Даъво муддати – шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддат. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодексига кўра, умумий даъво муддати 3 йил қилиб белгиланган. Айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган даъво муддати белгиланиши мумкин. Даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас. Бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддати ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул этилади ва ушбу муддат суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунига қадар берган аризасига мувофиқ қўлланади. Қонунда даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар ҳам кўзда тутилган, улар сирасига қуйидагилар киради: шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талаблар; омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банк олдига қўядиган талаблари; фуқаронинг ҳаётига ёки соглиғига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талаблар; жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талаблар; мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни бартараф этиш ҳақидаги талаблари; мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ва бошқа қимматбаҳо объектларни қайтариб бериш ҳақидаги талаблар; қонунда белгиланган ҳоллардаги бошқа талаблар. Даъво муддати билан боғлиқ қонун-қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил