Konfutsiy
Конфуций (хитойча 孔子, Мил. ав. 551—479-йил) — Хитой файласуфи, конфуцийчилик асосчиси ва сиёсий арбоб бўлган. Унинг сабоқлари ва файласуфлиги Хитой, Корея, Япония ва Ветнам халқларининг ўй-фикри ва ҳаётига чуқур таъсир кўрсатган.
| Конфуций | |
|---|---|
![]() |
Таржимаи ҳоли
Конфуций милоддан аввалги 551-йил 28-сентябрда камбағаллашиб қолган зодагон ва ҳарбийлар оиласида таваллуд топган[1][2][3]. Конфуций зодагон Кун оиласининг авлодидан эди. Унинг насл-насаби Чжоу сулоласи императори Чен-ваннинг содиқ издоши Вей-Цзуга бориб тақалади, унга содиқлиги ва жасорати учун Чжоу Хоу унвони ва Сонг мероси (шоҳлиги) берилган. Бироқ авлодлар ўтиши билан Конфуцийлар оиласи ўзининг аввалги таъсирини йўқотиб, қашшоқлашди. Унинг аждодларидан бири Му Жингфу исмли бир она ўз князлигидан бегона юртга қочиб, Лу қироллигида яшаб қолишга мажбур бўлди[4]. Кичкина оила қашшоқликда яшагани учун Конфуций болалигиданоқ қаттиқ меҳнат қилди. Бироқ, унинг онаси Ян Зҳенгзаи аждодларига ибодат қилиб (бу Хитойда ҳамма жойда мавжуд бўлган аждодлар урф-одатларга эга бўлган диний тизимининг зарурий қисми эди) ўғлига отаси ва аждодларининг буюк ишлари ҳақида гапириб берарди. Шундай қилиб, Конфуций ўз аждодига муносиб авлод бўлиши зарурлигини янада чуқурроқ англаб етди, шунинг учун у ўзини ўзи тарбиялашга, биринчи навбатда, ўша даврда Хитойдаги ҳар бир аристократга зарур бўлган санъатни ўрганишга киришди. Кучли машғулотлар ўз самарасини берди ва Конфуций дастлаб Лу қироллигининг Жи уруғига (Шарқий Хитой, замонавий Шандун вилояти) омбор мудири (дон қабул қилиш ва бериш учун мас’ул мансабдор шахс), сўнгра чорвачиликка мас’ул амалдор этиб тайинланди[5].
22 ёшида таълим бериш билан шуғулланиб, Хитойнинг энг машҳур ўқитувчиси сифатида шуҳрат қозонди. Конфуций ўзи очган мактабида 4 та фан: ахлоқ, тил, сиёсат ва адабиёт ўқитилган. Конфуций 50 ёшида сиёсий фаолиятини бошлаб, Лу давлатида юқори амалдори бўлиб хизмат қилади. Фитналар натижасида хизмат фаолиятидан кетади, 13 йил мобайнида Хитойнинг турли ўлкаларига боради, бироқ у жойларда ўз ғояларини қўллай олмагач, милоддан аввалги 484-йилда Луга қайтиб келади. Таълим беришдан ташқари қадимий Хитойнинг 5 та мумтоз асари — „Шудзин“, „Шидзин“, „Идзин“, „Юэдзин“ ва „Лидзи“ларни тўплаш, таҳрир қилиш, тарқатиш билан шуғулланади. Конфуций таълимоти унинг „Лун юй“ („Суҳбатлар ва мулоҳазалар“) китобида баён этилган. Бу китоб аслида Конфуцийнинг фикрлари, суҳбатлари асосида шогирдлари ва издошлари томонидан яратилган. Конфуций ўзи, авлодлари ва яқин шогирдлари учун алоҳида ажратилган қабристонга дафн этилган. Унинг уйи Конфуций ибодатхонасига айлантирилган, бу жой зиёратгоҳ бўлиб қолган[6].
Хитойдаги илм-фан тараққиётида Конфуций ва унинг мактаби алоҳида аҳамиятга эга. Унинг Хитой фалсафаси тарихида тутган ўрнини Суқротнинг юнон фалсафаси тарихидаги ўрнигагина қиёслаш мумкин. Унинг бутун дунёда машҳур бўлган номи „кун“ ва „фуцзи“ сўзлари асосида ясалган „Кун“ ҳозирги вақтда фамилияни англатувчи сўз бўлса, „фу“ файласуф, „сзи“ ўқитувчи маъноларини ифодаловчи сўзлардир. Яъни Конфуций „фалсафа ўқитувчиси“ деган сўзларнинг фамилия мақомини олган шаклидир. Конфуций яшаган даврдан „Тўрт асос“ ва „Беш асос“ деган улкан ёзма ёдгорликлар сақланиб қолган. „Беш асос“ Конфуцийга қадар яратилган „Қўшиқлар китоби“, „Таомиллар китоби“ („Маросимлар китоби“), „Ривоятлар китоби“ ва „Фолбинлик китоби“ („ўзгаришлар китоби“) сингари қисмлардан иборат бўлган. Лекин бу китобларнинг барчаси конфуцийлик таълимоти асосида қайта ишланган ва Конфуций таълимотининг моҳиятини очишга хизмат қилиб келган. „Тўрт асос“ эса Конфуций „Ҳикматлар“ асаридан ташқари, „Мензи“ („Мен-муаллим“), „Буюк таълимот“ ва „Оралиқ ҳақидаги таълимот“ сингари Конфуций шогирдларининг ҳикматли сўзларидан ташкил топган. Конфуций таълимоти марказида „Мурувватли зот“ туради. У ҳукмрон табақанинг идеал вакили бўлиб, Конфуций таълимоти ёрдамида ўзида жамият фаровонлигини таъминлайдиган ва маънавий асосларини ифодалай оладиган олийжаноб фазилатларни ўзида шакллантирган. Конфуцийнинг „Ҳикматлар“ асари „Мурувватли зот“нинг шундай юксак инсоний фазилатларини акс эттиради. Аниқроқ, бу зот олий ҳукмдорга нисбатан чуқур эҳтиромли, халққа эса мурувватли бўлувчи, бутун куч ва қобилиятини жамият олдидаги бурчини оқлашга, миллий урф-одат ва анъаналарнинг тўла-тўкис бажарилишини таъминлашга сарф этувчи кишидир. Шунинг учун ҳам унинг ўгитлари, панд-у насиҳатлари Хитойда ҳанузга қадар эъзозланиб ва қадрланиб келади.
Манбалар
- ↑ Ҳуанг 2013, с. 3.
- ↑ Cреэл 1949, с. 25.
- ↑ Раиней 2010, с. 16.
- ↑ Переломов Л.С. Конфуций 1993.
- ↑ Дубс 1946, с. 275–276.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Ҳаволалар
- Конфуций. Хитой фалсафаси (рус.)
- 23 тилдаги Конфуций асарлари (Cонфуcиус Публишинг Cо. Лтд.) (ингл.)
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
