Ёввойи чучук мия

Чучукмия (Солодка обикновенная – Глйcйррҳиза глабра Л.) – дуккакдошлар оиласига мансуб ўсимлик.

Биологик морфологияси

Чучукмия (ширинмия, қизилмия) кўп йиллик ўсимликдир. Пояси тик ўсувчи, бўйи 50-200 см, шохланган ёки шохланмаган бўлиб, туклар билан қопланган. Барглари тоқ, пацимон, мураккаб. Ўсимликнинг илдиз системаси тараққий этган бўлиб, 5–6 м чуқурликкача боради. Гуллари икки жинсли, сариқ, майда, барг қўлтиғидан ўсиб чиққан, ярим соябон гул тўпламини ташкил қилади. Меваси 3-7 уруғли, пишганда очилмайдиган дуккак. Уруғи қаттиқ, майда силлиқ, мошранг.

Апрелнинг охиридан июнгача гуллайди, меваси асосан август-сентябр ойларида пишади.

Тарқалиши

Чучукмия, асосан, Европа ва Осиёда кенг тарқалган. Уни Европанинг жанубий-шарқий қисмида, Кавказда ва Ўрта Осиёда табиий ҳолатда кўриш мумкин. Ўзбекистоннинг Амударё, Сирдарё тўқайзорларидаги катта майдонларда ўсади.

Чучукмия тўқайзорлардан ташқари, дарё ёқалари, ариқ ва зовур бўйларида, шўр ва қумли ерларда, тоғ ён бағирларида, гоҳида экинзорлар орасида ҳам учраши мумкин.

Таркиби

Чучукмия таркибида глицириззин деб номланувчи тритерпен бирикмадан ташқари 27 та ҳар хил флавоноидлар (ликвиритин, ликвиритозид, ликвиритиненин ва бошқа), глюкоза, қанд, крахмал, систистерин, диоксистигмастерин, бироз эфир мойлари, аскорбин кислотаси, аспарагин ва бошқа моддалар бор. Шуни айтиш керакки, глицерризиннинг мазаси ёқимли, у қандга нисбатан 40 баробар ширинроқдир.

Халқ табобатида қўлланилиши

Абу Али ибн Сино чучукмия илдизи воситасида буйрак, қовуқ, меъда, ўпка касалликларини даволаган.

Халқ табобатида чучукмия илдизидан тайёрланадиган шарбат ва кукунлар терлатувчи, енгил сурги, нафас йўли шамоллаши билан боғлиқ бўлган касалликларда, балғам кўчирувчи, нафас қисишида ёрдам берувчи восита сифатида ишлатилади. Унинг илдизидан тайёрланган қайнатма сийдик ҳайдовчи, меъда ҳамда ўн икки бармоқли ичак жароҳатини даволовчи хусусиятга эга. Илдизининг қайнатмаси қўзиқориндан захарланганда ичилади. Шифокорларнинг фикрича, чучукмия организмни ёшартирувчи хусусиятга эга. У бронхиал астма, меъда яраси касалликларни даволашда ижобий таъсир кўрсатади. Илдизининг шарбати тинчлантирувчи ҳамда оғриқ қолдирувчи хусусиятга эга.

Уй шароитида чучукмиядан дори-дармон тайёрлаш учун 16 гр майдаланган илдизи олиниб, 1 стакан сувга солинади ва 10 дақиқа давомида қайнатилади, 1 соат давомида тиндирилиб қўйилгач сузилади. Кунига 1 ош қошиқдан 4-5 маҳал истеъмол қилинади. Мазкур қайнатма юқорида кўрсатиб ўтилган хасталикларга даво бўлади. Ёки 40 гр чучукмия илдизи кукуни 80 гр турп, 300 гр асал билан аралаштириб ҳалим ҳолига келтирилади ва икки ҳафта давомида истеъмол қилинади.

Фармасевтикада қўлланилиши

Илмий изланишлар чучукмия таркибидаги глициррозин кислотаси ўзининг тузилиши бўйича инсон буйрак усти безларида етиштирадиган гормон – кортизонга ўхшашлигини кўрсатди. Клиник текширувларда шу нарса аён бўлдики, глицерризин кортизон сингари касалликларда сув-туз мутаносиблигини меъёрлаштиради, шамоллашдан муҳофаза қилади, аллергияни даволайди.

Илмий тиббиёт амалиётида чучукмия илдизи асосида тайёрланадиган қуюқ ва қуруқ экстрактлар, илдиз кукуни, шарбати, дамламалар шамоллаш билан боғлиқ бўлган касалликларда балғам кўчирувчи, енгил сурги, тери касалликларини даволовчи дори сифатида фойдаланилади. Чучукмиядан олинадиган кўкрак элексири („Грудной элексир“) балғам кўчирувчи восита сифатида тавсия қилинади.

Чучукмиядан тайёрланган препаратлар юрак фаолияти яхши бўлмаганда, гипертония ҳамда ҳомиладорликда тавсия этилмайди.

Саноат ва қишлоқ хўжалигида қўлланилиши

Чучукмиядан саноат миқёсида туш, гутамин ҳамда кўнчилик корхоналари учун қимматбаҳо бўёқлар олинади. Ҳозирда чучукмия жаҳон бозорида жуда қадрланадиган хом ашё ҳисобланиб, уни етказиб берадиган асосий хўжаликлар Ўрта Осиё республикалари, жумладан, Қозоғистондир. Мамлакатимизда эса Амударё қайир ерларида шифобахш чучукмия етиштиришга ихтисослашган хўжаликлар ташкил этилган. Шунингдек Қорақалпоғистон, Сурхондарё вилоятида ҳам чучукмия ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд.

Чучукмия чорва моллари учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Чунки унинг таркибида оқсил, клетчатка, провитамин А ва бошқа фойдали моддалар бор. Ундан озиқ-овқат саноатида турли хил таъмли шарбатлар, ликёрлар, ширинликлар тайёрланади.

Яна қаранг

Адабиётлар

  • Шифобахш неъматлар М.Набиев, В.Шалнев, А. Иброҳимов Тошкент – „Меҳнат“ – 1989

Ҳаволалар