Чорёрлар, Чаҳорёр (форсча чаҳор (‘тўрт’) ва ёр (‘дўст’) сўзларидан тузилган атама) — Муҳаммад вафотидан кейин араб халифалигида ҳокимият тепасида турган дастлабки 4 халифа (Абу Бакр, Умар, Усмон, Али). Бу халифаларни Чорёрлар деб аташ Эрон, Афғонистон ва О’рта Осиёдаги оддий диндорлар орасида расм бўлган. Чорёрлар араб тилидаги диний манбаларда „хулафо ар-рошидин“ („тўғри йўлдан борган халифалар“) номи билан тилга олинади. Чорёрлар халифаликни бошқариш ва кенгайтириш, қўшни ерларни фатҳ этиб ислом байроғи остида бирлаштиришга раҳнамолик қилган ҳукмдорлардир. Мусулмонлар Чорёрларни „пайғамбар ноиблари“ ҳисоблайдилар. Ислом анъанасида Чорёрлар ҳукмронлик даври исломнинг олтин асри деб юритилади. Бу давр 30 йил бўлган. Чорёрлар замонида Пайғамбар бошлаб берган футуҳотлар охирига етказилган, давлат қурилиши мукаммал бўлган, ислом етиб борган ўлкаларда барқарорлик ўрнатилган.