минерал қисмини бир-бири билан бириктириб, донадорликни вужудга келтиради. Бунинг натижасида тупроқнинг мустаҳкам, сувга бардошли таркиби ҳосил бўлади. Гумуснинг тўпланиши ҳар йили тупроққа тушадиган органик қолдиқлар (илдиз)нинг миқдори, уларнинг биологик ҳамда кимёвий ўзгариши ва тупроқ микрофлораси ҳарактери (замбуруғли, бактерияли, анаэроб ёки аэроблиги) билан белгиланади. Гумус бирикмалари ва уларнинг тупроқда тарқалиши тупроқ типининг муҳим белгиси қисобланади.

Эргаш Зиямуҳамедов.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил