Далил – суд ишларида исботланиши лозим бўлган ҳолатларни тасдиқлайдиган ёки инкор этадиган турли фактик маълумотлар. Д. судда ҳақиқатни аниқлаб, одилона қарорга келиш учун ягона асосдир. Ўзбекистон Республикасида Д. фуқаролик, хўжалик, маъмурий ва жиноят ишларини юритишга оид қонунлар билан белгиланган тартибда тўпланиши, текширилиши ва баҳоланиши шарт. Д. фуқаролик ишларида тортишувчи тарафларнинг талаб ва эътирозларини асослашга, жиноят ишларида жиноий воқеа юз бергани, уни содир этган шахс кимлиги, жиноят мақсади, айблилик даражаси, етказилган зарарнинг миқдори тўла ва аниқ белгиланишига хизмат қилади. Далилларни фақат ваколатли давлат органлари ва мансабдор шахслар тўплайди. Тергов ва суд иштирокчилари Д. тақдим этиши, уларни ишга қўшиш ҳақида илтимос қилиши мумкин. Д. сифатида даъвогар ва жавобгарнинг судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, турли ҳужжатлар, ашёвий далиллар ва эксперт хулосаларидан фойдаланилади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил