Белбоғ (чорси, қийиқ, қийиқча, белқарс) – белга боғланадиган тўртбурчак шаклдаги мато, миллий кийимнинг таркибий қисми. Туркий халқларда эркаклар кийими (тўн, яктак ва бошқалар) устидан белга боғланади, ба’зан икки ва ундан ортиқ белбоғ  боғлаб юриш одати бор. Гулли, гулсиз матолар (бўз, лас, шойи, атлас ва бошқалар) дан тайёрланиб, кашта билан безатилади.

Этимологияси

Белбоғ туркий сўз бўлиб, бел – одам танининг ўрта қисми, боғ  – боғланадиган нарса. Бу қўшма от қадимги туркий тилда белбағ бирикмасининг бир сўзга бирлашувидан юзага келган, кейинчалик эгалик қўшимчаси талаффуз этилмай қўйган[1].

Боғ компонентли бу хил қўшма сўзларга яна қоринбоғ, қўлбоғ, иштонбоғ, бўйинбоғ  сўзларини ҳам  келтириш мумкин.

Белбоғ ХИ аср тилида қур, қуршағ  сўзлари  билан ифодаланган. Қуршағ  – қуршамоқ (ўрамоқ) фе’лидан олинган бўлиб, "Девону луғатит турк"да бу сўз    (قرشاغ) қуршағ шаклида берилади ва белбоғ, боғ, ўрама тарзида изоҳланади. Мазкур сўз ўтов устидан айлантириб боғланадиган жияк, ўтов жияги, арқони каби ма’ноларда ҳам  ишлатилган[2].

ХИВ – ХВ  аср ва сўнгги давр манбаларида қур, белбоғ, пўта сўзлари учраб туради:

Белига зарришта қурин банд этиб,

Балки зарофат била такбанд этиб (А. Навоий) ёки Дайр пири хизматиғ а улки дер бел боғ ладим,

Чин дегай ул вақтким зуннор бўлғ ай белбоғи (А.Навоий)

А. Боровков қур сўзини белга боғланадиган белбоғ деб изоҳлаган. Қур, қуршоғ, белбоғ сўзларининг  тарихий ривожланиши юзасидан ўтказилган кузатишлар қур сўзи ўрнида кейинги асрларда белбоғ қўллана бошлаганини кўрсатади.

Белбоғ, қур, қуршоқ сўзлари ҳозирги замон туркий тил луғатлари ва ёзма манбаларида қуйидаги шаклларда учрайди: озарбайжон тилида – гуршаг, хакас тилида хур, қумиқ тилида белбоғ, нўғой тилида белбев, қирғиз тилида белбоо, қозоқ тилида белбеу, ўзбек тилининг қарлуқ-қипчоқ шеваларида белқарс. 

Ўзбек шеваларида: Қарши, Шаҳрисабзда – қарс, белқа(р)с, белбақ, қийиқ; Наманган, Уйчи шеваларида белбоғ , белвоғ ,чорси, қийиқча; Андижон, Фарғ онада белвоқ,// белвақ//белвағ , чорси, қийиқ; Вобкентда рўпакча, тожиклар билан аралаш яшовчи айрим ўзбеклар, масалан, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарёда миёнбанд, рўпакча деб юритилади.

Қийиқ номи белбоғ учун белгиланган газламани учма-уч келтириб буклаб, қийиб ясалиш хусусиятини ифодалайди ва у қиймоқ фе’лидан олинган. Бу ном Фарғона водийси, Тошкент ва унинг атрофида яшовчи ўзбеклар нутқида учрайди. Унинг кичкина тури қийиқча. Ба’зан икки белбоғли газламани ўртасидан бўлмай туриб тикадилар ва бундай шакл қўш қийиқ-қўша қийиқ дейилади. Қарс (белқарс) номи Самарқанд ва унинг атрофида яшовчи ўзбеклар тилига оиддир[3].

Қашқадарё воҳасининг айрим туманларида  белбоғ билан белқарснинг ма’лум фарқли жиҳатлари ҳам бўлган. Жумладан, Яккабоғ ва Деҳқонобод туманларида эркакларнинг белларига боғлайдиган оддий ва кашталанмаган мато бўлаги белбоғ деб, чиройли кашталар билан безатилган қимматбаҳо мато бўлаги эса белқарс деб номланади[4].

Тайёрланиши

Белбоғлар паранг, атлас, адрас, парча, бўз, чит, сатин, беқасам каби матоларнинг биридан 1/110 ўлчамда қирқиб олинади ва четлари букилади. Аввал матога тикиладиган кашта гулларининг чизмаси тайёрлаб олинади. Матонинг четиларидан 5 см атрофида жой қолдириб, бир томондан иккинчи томонга қаратиб кашта тикилади. Кашталар йўрма, суғ урма, кунгара кашталар усулида тикилади. Кунгара каштанинг ёлғон кунгара, чин кунгара турлари мавжуд. Ҳозирги кунда белбоғ  кашталарини попопда тикиш ҳам мавжуд.  

Қашқадарё воҳасида чит, сатин, бўз ва бошқа матолардан белбоғ тикилган. Чорвадор аҳоли орасида тери ва жундан тўқилган шол белбоғ, фўта белбоғ , матри белбоғ ҳам мавжуд бўлган[4].

Белбоғ  ва миллий удумлар

Белбоғ ўзбек миллий ан’аналари ва удумларида фаол қўлланадиган воситалардан саналади. Фанғона водийсида никоҳ тўйи маросимида куёвларга белбоғ боғлатиш ан’анаси мавжуд. Куёвга, одатда, камида 4 та белбоғ боғлатилади. Куёвга дастлаб оқ парчадан тикилган белбоғ  боғлатиш удуми бор.

Белбоғ  боғлаш қадимдан мавжуд бўлган, кишилар учун зеб, миллий урф-одат тусига айланган. Маросимларда, жумладан, тўйда куёвга тўн кийдириб бел боғланади. Эркаклар, аёллар ҳам яқин кишиларидан бири вафот этганда белбоғ боғлашади. Ёшлар безакли, рангдор белбоғ, қариялар эса оқ матодан тикилган сидирға белбоғ боғлайдилар. Белбоғ  асосий вазифасидан ташқари бошқа вазифаларни ҳам ўтаган: орасига майда-чуйда нарсалар солиб боғланган; узоқ сафарларда дастурхон ёки сочиқ вазифасини ўтаган, жойнамоз вазифасини ҳам бажарган[5].

Эркакларнинг белбоғ боғлаб юриши ўзига хос рамзий ма’нони ҳам англатган. Жумладан, бўйинга осилиб, учлари кўкракка туширилган белбоғ  ўзига хос ғам-қайғуни ва бу беҳаловат дунёдан воз кечишни англатган. Тошкент шаҳри ва Тошкент воҳасида белбоғ боғлаш азадорлик рамзи ҳисобланган. Қолаверса, қадимда белни боғлаш қандайдир хизматга, ҳаракатга тайёрликни ҳам билдирган. Жумладан, Болаликтепадаги деворий суратлардан бирида белини боғлаган эркак қандайдир маросимни ўтказаётгани тасвирланган.

Қашқадарё воҳасида мотам маросимида агар эркак киши вафот эца, тобут устига тўн ва белқарс ёпилган[4].

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил



Манбалар

  1. ↑ Ш. Раҳматуллаев. Ўзбек тилининг этимологик луғати (1-жилд). Университет, 2000 — 45-бет. 
  2. ↑ Маҳмуд Кошғарий. Девону луғатит турк — 432-бет. 
  3. ↑ Асомиддинова М. Кийим-кечак номлари луғати. Фан, 1981. 
  4. ↑ 4,0 4,1 4,2 Давлатова С. Қашқадарё миллий кийимлари: ан'анавийлик ва замонавийлик, 2006 — 58-59-бет. 
  5. ↑ Ўзбекистон Миллий энсиклопедияси, Тошкент, 2000.