Чизма — қоғоз, калка (қора қоғоз), тахта, ер сирти ва бошқа га чизилган лойиҳа; махсус чизмачилик асбоблари (рейсфедер, сиркул, рейсмус, рейсшина, чизғич ва бошқалар) ёрдамида қалам, туш билан маълум қоидалар асосида чизилган график тасвир. Машиналар, механизмлар, бино ва иншоотлар, вертолёт ва самолётлар, ракета ва космик кемалар, радио ва телевизорлар, хуллас корхоналарда тайёрланадиган, қурилиш майдонларида қуриладиган нарсалар ва объектларнинг қисмларини тайёрлаш, бузилганда таъмирлаш (тузатиш), текшириш учун Ч.дан фойдаланилади. Машинасозликда қўлланадиган Ч. 3 турга бўлинади: туркумлаб ва кўплаб ишлаб чиқариш Ч.лари, якка тартибда ишлаб чиқариш Ч.лари ва таъмирлаш Члари. Ч.ларда тайёрланадиган, таъмирланадиган ва текшириладиган нарсаларнинг ўлчамлари, материали, вазифаси, аниқлик, тозалик синфлари ва бошқа маълумотлар кўрсатилади. Қурилишдаги Ч. умумий қўриниш Члари ва ишчи (қуриш) Ч.ларига бўлинади.