Boʻr davri
Бўр системаси (даври) — Ер тарихи мезозой эрасининг учинчи (охирги) даври; юрадан кейинги ва кайнозой группасининг палеоген системасидан олдинги даврни ўз ичига олади. Бўр системаси (давр) юқори бўлими ётқизиқларида кенг тарқалган оқбўр номи билан аталган. Радиологик методлар натижасига кўра 140 миллион йил аввал бошланган ва 76 миллион йилча, палеоген давригача давом этган (қаранг Геохронология). 1822-йил белгиялик геолог Ж. Омалиус дъАллуа биринчи бўлиб Бўр системаси (давр) ни мустақил система сифатида ажратган. Бўр системаси (давр) ни халқаро стратиграфик жадвалга киритилган бўлинмалари биринчи марта Франсия ва унга қўшни Швейсария ва Нидерландия ҳудудларида ажратилган. Франсия стратиграфлари ва палеонтологлари А. дъОрбини, Э. Дезор, А. Кокан, Э. Реневе, белгиялик геолог А. Дюман ва бошқалар Бўр системаси (давр) ни ҳозирги давргача деярли ўзгаришсиз сақланиб келаётган ярусли бўлинишини ишлаб чиқдилар. 1885-йилги Халқаро геологик конгресс қарори билан яруслар 2 бўлимга (қуйи ва юқори) гуруҳланган (жадвалга қ.). „Сенон“ ва „Неоком“ терминлари собиқ Иттифоқ схемаларида қуйи ва юқори бўлимлардаги бир неча ярусларни бирлаштирган катта яруслар учун ишлатилган. Жанубий Ўзбекистон ва Фарғона водийсидаги бўр ётқизиқларини О. С Вялов, О. М. Акрамхўжаев, С. Н. Симонов ва бошқа мукаммал ўрганиб маҳаллий свиталарга ажратдилар. Масалан, О. М. Акрамхўжаев Фарғона водийси бўр ётқизиқларининг юқори бўлимида Чанғиртош, Устридали, Қамчи, Қизил Пилол свиталарини ва қуйи бўр бўлимидан Лоғон, Мўён свиталарини ажратди. Бўр системаси (давр) нинг биринчи ярмида ҳамма платформалар қуруқлик бўлган ва континентал жинслар, геосинклиналларда денгиз чўкинди жинслари тўпланган. Сезиларли чўкишлар бўлмаган. Бўр системаси (давр) иккинчи ярмидан бошлаб охиригача жуда катта ва узлуксиз чўкишлар содир бўдди. Натижада Ер тарихида энг катта денгиз трансгрессияси вужудга келган. Шарқий Европа, Шим. Америка, Африка ва Австралия платформаларининг кенг майдонлари сув остида қолади. Бўр системаси (давр) охирига келиб тектоник ҳаракатларнинг фаоллашиши натижасида денгиз ва сув ҳавзалари майдони қисқарган. Ер пустила бурмаланишни келтириб чиқарувчи ҳаракатлар асосан Тинч океанни ўраб турувчи геосинклинал минтақада рўй беради. Бўр системаси (давр) ўрталарида Шарқий Осиёда Верхоян — Чукотка ўлкасидан то Ҳиндихитойгача бурмаланиш жараёни тугайди. Бўр системаси (давр) охирига келиб Америкада бўлиб ўтган тектоник ҳаракатлар Анд тоғларининг шарқий ярмини ва бурмаланган Қояли тоғлар ўлкаларини ҳосил қилган. Бу еда йирик ер ёриқлари ҳосил бўлди. Бўр системаси (давр) нинг иккинчи ярмида вулкан жараёнларининг фаоллашиши кузатилади. Ҳиндистон ярим оролида жуда кўп лавалар оқиб чиқиб трапп қопламлари, Шим. Шарқий Осиёда нордон ва ўрта асосли лавалар, Жанубий Америкада муттасил отилиб турган вулканлар, Африка ёриклари бўйлаб жуда кўп дайка ва штоклар таркиб топади. Бўр ётқизиқлари Шим. ва Жанубий ярим шарларнинг ҳамма қитъаларида тарқалган. Бурғилаш орқали денгиз тубидаги ёш қопламлар тагидан ҳам топилган. Бўр системаси (давр) жинслари Шарқий Европа платформасида ва Карпат, Қрим, Кавказ тоғли вилоятларида, Сибир платформасида ва бошқа жойларда кенг тарқалган. Ўрта Осиёда Бўр системаси (давр) юқори бўлими жинслари жуда кўп учрайди. Қуйи Б.еда денгиз чўкиндиларидан қумалевритгилли қатламлар кўп бўлиб, айрим жойларда қалин оҳактош қатламлари ҳосил бўлган. Юқори Бўр системаси (давр) айрим регионларда карбонатли чўкинди уюмлари, айниқса ёзув бўри, бўрсимон оҳактошлар ва мергеллар кўп тўпланади. Арид иқлимли ўлкаларда қизил ранг гйпели, тузли қатламлар, нам гумид иқлимда чучук сув кўлделта ва кўмирли қатламлар тўпланган. Бўр системаси (давр) нинг органик дунёси хилма-хил. Умуртқасиз ҳайвонлардан аммонитлар ва белемнитлар кенг кўламда ривожланди; шунингдек рудистлар, иноцерамлар ва бошқа яшаган. Фораминифералар ичида пелагик ва денгиз тубида яшайдиган йирик шакллари пайдо бўлади. Умуртқалилардан баҳайбат рептилиялар кўпчиликни ташкил қилади. Шунингдек, суякдор балиқлар, тишли қушлар яшайди. Ихтиозаврлар (қуйи бўр охиригача) ва плезиозаврлар яшашни давом этади. Юқори Бўр системаси (давр) денгиз калтакесакларидан уз. 12 м га етадиган мезозаврлар пайдо бўлади. Бўр системаси (давр) охирига келиб кўпчилик рептилиялар, аммонитлар, белемнитлар, иноцерамлар, рудистлар, динозаврлар, плезиозаврлар ва бошқа қирилиб кетади. Бўр системаси (давр) ўсимлик дунёси юра давридагилар каби бўлиб, асосан очиқ уруғлилар ва папоротниксимонлар ўсган. Неокомда биринчи марта ёпиқ уруғлилар пайдо бўлиб, алб вақтига келиб купайиб кетди ва давр охирига келиб катта майдонни эгаллади; шунинг билан бирга ўсимлик дунёсининг ривожланишида янги кайнофит босқичи бошланди.
Бўр системаси (давр) ётқизиқлари билан тошкўмир, қўнғир кўмир, туз, чўкинди темир рудаси, оҳактош, бур, нефт, газ, боксит, семент материаллари, олтин, кумуш, қалай, қўрғошин, симоб ва бошқаларнинг йирик конлари боғлиқ. Гипс (Марказий Осиёда), фосфорит, кумир (Сибир ва Узоқ Шарқда), боксит (Урал, Қозоғистонда), нефт, газ, трепелл, фосфорит, боксит (Украинада), нефт ва газ конлари, минерал сувлар, оҳактош, гипс, фосфорит, безак тошлар, кизил ранг типли қумтошлар ва бошқа (Ўзбекистонда) бор. Шаркий Осиё ва бурмаланган Кордилера вилоятларида Бўр системаси (давр) ётқизиқларида олтин, кумуш, қалай, қўрғошин, симоб ва бошқа конлар топилган.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |